بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Саволга жавоб
Судандаги норозилик намойишлари – ундаги ижобий ва салбий жиҳатлар
Савол:
Икки ой муқаддам бошланган норозилик намойишлари шу кунгача тўхтовсиз давом этмоқда. Бу намойишлар оғир иқтисодий вазият натижасида ўз-ўзидан, табиий келиб чиқдими? Ёки намойишларга АҚШ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жон Салливаннинг 2017 йил Хартумга сафар қилиши ортидан Хартум-Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг таранглашиши сабаб бўлдими? Салливан Судан билан олиб борган музокараларида Умар Баширнинг 2020 йилги сайловларда қайта номзодини қўймаслиги масаласи ҳам кўтарилганини айтди. Бундан Баширнинг асаби бузилди ва Америкага ўчакишиб, Россияга сафар қилди, Россиянинг Суданга ҳарбий база очишига рози бўлди. Бу Американинг Баширни ўзгартиришга қарор қилганини ва шу боисдан Суданни иқтисодий жиҳатдан бўғиб, ўз малайларининг, хусусан, Саудиянинг Суданга ёрдам кўрсатишига тақиқ қўйганини англатадими? Кейин, Содиқ Маҳдий намойишларни қўллаб-қувватламоқда. Бундан айни ишда инглизларнинг қўли бор, деб тушуниш мумкинми? Узр, саволим чўзилиб кетди. Аллоҳ ажрингизни берсин.
Жавоб:
Жавоб ёрқин бўлиши учун қуйидагиларни баён қиламиз:
- Ҳа, АҚШ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жон Салливан 2017 йил 16 ноябрда Суданга сафар қилди. У сафари давомида Судан ташқи ишлар вазири, молия вазири, Қуролли кучлар қўшма штаби бошлиғи, ички ишлар, хавфсизлик хизмати, миллий разведка вакиллари, Суданнинг АҚШдаги элчиси вазифасини бажарувчи, шунингдек, бир неча диний етакчилар билан ёпиқ эшик ортида учрашув ўтказди. Кейин Қуръони Карим университетига қарашли Шаҳид залида маъруза қилиб, Американинг Судандаги сиёсати ҳақида гапирди. «Судан таймс сайтида тарқатилган маълумотга кўра, Америка мулозими айни учрашувда Судан ҳукуматидан юрт қонунларидан бир нечтасини, асосан, диндан муртад бўлган шахсга ўлим жазосини бериш айтилган қонунни қайта кўриб чиқиш ёки уларга ўзгартиш киритиш ёхуд бекор қилишни талаб қилди. Шунингдек, жамоат тартиб-интизомига оид қонундаги махсус формага оид моддани бекор қилишга чақирди. Бу моддада очиқ-сочиқ кийимлар кийган аёлларга дарралаш жазосини қўллаш айтилган. Шу билан бирга, Салливан Суданнинг янги конституциясини тузаётган пайтда барчанинг диний эркинлик ҳуқуқларига риоя қилишга ҳам даъват қилди». (Судан Трибуна нет, 2017 йил 18 ноябр).
- Тўғри, баъзи хабарларда Салливаннинг Баширдан 2020 йилги сайловларга ўз номзодини қўймасликни талаб қилгани ва Баширнинг бунга рози бўлмагани, кейин ўртадаги муносабатлар таранглашгани… айтилди. Бироқ Башир бунга рози бўлмади, деган гап нотўғри. Чунки Башир хўжайини Америка таълимотларига қарши чиқа олмайди ва то Америка истамагунича номзодини қўймайди. Фаразан, Башир Америка таълимотларига рози бўлмади ва қаттиқ туриб 2020 йил сайловларига ўз номзодини қўйди ҳам дейлик. Бундай қиладиган бўлса, Америка албатта унга қарши инқилоб қилади ва 1989 йил 30 июн инқилобида уни тахтга қандай олиб чиққан бўлса, яна шундай қулатади. Шундай бўлса-да, ижтимоий алоқа тармоқларида америкалик мулозим Баширдан 2020 йилдаги сайловларга номзодини қўймасликни талаб қилди, деган гап тарқалди. Ана шунда Судан ташқи ишлар вазири Иброҳим Ғандура бу гапларни рад этиб, бундай деган: «Қўшма Штатлар президент Умар Баширнинг 2020 йилга белгиланган сайловларга номзодини қўймаслигига, бунинг эвазига Суданни «терроризмни дастаклаётган давлатлар» рўйхатидан олиб ташлашга оид ҳеч қандай шартни қўйгани йўқ», «АҚШ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жон Салливаннинг яқиндаги Судан ташрифи чоғида у билан ўтказган барча музокараларимиз инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларни ҳимоя қилиш масалалари ҳақида бўлди». (Қудс арабий, 2017 йил 14 ноябр).
