Путин: АҚШ ва НАТОсиз Афғонистондаги вазият янада ёмон бўлиши мумкин эди
Россия Президенти Владимир Путиннинг фикрича, Афғонистондаги террор хавфи билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда, бироқ НАТО ва АҚШ бўлмаганида эди вазият янада ёмонлашган бўларди. Бу ҳақда Интерфакс маълум қилди.
Путин 25 декабр куни Федерал йиғин палатлари раҳбарлари билан учрашувда Афғонистоннинг Тожикистон, Ўзбекистон билан чегараларида Толибон ҳаракатининг жангарилари турганлигини таъкидлади.
Путиннинг фикрича, Афғонистонда “Ислом Давлати”нинг пайдо бўлиши ташвишланарли элементлардан биридир. Айни дамда ИД “Толибон” билан ўзаро рақобатлашмоқда. “Бу Афғонистондаги вазиятни қўшимча тарзда ёмонлаштирмоқда”, -дея таъкидлади Путин.
“Ҳақиқатан ҳам, НАТО ва АҚШ бошчилигидаги каолициянинг Афғонистонда бўлган вақтида вазият ёмонлашди. Бу тўғри, вазият беқарорлигича қолмоқда, агарда у ерда Қўшма Штатлар бўлмаганда эди, вазият янада баттар бўларди. АҚШ билан муносабатимиз мураккаб, бироқ биз вазиятига объектив ёндашишимиз керак, вазият эса шундай”, -дея қўшимча қилган Владимир Путин.
Бундан аввал Россия ТИВ АҚШ билан Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган эди. Афғонистондаги кескин вазият НАТОнинг мазкур мамлакатдаги миссиясини босқичма-босқич тўхтатиш борасидаги режасини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
Туркистон:
2018 йил март ойида Россияда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтади. Путин сайлов олдидан, Россияни бугунги аҳволга cолиб қўйган сабабларни тушунтириб бериши керак бўлади. Сурияга ўюштирилган ҳарбий босқинчилик ҳаракатлари ва сарф харажатларидан кўзланган мақсад ва сабаблар ҳақида бирор нарса ўйлаб топиши керак! Яъни Путин ўзини ва мавжуд режим вакилларини ҳокимиятда сақлаб қолиш учунгина аралашган Сурия урушида “Россия учун қандайдир мақсад ва манфаатлар бор эди ва мен бу манфаатларни рўёбга чиқардим” демоқчи бўляпти.
Аслида, Путин Россия манфаатига жуда катта зарар етказди. Мамлакат иқтисодини издан чиқарди, хусусийлаштириш сиёсатини амалга ошириб, мамлакат даромадини “олигархлар” номини олган бир гуруҳ жиноятчилар қўлига ўтказиб берди. Натижада Россиянинг оғир ва енгил саноатлари инқирозга юз тутди. Оқибатда Россия фуқороларининг яшаш даражалари янада оғирлаша бошлади. Ваҳоланки халқаро сиёсатда Россиянинг оламий мафкуравий манфаатлари деярли қолган эмас! У оламий “исломий терроризм” хавфини даф қилиш баҳонасида Шомда, Марказий Осиёда ёки дунёнинг бошқа бир минтақасида бирор манфаатни қўлига киритадиган ҳолатда эмас! Путин режими ўзининг худбинлиги касофатидан юзага келаётган бу вазиятни яшириш ёки бошқа бир омилга тўнкаб юбориш мақсадида АҚШ билан тил бириктириб, Сурияга ҳарбий босқинчилик юришини амалга оширди.
АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбати чоғида, Трамп Путинга Сурияда кўрсатган жонбозлиги учун миннатдорчилик бирдириб, Яқин Шарқ, Осиё ва Марказий Осиё минтақаларидаги муаммоларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўша хавфли минтақаларда яна ҳамкорликда иш олиб боришларидан умид қилаётганини айтиб ўтди.
Демак, Путин кейинги президентлик муддатига қолиш мақсадида, янги минтақаларга уруш уруғини сепиш амалиётларида АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Россия Тожикистонга қурол сота бошлади. АҚШ эса, Авғонистонда “ИШИД” ҳарбий ташкилотини янгидан шакллантириб боряпти. Россия тубанликка қулашда давом этаверади. Демак Путин учун Россияни доимо хавф хатарлар билан қўрқитиб боришдан ўзга йўл қолмади.
Хулоса қилиш мумкинки, АҚШ Россияни ўзига ҳамкор қилиб олиб, Марказий Осиёда хавфли вазият пайдо қилмоқчи. Мақсади шу минтақаларда ҳарбий базалар пайдо қилиб, Хитойга таҳдид сола оладиган ҳолат пайдо қилиб олиш. Путиннинг мақсади эса, АҚШга шу мақсади йўлида ёрдам бериб юбориш билан ўзининг жиноий режимини сақлаб қолиш учун АҚШ кўмагини қўлга киритиш ёки ҳеч бўлмаганда ўз режимини қулатиб юбориш учун ҳаракат қилмасликка АҚШни кўндиришдир.