Жээнбеков: Бизнинг йўналишимиз Россияга қаратилган

540
0

Жээнбеков: Бизнинг йўналишимиз Россияга қаратилган

Россия президенти Владимир Путин 29 ноябр куни Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашди. Бу ҳақида Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Учрашув пайтида Қирғзистон президентининг илк ташрифи Россияга амалга оширилганидан хурсанд эканини маълум қилган Путин, Москва ва Бишкек ўртасидаги муносабатлар ривожи ва икки томонлама савдо-сотиқ ҳажми ортиб бораётганини юқори баҳолади ва Қирғизистон ҳукуматининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишининг Бишкек ва Москва ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига мақтовлар ёғдирди.

“Сизни Москвада қабул қилганимдан жуда мамнунман. Яна бир бор сизни табрикламоқчиман. Сиз тажрибали инсонсиз, ҳукуматни бошқаргансиз. Сизнинг ишингиз туфайли Қирғизистон ЕОИИга кирди”, “Бишкекнинг ЕОИИга қўшилишидан сўнг Қирғизистон ва Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги савдо битимида сезиларли ўсиш кузатилди. Россия ва Қирғизистон ўртасидаги товар алмашинуви шу йилнинг биринчи тўққиз ойи давомида 32 фоизга ортганлиги қайд этилди”, деди Владимир Путин.

У Москва ва Бишкек ўртасида иқтисодий муносабатларнинг ривожланишига тўла ишонч билдирар экан, Қирғизистон тараф Россия ҳудудига экспорт қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бу давр мобайнида икки баробардан ҳам ортиб кетганлигини қўшимча қилди. Икки мамлакат ўртасидаги хавфсизликни сақлаш борасида эса, Путин ўзаро ҳамкорлик даражасига юқори баҳо берди ҳамда ўзи ва қирғизистонлик ҳамкасби пайшанба куни Беларусия пойтахти Минскда ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг саммитида иштирок этишини айиб ўтди.

Ўз навбатида, Жээнбеков ўзининг Россияга ташрифининг кенг рамзий маънолари борлигига ишора қилар экан, Бишкек ва Москва ўртасидаги бирдамлик ва шерикчилик алоқаларини ривожлантириш учун бор кучини сарфлашга ваъда берди.

“Шундай бўлиши ҳам керак. Биринчи ташриф айнан Россияга амалга оширилиши керак эди. Мен ўз томонимдан стратегик шериклик мустаҳкамланиши учун максимум саъй-ҳаракатни амалга ошираман. Россия ва Қирғизистон 25 йил давомида кўп синовлардан ўтди. Қирғизистонда айниқса 2010 йилда жуда мураккаб вазият юз берганди. Халқ ва мамлакат раҳбарияти туфайли биз тинчлик ҳамда барқарорликни қайтаришга муваффақ бўлдик. Бунда Россиянинг ҳам хизмати бор. Эришган ютуқларимиздаги Россиянинг роли ва ўрни эътибордан четда қолиши ҳеч қачон мумкин эмас. Халқ сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингизни юқори баҳолайди. Бизнинг энг муҳим ҳамкорлик йўналишимиз Россияга қаратилган ва биз бу йўналишда қатъий ишлаймиз.”, деди Қирғизистон президенти.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here