Кейин, айни ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатнинг мувофиқлашганига далолат қилади, таранглашганига эмас. Чунки Салливаннинг давлатдаги турли секторлар билан бўлган ҳамма учрашувлари олқиш ва мақтовлар билан ўтди! Дарҳақиқат, бу учрашув АҚШ маъмуриятининг 2017 йил 26 сентябрда Судан фуқароларининг сафар қилишини тақиқлаш санкциясини олиб ташлаганидан кейин бўлди. Бундан ташқари, бу президентликка номзод белгилаш зиёрати бўлмади. Балки Салливан зиёрати, асосан, Суданни «терроризмни дастаклаётган давлатлар» рўйхатидан олиб ташлашга қаратилди. Шунинг учун Америка, юқорида айтиб ўтилганидек, Судан номини «терроризмни дастаклаётган давлатлар» рўйхатидан олиб ташлаш учун маълум шартларни қўйди. Бу бир жиҳатдан. Бошқа жиҳатдан, Башир Салливаннинг Суданга келишидан ўн кун олдин президентликка номзодини қўймасликка қарор қилгани тўғрисида баёнот берган эди: «Душанба куни Судан президенти Умар Башир 2020 йилда тамом бўладиган ўз президентлигининг иккинчи муддати тугаганидан сўнг юртни бошқаришдан воз кечмоқчилиги ҳақида яна баёнот берди. Баширнинг бу баёноти унинг Хартумда бўлиб ўтган ёшларнинг ноҳукумат миллий уюшмасининг еттинчи конференциясида чиқиш қилган пайтда янгради». (Холиж онлайн, 2017 йил 6 ноябр).
Бундай давлатларда аҳдни бузиш қийин бўлмаса-да, бироқ берилган баёнотлар ва АҚШ-Судан ўртасида ўрнатилган алоқалар «сафардан кўзланган мақсад Баширнинг ўз номзодини қўйишига тақиқ қўйишдир», деган эҳтимолни йўққа чиқаради. Дарвоқе, АҚШ-Судан ўртасидаги алоқалар Салливан келганидан сўнг ҳам, намойишлар бошланганидан сўнг ҳам давом этди. Мақсад, Судан номини 1993 йилдан бери давом этиб келаётган мазкур рўйхатдан олиб ташлашга қаратилган. Чунки 1997 йилдан бери Суданга жорий қилиб келинган иқтисодий ва савдо санкциялари Трамп маъмурияти томонидан бекор қилинганидан сўнг ҳам Судан номи айни рўйхатдан ўчирилгани йўқ. Америка Судан номини олиб ташлашга доир иккинчи босқични бажариш учун Суданга «терроризмга қарши кураш»даги ҳамкорликни кенгайтиришни ҳамда инсон ҳуқуқлари, диний ва сиёсий эркинликларни мустаҳкамлашни… ва ҳоказоларни шарт қилди.
- Шунингдек, Салливаннинг 2017 йил 16 ноябрдаги Судан сафари 2018 йил 19 декабрдаги норозилик намойишлари бошланишига туртки бўлгани йўқ. Чунки Америка сафардан кейин ҳам, намойишлар чоғида ҳам намойишчилар тарафида эмас, ҳокимият тарафида турди. Буни берган баёнотлари ва ўзаро алоқалар ҳам тасдиқлаб турибди. Масалан, 2019 йил 17 феврал якшанба куни АҚШ президентининг Африка масалалари бўйича махсус ёрдамчиси ва бош маслаҳатчиси Кирилл Сартор келди. Унга Африка бўйича Миллий хавфсизлик департаменти директори Даррен Серайл ҳамроҳлик қилди. Музокаралар 2019 йил 20 феврал чоршанба куни тамомига етди. Судан Республикаси саройидаги учрашувда бўлиб ўтган учрашув ортидан АҚШ президенти махсус ёрдамчиси ўз баёнотларидан бирида бундай деди: «Менинг республика президенти ёрдамчиси билан учрашувим самарали ва конструктив равишда бўлиб ўтди. Мен Судан номини терроризмни дастакловчи давлатлар рўйхатидан олиб ташлашга олиб боражак икки давлат ўртасидаги мулоқотга эришиш мақсадида келдим». Серайл «узоқ вақт сабр қилишдан сўнг Судан ҳукуматининг сиёсий ечим топишга муваффақ бўлишини, зотан, юрт ташқарисидан ҳеч қандай ечим зўрлаб тиқиштирилмаслигини таъкидлади» ҳамда «Икки давлат биргаликда ҳаракат қилиш билан мутсаҳкам ҳамкорлик яратиш мумкинлиги»ни урғулади. (Шуруқ Ньюс, 2019 йил 18 феврал). Буларнинг барчаси шунга яққол далолат қилмоқдаки, Салливан сафари норозилик намойишларига туртки бўлмади, аксинча, Америка Башир ҳокимиятини қўллаб-қувватламоқда, ташқаридан ҳеч қандай ечим тиқиштирилмади, Америка Суданни «терроризмни дастакловчи давлатлар» рўйхатидан чиқариб юбориш эвазига Суданга бир нечта шартларни қўйди.
