Дональд Туск Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилади
Европа кенгаши раиси Дональд Туск жорий йилнинг 29 майидан 2 июнига қадар Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилади. Жумладан Туск 31 май куни маҳаллий вақт билан соат 18:00да Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлади. Бу ҳақда Европа иттифоқи кенгаши расмий сайтида хабар берилди.
Шунингдек, Туск дастлаб 30 май куни Душанбеда Имомали Раҳмон билан учрашади.
Кейинги кун режасида эса Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев, куннинг иккинчи ярмида эса биринчи президент Нурсултон Назарбоев билан учрашув белгиланган. Шундан сўнг Туск Ўзбекистонга йўл олади.
“Европа Иттифоқи янги “Евроиттифоқ – Марказий Осиё” стратегиясини эълон қилди. Тускнинг сафари Иттифоқнинг минтақа ва алоҳида мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир ифодасидир. Икки томонлама ҳамкорликдан ташқари, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чегара масалалари, шунингдек минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам кун тартибида бўлади”,- дейилади хабарда.