Қирғизистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари учрашишди

661
0

Қирғизистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари учрашишди

 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча Тошкент шаҳрига келган Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақида “Sputnik” хабар қилмоқда. 

 “Суҳбат чоғида қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли даражаларда, аввало давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам ҳамкорлик ўрнатилгани туфайли икки томонлама муносабатларда мисли кўрилмаган дўстона муҳит яратилди, бу эса тўпланиб қолган муаммоларни изчил ҳал этиш ва ҳамкорликнинг янги босқичига кўтаришга имкон берди”, – дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

 Вазирлар асосий эътиборни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларни 2019-йилда ва истиқболда янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларга қаратдилар.

 Учрашувда 2018-йилнинг 11 ойи давомида ўзаро савдо ҳажми 2017-йилнинг ушбу даврига нисбатан 55 фоизга ошиб, 363 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.

 “Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятларининг ҳокимлари ва Қирғизистон Ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари Кенгаши мажлисларини икки давлат Бош вазирлари раҳбарлигида мунтазам равишда ўтказилиши икки томонлама муносабатларда муҳим рол ўйнайди”, – дейилади хабарда.

 Шунингдек, 12-13-январ кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокида бўлиб ўтадиган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг биринчи учрашуви кун тартибига доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ушбу шаклдаги форум турли йўналишлардаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш имконини беришига ишонч билдирдилар.

 Музокаралар якунида ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ва Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here