- Америкага малай давлатлар позициясига келсак, улар ҳам норозилик намойишларини эмас, Башир ҳокимиятини қўллаб-қувватлашмоқда, яъни, саволда айтилгандек эмас.
Бунинг тафсилоти қуйидагича:
а) Саудияга келсак, у Яманда ҳарбий коалиция амалиётини бошлаганидан буён Судан қишлоқ хўжалиги соҳаларига қайта маблағ ётқизишни давом эттирмоқда:
- Саудия араб давлатлари ичида 2016 йил мобайнида Суданга инвестиция киритиш бўйича биринчи ўринда туради. У 15 миллиард долларни ташкил қилувчи бу инвестицияни асосан, ем-хашак, буғдой ва маккажўхори секторларига киритган бўлиб, бу нарса Хартум иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди. (Холиж онлайн, 2017 йил 17 июл). Саудия элчиси «мамлакатнинг Судандаги амалий инвестицияси 12 миллиард доллардан ошганини таъкидлади». (Баввоба сайти, 2018 йил 3 декабр). Шунингдек, «Судан 2018 йил 7 май душанба куни беш йил давомида нефт билан таъминлаш бўйича Саудия билан шартнома имзоланганини маълум қилди». (Судан Трибуна нет, 2017 йил 3 декабр).
- Саудия вазирлик делегацияси 2019 йил 24 январда Хартумга сафар қилиб, президент Башир билан музокаралар олиб борди. Томонлар Судандаги мавжуд вазиятни муҳокама қилишди. Матбуот конференциясида Саудия Савдо вазири Мажид Қасабий «делегациямизнинг икки ҳарами шариф ходими подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз йўлланмаси асосида ташкиллаштирилган ушбу Судан сафари ўзаро иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган», деди. Сўнг бундай қўшимча қилди: «Подшоҳ Салмон Судан хавфсизлиги мамлакатимиз хавфсизлиги, унинг барқарорлиги мамлакатимиз барқарорлиги эканини таъкидлаб, Суданнинг бошқа ҳар қандай давлатдан кўра Саудия билан алоқа ўрнатишга ҳақлироқ эканини урғулади». (Ватанул Мисрийя, 2019 йил 26 январ). Буларнинг барчаси Саудиянинг Суданни қўллаб-қувватлашдан воз кечмаганини кўрсатмоқда.
б) Миср эса, иккинчи қўллаб-қувватловчи давлатдир. Дарҳақиқат, Башир 2019 йил 27 январ куни Мисрга сафар қилди. Аэропортда Сисий уни кутиб олиб, бундан мамнунлигини билдирди. Бу ҳам Американинг Баширни ҳокимиятдан четлатишга қарор қилмаганига далолат қилмоқда. Акс ҳолда, Сисий бундай қилмасди. Чунки у Американинг ишончли тобесидир. Айни зиёратни Суданнинг Мисрдаги элчиси «бу зиёрат вақт жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам муҳим саналади», дея баҳолади. (Субҳ Мисрийя 2019 йил 27 январ). Маълумки, Башир 2018 йил 6 ноябрда Мисрга бориб, Сисий билан учрашган эди. Ундан олдин 2018 йил 25 октябрда Сисий 12 нафар вазири ҳамроҳлигида Суданга бориб, 12та ҳужжат имзолаган эди. Суданда бевосита намойишлар аланга олгач, Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий разведка бошлиғи билан бирга Суданга бориб, Умар Башир ва ҳамкасблари билан учрашди. Учрашув ортидан Шукрий «Миср Суданнинг айни вазиятни енгиб ўта олишига ишонади, Миср Суданга ёрдам кўрсатишга доим тайёр, чунки Судан тинчлиги ва барқарорлиги Миср тинчлиги ва барқарорлигидир», деди. (Баввоба Мисрийя 2018 йил 27 декабр). Бу эса, Мисрнинг ҳануз Суданни қўллаб-қувватлаётганига далолат қилади.
