Россия ўз фуқароларини АҚШ разведкасининг “ов”идан огоҳлантирди
Россия ўз фуқароларига чет элга саёҳат қилишдан олдин икки марта ўйлаб кўриш лозимлиги ҳақида маслаҳат берди. Чунки Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб русларни ҳибсга олиш учун “ов”га чиққан. Бу ҳақида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий сайтида эълон қилди.
Вазирлик ўзининг баёнотида чет элга сафар қилаётган рус фуқаролари АҚШ хавфсизлик хизмати ва разведка идораларининг талабига биноан бошқа мамлакатлар тарафидан ҳибсга олиниши ва АҚШга топширилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
“Россия ҳукуматининг Америка Қўшма Штатлари билан жиноий масалаларда ўзаро ҳуқуқий ёрдам шартномаси асосида ҳамкорлик ўрнатиш уринишларига қарамасдан, АҚШ разведкаси бутун дунёдаги русларни “ов” қилишини давом эттирмоқда”, дейилади вазирликнинг расмий сайтида.
Вазирликнинг хабар беришича, фақат 2017 йилнинг ўзида Вашингтоннинг талабига биноан хорижий мамлакатларда ўндан ортиқ Россия фуқароси ҳибсга олинган.
“Юқорида келтирилган вазиятларни ҳисобга олган ҳолда, Россия фуқароси чет элга саёҳат қилишни режалаштираётган пайтда, айниқса, АҚШ хавфсизлик хизматларининг иддаолари мавжуд экан, биз уларга диққат билан барча хавф-хатарларни назардан қочирмасликни тавсия этамиз”, дея қўшимча қилинади баёнотда.
Вазирлик рус фуқароларига Вашингтон билан экстрадиция масалалари бўйича келишувга эга бўлган мамлакатларга эътибор қаратишни маслаҳат беради. Аммо АҚШ давлат департаменти эса ҳозирча бу масала ҳақида сукут сақлашни афзал кўрмоқда.
Туркистон:
АҚШ маъмурияти Россия фуқароларидан Путиннинг режими вакиллари ва бу жиноий режим тарафдорлари сафидан бир неча юзлаган таниқли шахсларга нисбатан бир қатор чеклов санкцияларини жорий қилган. Россия ҳокимияти вазиятни бошқа томонга буриб, “оламий санкциялар Россия мамлакатига ва Рус фуқороларига қарши қўлланилмоқда” демоқчи бўлишяпти. Бунинг билан улар, Россиянинг бошига ёғилаётган бало ва офатлар, режимнинг йўл қўйиб бораётган хатолари ортидан келаётган касофати эканини яширмоқчи бўлиб, “АҚШнинг нафрати Рус миллатига қарши йўналтирилган” демоқчи бўлишяпти!