Қирғизистонда Батукаевнинг иши нима учун қайта кўтарила бошлади?

0
654

Қирғизистонда Батукаевнинг иши нима учун қайта кўтарила бошлади?

2013 йилда Қирғизистон турмасидан озод қилиниб, аэропортдан тантанали олиб чиқиб кетилган Азиз Батукаевнинг иши қайта кўтарилишининг асосий сабаби нимада?

2013 йили Қирғизистонда деярли президент диктатураси ўрнашиб бораётган ҳолатда эди. Яъни бу давр собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўз кланини ҳокимиятга ўрнаштириб олган ва ҳар бир иш унинг назорати ва буйруғи остида амалга оширилган бир пайтга тўғри келади. Демак Батукаев президентнинг шахсий буйруғи билан турмадан чиқариб юборилгани эҳтимоли деярли аниқ. Буни барча сиёсатчилар ва сиёсий элита жуда яхши билади. Масаланинг сиёсий нуқтаси – бу иш орадан олти йил ўтиб қандай мақсадда қайта кўтарилаётганидадир.

Шу кунда Атамбаев сиёсий фаолиятини тўхтатиб, ҚСДП партияси етакчилигини топширди. Жиянбековлар бошчилигидаги етакчи гуруҳ энди Атамбаевга нисбатан қувғинни тўхтатишармикин? Чунки янги қонун бўйича собиқ президентларнинг сиёсий дахлсизлиги фақат сиёсий фаолият олиб боришсагина ўз кучини йўқотиши белгиланган.

Батукаев масаласи Қирғизистоннинг ички ишига алоқадор жиноий ечим бўлишига қарамай, аслида у халқаро сиёсатга алоқадор иш бўлган. Бу ишнинг буюртмачилари Владимир Путин орқали Рамзан Қодировга бориб тақалади. Аксинча бундай халқаро жиноий амалиёт хамирдан қил суғургандек осон амалга оширилиши деярли мумкин эмас! Шунинг учун Батукаев устида бораётган тергов жараёни адолатли якун топиши мумкин эмас!

Демак, Батукаев иши Қирғиз етакчи гуруҳлари (позиция, аппозиция) ўртасида сиёсий кураш қуроли сифатида ишлатилмоқда. Тўғрироғи ҳокимият ўзини мухолиф кучлар етакчиси деб эълон қилган Атамбаевга қарши қўлидаги салтанат қувватини ишга солиб, уни сиёсий ҳаётдан суриб чиқармоқчи. Балки озодликдан маҳрум қилишга ҳам журъат қилиши мумкин. Лекин иш Атамбаевга босим ўтказган Путинга етиб бормаслиги учун, менимча иш шу ерда, яъни бир қатор жиноят ижрочиларининг қамалиши билан якун топади. Атамбаев бор ҳақиқатни очиб юборса, Ғарб олами Батукаев ишини халқаро сиёсий майдонда Путинга қарши оламий матбуот курашига айлантириб юбориши мумкин. Шунинг учун бу иш Атамбаевда ёки ундан қуйи турган ижрочи гуруҳ вакилларида тўхтатилиши учун, қандайдир қалбаки сценарий ўйлаб топилиши кутиляпти.

Абдураззоқ Мўмин

NO COMMENTS