в) Ички жиҳатига келсак, Американинг энг муҳим маҳаллий кучлари Судан армиясидир. Армиянинг норозилик намойишларига нисбатан позицияси Башир ва унинг режимини мудофаа қилишдан иборат бўлди. Армия ўз баёнотида «Раҳбарият билан мустаҳкам алоқада эканини, халқ ютуқлари ва хавфсизлиги, фуқаронинг қони, номуси ва молига оид тинчлигини қаттиқ қўриқлаши»ни маълум қилди. (Арабий пост 2018 йил 23 декабр). Судан қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Камол Абдулмаъруф генерал ва полковник унвонидаги зобитларга қилган мурожаатида «Армиямиз бадбахт нонкўрларга асло юртни топшириб қўймайди. Улар пасткаш исёнчилик раҳбариятидаги етакчилар бўлиб, шубҳали хорижий ташкилотлар агентларидир», деди. (Миср Арабийя, 2019 йил 30 январ). Бу – Баширнинг ҳамон армия томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади. Бошқа ҳарбий ва хавфсизлик соҳалари ҳам шундай позиция билдирди: «Генерал-лейтенант Судан тезкор мудофаа кучлари қўмондони Муҳаммадҳамдон Дақлу Ҳамидати ўз кучлари бу «қурумсоқлар»га қарши туришга тайёрлиги билан таҳдид қилди». (Масира нет, 2018 йил 26 декабр). Шунингдек, «Судан хавфсизлик хизмати ва разведкаси директори Салоҳ Қуш парламентда қилган қисқа баёнотида – майдонда рақобат кучли бўляпти, аммо мавжуд қонун доирасидан четга чаққан ҳар қандай рақобатга асло ўрин йўқлигини ҳамма билиб қўйиши керак, деди». (Ал-Жазира нет, 2019 йил 21 феврал). Зотан, Америка армиядан инқилоб ясашда фойдаланади. Масалан, 1969 йилда «Намирий инқилоби»да ҳам армияга таянган.
- Мухолафатга келсак, «норозилик намойишларининг тўртинчи куни «Уммат» партияси раиси Содиқ Маҳдий барча партиялар иштирок этадиган янги бирлашган ҳукуматни тузишга чақирди» ҳамда «Юртдаги халқ намойишларини қўллаб-қувватлашини, бироқ унинг партияси намойишларда асло қатнашмаслигини» таъкидлади. (Би-Би-Си арабий, 2018 йил 22 декабр). Лекин Содиқ Маҳдий намойишлар давом этаётганини кўргач, унга қўшилишини маълум қилди: ««Уммат» миллий партияси раиси «Нидоу Судан» коалицияси раиси Содиқ Маҳдий режимни ағдаришни даъво қилаётган халқ норозилик ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда президент Умар Баширни намойишчилардан тўхташни талаб қилишдан олдин, уларнинг ўлдирилмаслиги кераклигига чақирди». (Судан Трибуна, 2019 йил 25 январ). Яъни, намойишлар бошланишидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, намойишлардан фойдаланишга уринди. Ўзининг англияпарастлиги билан танилган Содиқ Маҳдий 1986 йилдан 89 йиллар орасида Судан бош вазири бўлган, кейин Башир уни ишдан олган эди. Шундан сўнг намойишчилар орасида ҳукуматга мойил расмий касаба уюшмаларига параллел ташкилот сифатида, суданлик ҳунармандлар гуруҳи пайдо бўлди. Европага қарашли айни намойишчи гуруҳ Содиқ Маҳдий орқали таъсирга эга бўлиб, бу билан уни режим назоратидаги расмий касаба уюшмасига альтернатив қилишга уринилди. Бу гуруҳнинг хориждаги етакчилари Европада қарор топишган «дарҳақиқат, гуруҳ номидан гапирувчи хориждаги етакчилари Франциядаги журналист Муҳаммад Асбот ва Британиядаги доктор хоним Сора Абдулжалиллардир». (Би-Би-Си сайти, 2019 йил 24 январ). Шу билан бирга, намойишларга илмоний йўналишдаги ва ўзгартириш ишига таъсир ўтказолмайдиган бошқа маргинал ҳаракатлар ҳам сизиб кирди. Гарчи намойишчиларнинг айни гуруҳларига, айниқса, Содиқ Маҳдий партиясига инглизлар таъсир ўтказаётган бўлса-да, бироқ бу таъсир амалий ўзгартиришга қодир эмас. Лекин инглизлар намойишлардан фойдаланишда тажрибага эга бўлишгани учун намойишларнинг тўхтовсиз давом этиши айни гуруҳларга куч бермоқда. Шунинг учун Маҳдийнинг намойишларни қўллаб-қувватлашни эълон қилиши бир ойга кечикди. Чунки у Башир намойишларни илк кунлардаёқ тўхтатиб қўяди, деб ўйлаган эди. Намойиш чўзилгач, Маҳдий ҳам унга қўшилди! Кейин икки ойдан зиёд вақтдан сўнг унинг ҳаракати кучайиб кетиб, Баширнинг ишдан кетишига ишонч ҳосил қилди. Маҳдий «янги режим томон ўтиш даври тафсилотларига келишиб олиш учун мухолафат билан учрашишга тайёрлигини билдирди». (Спутник, 2019 йил 2 март).
