Порошенко: Путин билан “каша пишириш” ниятим йўқ
Украина президенти Петр Порошенко ICTV телеканали эфирида Владимир Путин билан “каша пишириш” нияти йўқлигини айтди. У Путиннинг Киев билан ўзаро алоқалари масаласидаги сўзларига шу тариқа жавоб қайтарди. Бу ҳақда “Sputnik” хабар қилмоқда.
Қримга сафари давомида Путин Россия ва Украина халқи ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик мавжуд эмаслигини, аммо Украинанинг ҳозирги раҳбари билан Кремл тил топиша олмаётганини айтган эди.
Россия президентининг сўзларига кўра, Киев ҳукумати билан “каша пишириш ва қандайдир ижобий натижага эришиш амримоҳол”.
Путин шунингдек, Киевнинг ҳозирги раҳбарияти ҳаракатлари ҳайратланарли эканини, қўшимча қилди.
Петр Порошенко Путиннинг ушбу сўзларига жавобан душанба куни эфирдаги чиқиши давомида Россия ҳукумати билан “каша пишириш” нияти йўқлигини айтди. Порошенко Москвага нисбатан санкциявий босимлар кучайтирилиши учун ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилди.
“Кимдир ким биландир “каша пиширишига” келсак, мен айрим президентликка номзодларимиз каби каша пиширишни ҳам, уни ейишни ҳам, балиқ овига югуришни ҳам истамайман”, – деб таъкидлаган Порошенко.
Украина президентлигига сайловлар 31 март куни бўлиб ўтади. Бу лавозимга 39 номзод даъвогарлик қилмоқда. Ижтимоий тадқиқотларга кўра, сал олдин ушбу президентлик пойгасида етакчиликни “Батькивщина” партияси раҳбари Юлия Тимошенко эгаллаган бўлса, охирги икки ой давомида биринчи ўринда шоумен Владимир Зеленский турибди.
Амалдаги президент Порошенконинг рейтинги 20%ни ташкил этмоқда.