Сурия бўйича Остона учрашувининг 8 тури ниҳоясига етди
Қозоғистонда Сурия бўйича 8 тур учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар, маҳбусларни озод қилиш ва минтақани миналардан тозалаш масаласида келишиб олишди. Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳманов томонидан ўқиб эшиттирилган сўнгги баёнотда тарафларнинг Суриядаги террорчи (Жиҳодий) гуруҳларга қарши курашиш бўйича қарорлари такрор ифода этилди.
Шунингдек, баёнотда делегацияларнинг Сурияда зўравонликни камайтириш ва 2018 йил 30 январ куни Сочида ўтказилиши режалаштирилган “Сурия Миллий мулоқоти” конгресига тайёргарлик учун тартибли равишда учрашув ўтказишга қарор қилганлиги билдирилди. Абдраҳманов 9 тур Остона учрашуви 2018 йил феврал ойида бўлиб ўтишини ҳам эълон қилди.
Учрашувда иштирок этган манбалардан олинган маълумотларга кўра, Туркия, Россия ва Эрон делегациялари маҳбусларни озод қилиш ва тарихий майдонлардаги миналарнинг тозаланиши борасида келишиб олишган. Россиянинг ташаббуси билан Сочи шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Сурия Миллий мулоқоти” конгресининг санаси 29-30 январ кунига белгиланган.
Сурия мухолифати учрашувда Идлибда хавфсиз минтақа ташкил қилишга кафил бўлган давлатлардан бири Россия делегацияси билан суҳбат ўтказганлигини маълум қилди. Мухолифатнинг баёнотида айтилишича, Россия уларга ҳозирги босқичида маҳбусларни озод қилиш, йўқолган шахсларнинг ўзларини ва ёки жасадларини топишга эришиш мумкинлигини ваъда қилган. Айни пайтда, мухолифат вакиллари Россия расмийларига баъзи ҳужжатларни тақдим қилганлиги ҳам айтилмоқда.
Туркистон:
Остона учрашувларида Идлибда тинчликни сақлаш бўйича келишувга эришилганлиги эълон қилиниб, бунга Россия, Туркия ва Эрон давлатлари кафил бўлганлиги айтиб келинмоқда. Бироқ воқелик эса ўзгача, Идлиб аҳолиси кафил давлатларнинг ўзлари томонидан қирғин қилинмоқда. Асад режими номидан кафил бўлган Россиянинг Остона урашувидан бир кун олдин Идлибни ҳаводан ҳужумга тутди. Маҳаллий манбалардан олинган хабарларга кўра, рус ҳарбий самолётларининг ҳужуми оқибатида Идлибда тинч аҳоли вакилларидан 17 киши ҳалок бўлган ва 35 киши танжароҳати олган.
Хуллас, Идлиб хавфсизлигини ўз зиммаси олган давлатлардан Россия Идлибни ҳаводан бомбалаётган бўлса, Эронга қарашли ёлланма жангарилар ердан ҳужум қилишни тўхтатишмаяпти. Туркия эса, буларни кўриб турган бўлса-да, сукут сақлашни афзал билмоқда.