Шундай қилиб, демак, режимнинг намойишларни тўхтатишга бўлган кучи кечиккани сари, инглизлар малайлари кучи ортаверди. Шунинг учун Америка бу ҳолатни ҳисобга олди. Ҳар қандай фавқулодда ҳолатни эътибордан қочирмаган ҳолда, Америка Башир билан биргаликда бошқа бир тадбирни, яъни, ҳукуматдаги мавжуд сиёсий партиялардан баъзиларини ҳукуматдан чиқариб, намойишга киритиш, кейин эса, уларни мухолафатга айлантириш тадбирини ўйлаб топди: ««Уммат» миллий партияси раиси ўринбосари Муборак Фозил ўз партиясининг ҳукмрон Миллий Конгресс билан бўлган ҳамкорликдан ажралганини ва ҳукуматдан чиққанини эълон қилди». (Нилин сайти, 2018 йил 28 декабр). Ғозий Салоҳиддин ҳам ҳукуматдан ажралиб чиқди: «Ислоҳ ҳаракати раиси Ғозий Салоҳиддин бугун матбуот конференцияси чоғида ўзининг қонунчилик кенгашидаги барча вакилларини ҳукуматдан чиқариб олишга қарор қилганини маълум қилди». (Сава ахборот агентлиги, 2019 йил 1 январ). Ғозий Салоҳ Ўзгартириш Миллий Жабҳасига раис бўлиб сайланди: «Кеча Ўзгартириш Миллий Жабҳасининг Бош кенгаши айни Жабҳа раислигига доктор Ғозий Салоҳиддинни сайлади». (Холиж-365, 2019 йил 14 феврал).
Норозилик намойишига гуруҳларни киритишга ҳамда унинг ривожланишини ва ундан Европанинг фойдаланиб қолишини олдини олишга қўшимча, Америка Баширга 2019 йил 22 февралда фавқулодда ҳолат жорий қилишга кўк чироқ ёқиб берди. Шундан сўнг 2019 йил 28 февралда америкапараст, дея танилган Мирғани партияси ҳукуматдан ажралиб чиққанини эълон қилди: «Пайшанба куни Муҳаммадусмон Мирғани етакчилик қилувчи Демократик Иттифоқ партияси ҳукмрон Миллий Конгресс партияси билан имзолаган барча ҳамкорлик келишувларидан чиққанини ҳамда Судан ҳукуматида иштирок этишни тўхтатганини эълон қилди». (Айн ахборот сайти, 2019 йил 28 феврал).
Кейин Башир мухолафатни хотиржам қилиш учун ўзини бир тарафга қарши бўлиб, бошқа тарафда туриб олмаслигини ва бетарафлигини эълон қилиб, навбатдаги қадамни ташлади! «Судан президенти Миллий Конгресс партияси раиси сифатидаги ўзининг ваколатларини ўринбосарига топширди. Партия баёнотида айтилишича, айни қарор президент жанобларининг миллатга қилган мурожаатида – барча партияларга нисбатан узоқ масофада туриши тўғрисидаги ваъдасининг ижросидир». (Мидл Ист онлайн, 2019 йил 1 март). Башир бу қадами билан бошқаларни алдайман деди-ю, аммо ўзини ўзи алдади. Ахир, давлат раҳбари бўла туриб, партияси ҳукмрон партия бўла туриб, нега бетараф туриши керак?! Ҳатто партия раислигини бошқа бировга топширган бўлса ҳам, бу расмиятчиликдан бошқа нарса эмас!
