Путин Петербургдаги портлашни теракт деб атади
Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургдаги портлашни теракт деб атади, дея хабар бермоқда РИА «Новости».
“Сизлар биласизларки, кеча Петербургда террорчилик ҳужуми амалга оширилди”, – дея айтди Путин.
Сўнгги маълумотларга кўра, Санкт-Петербургдаги супермаркетда рўй берган портлаш оқибатида умумий ҳисобда 13 киши жабрланди.
Санкт-Петербургда 27 декабр кечки вақт Кондратьев кўчасидаги “Перёкресток” дўконида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлашга кучлилиги 200 грамм тротил моддасига тенг бўлган ва жароҳатловчи элементлар билан тўлдирилган портловчи қурилма сабаб бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан бир неча кишининг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Туркистон:
Санкт-Петербургда портлаш содир бўлиши ортидан Россия тергов қўмитаси мазкур иш террорчилик акти сифатида кўриб чиқилмаётгани ва бу воқеа “одам ўлдиришга ҳаракат қилиш” деб квалификация қилинаётганини маълум қилган эди. Бироқ, 2018 йил 18 март куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида мустақил номзод сифатида иштирок этишини маълум қилган Владимир Путин бу ишни теракт деб атади ва Федерал хавфсизлик хизматига “террорчиларни” жисмонан йўқ қилишга буйруқ берди.
“Биласиз, кеча Петербургда террорчилик акти содир этилди. Бундан олдинроқ эса Федерал хавфсизлик хизмати яна бир терактнинг олдини олди.… Шу боис кеча ФХХ бошлиғи билан бу каби бандитларни қўлга олиш вақтида қонун доирасида амал қилиш, аммо ходимларимиз ва офицерларимиз ҳаётига таҳдид бўладиган бўлса қатъий ҳаракат қилишлари – ҳеч кимни асирга олиб ўтирмасликларини буюрдим”,- деди Путин.
Путин сайлов олдидан яна эски синалган услубни ишга сола бошлаганга ўхшайди. Маълумки Владимир Путин Россия президентилигига келишидан олдин қатор қўпорувчилик ҳаракатлари мамлакатни ларзага солган эди. Жумладан:
1999- йил сентябр. Доғистоннинг Буйнакск шаҳрида кучли портлаш содир этилди ва бунинг учун “Исломий террорчи”лар айбдор, деб топилди.
1999- йил сентябр. Юқоридаги портлашдан кейин, орадан бир неча кун ўтиб, Москва шаҳрининг Гурянов кўчасида худди шундай кучли портлаш юзага келди. 106 киши ўлди, 690 киши яраланди.
1999- йил сентябр. Орадан озгина вақт ўтиб, 13- сентябр эрта тонгда, Москванинг Каширский шоссе кўчасидаги 8 қаватлик аҳоли яшайдиган уй олдида 300 кг тротил эквивалентдаги кучли портлаш содир этилди. 124 киши халок бўлди, 7 киши яраланди:
1999– йил 16- сентябр. Ростов вилоятининг Волгодонск шаҳри. Октябрск шоссесидаги 9 қаватлик уй биноси олдида бомбага тўлдирилган ГАЗ-53 юк машинаси портлади. Воқеа жойининг ўзида 18 киши ўлди, 1 киши касалхонада вафот этди, 89 киши турли даражада тан жароҳати олди…
Мазкур қўпорувчилик ҳаракатларини асосий ташкилотчиси бўлган Путин “жиноятларни” фош этишда жонбозлик кўрсатиши ортидан рейтинги мисли кўрилмаган даражада кўтарилди ва 2000 йили бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонган эди.