Россия Сурияга С-300 зенит мажмуаларини етказиб беради
“Коммерсантъ” нашрининг хабар қилишича, Россия раҳбарияти яқин вақт ичида Сурияга С-300 “Фаворит” зенит ракета мажмуалари етказиб беришни режалаштирмоқда.
Кутилишича, бу беғараз асосда амалга оширилади ва зенит ракета мажмуаси асосида қисқа муддатларда Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа эшелонлашган тизими яратишни таъминлаши лозим. У авиация техникаси жойлаштириладиган Дамашқ ва бошқа ҳудудларни ўққа тутишдан ҳимоя қилади.
Ҳарбий-дипломатик соҳадаги манбалар хабарига кўра, Сурия армиясига зенит ракета мажмуаларини етказиб бериш тўғрисидаги масала деярли ҳал бўлиб улгурган. Ҳарбий-техник соҳадаги манба маълумотларига кўра, Сурия ҳукуматида бу турдаги янги тизимларни сотиб олишга “пул йўқ”, Россия эса бу мақсадлар учун кредит расмийлаштиришни режалаштирмаяпти, шунинг учун С-300 ҳарбий-техник ёрдам доирасида тақдим этилади.
Таъкидланишича, С-300 ўрнатиладиган ерларда дастлаб россиялик ҳарбий маслаҳатчиларни ҳам жойлаштириш режалаштирилмоқда, улар суриялик мутахассислар ҳаракатларини мувофиқлаштириб боради, шунинг учун бу ерларга зарба бериш, манбалар сўзларига кўра, “барча томонлар учун ҳалокатли бўлади”.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 14 апрел куни Сурияга учирилган ракеталарнинг учдан икки қисми уриб туширилганини тасдиқлаган эди.