Саудия Арабистони нефт қазиб олиш ҳажмини 26 фоизга оширади
Жаҳондаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Saudi Aramco апрелдан суткасига 12,3 млн баррелгача нефт қазиб олади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Бу ОПЕК ва ОПЕК+ аъзолари ўртасида тузилган битимда кўрсатилган ҳажмга нисбатан 26 фоизга кўпдир. Битимга кўра, Saudi Aramco 2020 йилнинг биринчи чорагида суткасига 9,7 млн баррел нефт қазиб олиш мажбуриятини олганди.
1 апрелдан ОПЕК+ битими бекор бўлади, чунки Россия 6 март куни Венада бўлиб ўтган учрашувда нефть қазиб олишни қўшимча қисқартиришга рози бўлмади.
Душанба куни Brent нефти нархи 20 фоиздан ортиқроққа тушиб кетди ва бу жаҳон биржаларига салбий таъсир қилди.
Нефт нархининг пасайиши ортидан Россия рублининг АҚШ доллари ва еврога нисбатан қиймати кескин тушиб кетди.
Изоҳ: АҚШ СССРни парчалаб ташлаш учун қуролланиш пойгасини бошлаб, уни “совуқ уруш”га тортган ва 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида нефт нархини сунъий равишда паст даражада ушлаб турган эди. АҚШ Россияни янада ҳолдан тойдириш учун яна ўша эски сценарийни ишга солаётганга ўхшайди. Маълумки, Россия иқтисоди асосан нефт савдосидан келадиган даромадга қараб қолган, нефт нархи эса жаҳон бозорида яна сунъий пастлатиб борилмоқда. Американинг бу режасини амалга оширишда тарихда бўлгани каби яна Саудия Арабистони муҳим рол ўйнаб берадиган кўринади.
2014 йилнинг март ойида АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейганнинг ўғли Майкл Рональд Рейган ўша вақтдаги президент Барак Обамага мактуб орқали мурожаат қилиб, унга ўзининг отаси 20 асрнинг 80 йилларида Саудия Арабистонига боргани ва жаҳон бозорида нефт нархини туширишни талаб қилганини эслатиб ўтди. Кичик Рейган Путинга қарши ҳам шундай стратегия қўллашни таклиф қилиб, “Агар бизнинг президент Россияни ҳақиқатдан ҳам Украинадан узоқлаштиришни жиддий хоҳлаётган бўлса, янги советлар империяси вужудга келмай туриб ўз ҳаракатларини обдон ўйлаб кўриши ва Рейгандан ўрнак олиши керак бўлади. У “она Россияни” иқтисодий бўғиб ташлаши керак, токи у ерда яшаётган одамлар ўзларига ички кийим сотиб олишга ҳам қодир бўлмасинлар”, – деган эди. АҚШ Россиянинг ҳозирги ҳолатидан ҳам рози эмас. У имкон қадар Россияни яна қайта Ельсин давридагидек заиф ва қарздор давлатга айлантириш ҳаракатида бўлмоқда.
Абдураҳмон Одилов