Уранни қайта ишлаш ва ташиш тақиқланди

641
0

Уранни қайта ишлаш ва ташиш тақиқланди

 Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда уранни қайта ишлаш ва бойитишни тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

 Президент аппарати берган маълумотларга кўра, ушбу қонунаҳолининг саломатлиги ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш, шунингдек радиацион хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Қонунда мамлакат ҳудудида уран конларини қидириш, ушбу моддаларни қайта ишлаш ва хом ашё ва чиқиндиларини олиб ўтиш таъқиқлангани қайд этилган.

 Маълумки, жорий йилнинг март-апрел ойларида “ЮрАзия” компанияси томонидан Иссиқ кўл атрофида уранни қайта ишлаш ҳаракатларини олиб боришига қарши митинглар бўлиб ўтган эди. Ижтимоий тармоқлар орқали 20 мингдан ортиқ имзолар йиғилиб, петиция имзоланган.

 Изоҳ: Ўз вақтида СССР Қирғизистондан уран чиқиндилари сақланадиган омбор сифатида фойдаланган эди. Қирғизистон Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, Қирғизистонда умумий ҳисобда токсик ва радиоактив моддалар кўмилган 92 та жой бор. Шундан 36 та пункт Майлуу-Сууда жойлашган. Шу билан бирга 23 та чиқиндихонада уран элементлари мавжуд, қолган жойларга эса тоғ жинсларининг радиоактив қолдиқлари, оғир металлар ва цианид кўмилган. Заҳарли ва хавфли маҳсулотларнинг умумий ҳажми 2,9 миллион кубометрни ташкил қилади. Энг ачинарли шундаки, бу омборларнинг аксари оқар сувлар яқинида жойлашган бўлиб, СССР парчаланиб кетганидан сўнг бу омборлар деярли қаровсиз қолиб кетган.

 Бу камлик қилганидек, жорий йил бошида қирғиз ҳукумати Россия компаниялари билан янги уран конларини қазиш бўйича шартнома имзолади. Аммо халқнинг кескин қаршилиги сабабли бу иш вақтинча тўхтаб қолди ва ҳукумат уран конларини тадқиқ қилиш ва қазишни тақиқловчи қонун қабул қилишга мажбур бўлди. Бироқ, Россия бир оз вақт ўтиб ҳукуматга босим ўтказадиган бўлса, депутатлар яна қайта уранни қазиб олишга рухсат берувчи қонунни тасдиқлаб беришади. Чунки, бу соҳада Россия-Қирғизистон ўртасида давлат даражасидаги битимлар бор. Агар булар амалга ошмаса Қирғизистон жарималар ботқоғига ботади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here