Нима бўлганда ҳам, бу норозилик намойишларини тинчитиш учун бўлган бир услубдир. Бу уринишларнинг барчасидан мухолафатга таъсир ўтказиш ва намойишларни жиловлаб олиш мақсад қилинган. Айниқса, ҳозирда режимнинг мухолафатга киритилган кучлари бор, агар бу кучлар намойишни жиловлай олмаса, у ҳолда, намойиш етакчиларига таъсир ўтказади, ана шунда Америка ҳукмронлиги тўхтамай давом этади.
- Энди, Баширнинг Москва сафарига келсак, 2017 йил 22 ноябрдаги бу тўрт кунлик сафар, Салливаннинг Хартум сафаридан олти кун кейин бўлди ва у ерга Башир Америкадан Россияга шикоят қилиш учун бормади. Йўқ, билъакс, бу сафар Американинг буйруғи ва розлиги билан қилинди. Бунинг далили: «Чоршанба куни Судания газетаси Хартум билан Вашингтон ўртасида имзоланган битимни маълум қилди. Битимга кўра, Судан президенти Умар Башир Россияга илк бор сафар қилиши манзарасида, Вашингтон Башир самолётининг Москва сафари хавфсизлигини таъминлайдиган бўлди. Бунинг муқобили ўлароқ, Хартум АҚШ маъмурияти эътироз билдираётган тортишувли қонунларни бекор қилишга розилик берди. Рокуба газетаси информация манбаларига кўра, Судан режими АҚШ ташқи ишлар вазири ўринбосари Жон Салливаннинг Хартум сафари чоғида ундан Башир самолётининг Москва сафарига тўсқинлик қилмаслик хусусида маълум кафолатлар олди. Бунинг эвазига, Судан режими диний эркинликни кенгайтириш ҳамда тортишувли қонунларни, хусусан, муртадлик, мерос ва очиқ кийимларга оид қонунларни бекор қилиш билан АҚШ таклифларини амалга оширадиган бўлди». (Мисровий, 2017 йил 22 ноябр). Гап шундаки, агар Америка рухсат бермаса, Башир Саудия ҳаво бўшлиғидан фойдалана олмайди. Чунки Саудия ҳукумати итоат қиладиган бу мустамлакачи давлат Саудия ҳаво бўшлиғи назоратига ўз таъсирини ўтказа олади. Масалан, 2013 йилда инглизлар малайи бўлган Саудлар подшоҳи Абдуллоҳ шундай қилган эди. Ўшанда Британия Баширнинг Эронга сафар қилишини хоҳламади. Чунки Британия ҳукумати Эрон ҳукуматининг ўз президентлик инаугурациясини бошқа президентлар қуршовида ўтказиш билан шуҳрат қозонишини истамади. Шунинг учун Саудия ўз ҳаво бўшлиғини Башир самолётига очиб бермади ва бу Британия топшириғи билан бўлди. «Судан президентлик аппаратининг маълум қилишича, Судан президенти Теҳронда бўлиб ўтадиган президентлик инаугурациясига қатнашиш учун кетаётган пайтда унинг самолётига Саудия ўз ҳаво бўшлиғидан фойдаланишига рухсат бермади. Натижада самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди». (Франс 24, 2013 йил 4 август).
- Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, норозилик намойишлари ортида Америка тургани йўқ, Британиянинг намойиш чиқаришга кучи етмайди. У ҳолда, Судан намойишлари қандай бошланиб, давом этмоқда?
