Логистика маркази қурилмайдиган бўлди
17-феврал куни Ат-Башида логистка марказини қуриш тўғрисидаги шартнома бекор қилинди.
Бу ҳақда“Норин” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Артур Байтереков маълум қилди.
“Ат-Баши қирғиз-хитой эркин савдо зонаси” компаниясининг Индустриал-савдо-логистика марказини қуриш бўйича лойиҳани ёпиш тўғрисидаги қарорга мувофиқ, майдони 200 гектар ерни 49 йилга ижарага бериш битими бекор қилинди. Айни вақтда биз бунга қадар қишлоқ хўжалиги зарарларини қоплаш мақсадида инвестор тўлаган 43 миллон сомдан ошиқ маблағни қайтариш бўйича ҳукуматга хат тайёрлапмиз”, – деди Артур Байтереков.
17-февралда шу каби хабарни “Ат-Баши қирғиз-хитой эркин савдо зонаси” ишхонаси ҳам эълон қилди. Хабарда айтилишича, ишхона Ат-Башидаги индустриал-савдо-логистика маркази қурилишига 280 миллион доллар сарфлаш мўлжалланганди. Бу маблағ компаниянинг хусусий ресурсидан ажратилиб, бунда қирғиз ҳукуматининг ҳеч қандай кафиллиги бўлган эмас. Барча хатарларни компания ўз зиммасига олган.
Изоҳ: Ат-Башида савдо логистика маркази қурилиши, шу мақсадда 200 гектар ерни 49 йилга ижарага берилиши отбошилкларнинг кескин қаршилига ва норозилигига сабаб бўлди. Туман аҳолиси марказ қурилишини бекор қилиш талаби билан бир неча бор митинг ўтказишди. Одамларни тинчитиш илинжида расмий ҳукумат бир қатор ҳаракат қилди, тинч намойишда иштирок этган ва сўзга чиққанларни қўрқитиб ҳам кўрди. Ҳатто бош вазир Муҳаммедалий Абилгазиев норози намойишчиларни “ҳар ойда 150 миллион сом сизларга қолдирилади” деб авраб ҳам кўрмоқчи бўлди. Аммо намойишчилар ўз талабларидан воз кечишмади. 17-феврал куни бўлиб ўтган сўнги митингда намойишчилар ҳукуматга бир қатор талаблар қўйишди. Улар жумладан:
– Ҳукуматнинг Отбоши тумани Ак-Талаа қишлоғи ҳудудига қарашли 200 гектар ерни “Норин” эркин иқтисодий зонасига (ЭИЗ) ижарага бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинсин.
– “Норин” ЭИЗси билан “Нур-Строй” компанияси ўртасидаги шарнома яроқсиз деб топилсин.
– Отбоши тумани ҳудудида шу каби ишларни амалга ошириш ва конларни фойдаланишга бериш масаласи халқ йиғинларида хал қилинсин.
– Халқ билан ҳисоблашмай, ўзбошимчалик билан буйруқ чиқарган Отбоши тумани Ак-Талаа қишлоқ йиғини раиси Канатбек Стамакуновга жиддий огоҳлантириш берилсин.
– Халқ йиғинларида чиқиб сўзлаган фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таъқиб қилмасин. Уларнинг оила аъзолари, аёллари ва фарзандларини қўрқитиш тўхтатилсин.
“Ҳукуматни, агар ушбу талаблар икки ҳафта ичида бажарилмаса, кескин чораларга ўтишимиз ҳақида огоҳлантирамиз”, – дейилганди ҳукуматга йўлланган талабда.
Маҳаллий аҳолининг ўз қарорида қатъий туриши ҳукуматни ортга чекинишга мажбур қилди. Аммо бу чалғитувчи қадам бўлиб, одамларни хитой компанияларига қарши бўлган нафрати бир оз сўниши билан бу лойиҳани яна қайта амалга оширишга киришиши мумкин.
Абдураҳмон Одилов