Бунга жавоб шуки, бу норозилик намойишлари ўз-ўзидан келиб чиқди ва бунга суданликлар турмушидаги кризиснинг тобора мураккаблашаётгани сабаб бўлди. Масалани батамом қуйидагича тушуниш мумкин:
а) Башир ва унинг тарафдорлари хом хаёл қилишган эди. Яъни улар – агар Америка буйруғига бўйсуниб, жанубдан воз кечсак, Судан фаровонлик ва тинчликда яшайди, Америка Судандан санкцияларни олиб ташлагандан сўнг бизни қўллаб-қувватлайди, деб ўйлашган эди. Бироқ аҳвол бунинг акси бўлди. Иқтисодий аҳвол борган сари издан чиқди, мураккаблашди… 2018 йил бошидан ва Американинг Судандан санкцияни олиб ташлагандан кейин бўҳрон янада кучайди! Ҳукумат нон баҳосини қимматлатди, долларнинг божхона нархини уч баробарга кўтарди… Маҳаллий валюта қиймати тушиб кетди. Бу нарса нарх-навонинг кўтарилишига, бунинг ортидан ёнилғи маҳсулотлари кризисига олиб келди. Нон нархи бир неча баробарга кўтарилиб, камёб нарсага айланди… Нон нархи одамлар кўтаролмайдиган даражага чиқишига қўшимча, устига-устак уни сотиб олиш учун турнақатор бўлиб, соатлаб навбат кутадиган бўлдилар. Инфляция ҳажми 70 %га етди… Марказий Банк маҳаллий валютанинг қадрсизланиб, доллар қийматининг ошишини тўхтатиб қолиш мақсадида банклардаги пулларни чиқармай ушлаб турди. Доллар нархини 47.50 жунайҳ қилиш учун маҳаллий валюта нархини 60 %га пастлатишга мажбур бўлди… 2019 йил 20 феврал куни маҳаллий валютанинг эркин бозордаги қиймати тушиб кетиб, бир доллар 75 жунайҳ бўлиб қолди…
б) Судан аҳолисининг камбағаллиги рекорд даражага чиқди. Марказий статистик ташкилотларга кўра, «2011 йилда Судан жануби бўлингандан буён қилинган биринчи тадқиқот сифатида ўтказилган сўров натижасида, камбағаллик даражаси аҳоли сонининг учдан икки қисмидан ошди». Буларнинг бари Халқаро Валюта Фонди томонидан Суданга тавсиялар, ҳатто буйруқлар берилгандан кейин юз берди. Чунки барча мамлакатларда шундай қилишга одатланган ушбу Халқаро Валюта Фонди Судан ҳукуматидан маҳаллий валюта нархини эркинлаштиришни, ёнилғи маҳсулотлари, электр ва буғдойдан қўллаб-қувватловни олиб ташлашни талаб қилди. Буни Жаҳон Банки билан иқтисодий ислоҳот дастурини ижро этишда Суданга техник ёрдам кўрсатиш шартномаси орқали амалга оширди! Бу шартнома Индонезиянинг Бали оролида 2018 йил октябр ойида Халқаро Валюта Фонди билан Жаҳон Банки ўртасида бўлиб ўтган йиғинда имзоланди. Маълумки, Халқаро Валюта Фонди Судан ҳукуматидан жунайҳ қийматини эркинлаштиришни 2017 йил декабрда тайёрлаган ўзининг йиллик ҳисоботида талаб қилди. Халқаро Валюта Фонди буни сармоядорларни жалб қилиш ва юртда иқтисодий ривожланишни мустаҳкамлаш учун керакли шарт-шароитни яратиш зарурлиги билан изоҳлади. Шунингдек, ҳукуматдан валютани эркинлаштиргандан сўнг 2019-2021 йиллар ўртасида электр ва буғдойдан қўллаб-қувватловни олиб ташлашни ҳам талаб қилди. Судан режимининг Халқаро Валюта Фонди талабларига бўйсунгани оқибатида одамларнинг иқтисодий ва маиший аҳволи бутунлай издан чиқди.
в) Шундай қилиб, Судан вазияти портлашга тайёр ҳолга келди ва табиий равишда одамлар кўчага чиқиб, норозилик намойиши бошладилар. Бунга нарх-навонинг кўтарилиши, турмуш даражасининг қийинлашиши, ишсизлик кўламининг ортиши ва бойликларни нотўғри тақсимланиши сабаб бўлди. Буларнинг барчаси Баширнинг капиталистик тузумни татбиқ этиши ҳамда Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон Банки каби халқаро молия ташкилотлари буйруқларига итоат қилиши, шунингдек Америка босимларидан қўрқиши оқибатида юз берди. Чунки бу америкапараст режим фақат АҚШнинг сиёсатини амалга оширади. Хусусан, жануб бўлиниши билан давлат нефтдан оладиган асосий даромадини йўқотди: «2011 йилда Судан жануби бўлиниши ортидан Хартум нефтдан оладиган даромадининг тўртдан уч қисмини йўқотди. Илгари давлат ўзининг валюта жамғармаларининг 80 %ини ўз ғазнасига қўяр эди». (Ал-Жазира нет, 2018 йил 26 декабр). Бунинг оқибатида одамларнинг турмуши борган сари оғирлашиб кетди. Кейин Судан қўзғолонининг учқуни 2018 йил 19 декабрда юрт шимолидаги Нил дарёси вилоятининг Атбара шаҳридан чиқди. Сўнг Суданнинг ҳамма шаҳарларига ёйилди ва ёйилишда давом этмоқда. Ҳамон ўчмай аланга олаётган бу қўзғолон оловидаги талаб битта: режимнинг кетиши.
Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, бу намойишлар табиий келиб чиқди, сўнг унга маълум кучлар аралашиб, ўз манфаатлари учун ундан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.
Сўзимизни ниҳоялар эканмиз, тадбирини кўрмоқ ва обдан назар солмоқ керак бўлган икки муҳим нарсани таъкидламоқчимиз:
Биринчи: Американинг ўз малайларига берадиган биринчи буйруғи уларнинг АҚШ манфаатларига хизмат қилиш учун бор кучини сарфлашларига бўлган буйруғидир. Ҳақиқатдан ҳам Башир бу борада бор кучини сарфлади, ҳатто ичган қасамига ҳам хиёнат қилиб, Судан жанубини бўлди… Америка ҳалигача Баширни қўллаб-қувватламоқда, юқорида айтганимиздек, бунга Башир режими билан тўхтовсиз алоқа қилаётгани далолат қилмоқда. Бироқ норозилик намойишлари давом этаверса ва Башир яқин орада уни тўхтатиб қололмаса, у ҳолда, Баширнинг Америка кўз ўнгида йиқилиши турган гап. Ана шунда Америка манфаатларига хизмат қилолмай қолади, Америка эса, уни ўзгартириши мумкин бўлади… Башир бугун айрим одамларини ҳукуматдан чиқариб, улар орқали мухолафат тизгинини, айниқса, Мирғани партияси тизгинини қўлга олиш тадбирини кўраётган экан, афтидан, бу ҳаракатларнинг ҳаммаси унинг ўзига альтернатив тайёрлашга хизмат қилса, ажаб эмас. Чунки қачон Баширни ўзгартириш керак бўлса, демак, унинг ўрнига одамлар рози бўладиган альтернатив ҳам керак бўлади. Америка бу услубни малайларида кўп қўллаган. Масалан, малайи Муборакка ҳам. Ўшанда бу кимса Миср қўзғолонларини тўхтатолмагач, Америка унга ҳокимиятдан кетишни буюрди. Муборак истеъфо бериб, ўз ўрнини вақтинчалик Тантовий билан ҳарбий кенгашга топширди. Бу Американинг одатий услуби. Фақат малайига ҳокимиятдан кетишни буюришдан олдин альтернативни топиб олиши керак бўлади. Чунки альтернативни тайёрлаб олишидан олдин ҳокимиятга холис ростгўй кишиларнинг келиши унинг ҳалқумига нафақат қилтириқ бўлиб туриб қолади, балки юрагига ханжар бўлиб санчилиши ҳам турган гап. Ҳалигача малайи Башар Асаднинг қолаётгани ҳам ана шундан.
Иккинчи: тўкилаётган қонлар, шунча одамларнинг жароҳат олиши, кўчалар ва коммунал хизматлардаги кўрилаётган зиёнларнинг барчаси беҳуда кетиб, намойишлар сўнггида бир малай ўрнига бошқа бир малайнинг келиши, куфр конституциясининг мавжуд бўлиб қолиши ҳаммасидан ҳам ачинарли ишдир. Одамлар қони шу нарса учун оқизилиб, саъй-ҳаракатлари барбод бўлиши жуда ҳам ачинарли ишдир… Биз огоҳлантираётган нарса мана шудир. Чунки бу норозилик намойишлари бугунги кунгача Ислом талабларини қабул қилмади, рошид Халифаликни барпо этиш орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш учун фаолият қилаётган холис ва ростгўй етакчиликка эргашиш билан шариатни татбиқ ўрнига қўйилишини талаб қилмади. Қолаверса, сиёсий кризис ҳам ўша-ўша, ҳатто аввалгидан ҳам ёмонлашди… Иқтисодий кризис ҳам ўша-ўша, ҳатто аввалгидан ҳам ёмонлашди…
Аллоҳ Таолонинг ушбу каломи ҳақдир:
فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى * وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكاً
«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур» [Тоҳа 123-124]
Аллоҳ Таолонинг ушбу каломи ҳақ-ростдир:
فَاعْتَبِرُوا يَاأُولِي الْأَبْصَارِ
«Бас, эй ақл эгалари, ибрат олингиз!» [Ҳашр 2]
27 жумодус-соний 1440ҳ
4 март 2019м