Россия АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар маҳкамасининг иккинчи Осиё департаменти раҳбари Замир Қобуловнинг “Известия” нашрига берган интервьюсида айтишича, Америка ҳукумати Афғонистондан ўз ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетиши ва бу билан Вашингтоннинг иш бермаган кампаниясига нуқта қўйиши лозим.
“АҚШ армияси қўлидан ҳеч нарса келмаслиги сабабли улар Афғонистонни тарк этишлари лозим. Американинг Афғонистондаги кампанияси мағлубиятга юз тутди”,- деган Қобулов.
Қобулов, шунингдек, Россия Американинг Вашингтондаги доимий армияси ўрнини хусусий компанияларнинг ёлланган аскарлари эгаллашига қарши эканлигини қўшимча қилди.
“Бу ҳолат ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди: ёлланганлар шунчаки қочиб кетишади”,- деб таъкидлади дипломат.
Сал илгарироқ ОАВларда Америка ҳукумати штатдаги, Афғонистон ҳудудида фаолият юритувчи ҳарбийларни ёлланма аскарларга алмаштиришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Энг йирик хусусий ҳарбий компания Academi раҳбари Эрик Принс, Афғонистонда 5,5 минг нафар ёлланган аскарларни ва 90га яқин ҳарбий самолётларни жойлаштириш таклифини берган.
ОАВлар тахминий баҳоси бўйича ушбу режани амалга ошириш Вашингтонга ўн миллиард долларга тушиши мумкин.
“Буларнинг барчаси мустамлакачилар сиёсатига ўхшаб кетмоқда”,- деган Қобулов.
Туркистон:
АҚШ бошчилигидаги оламий коалиция ва НАТО ҳарбий кучлари қарийб 13 йилдан буён Афғонистонда ҳарбий босқинчилик қилиб келмоқда. Афғонистонни тарк этганига ҳам 4 йил бўляпти. Бироқ Россия айнан бугунга келиб уларни ҳарбий мустамлакачилар деб аташининг боиси нимада?
АҚШ Россияга нисбатан қўллай бошлаган охирги чеклов санкциялари Россиянинг АҚШдан кутган охирги умидларини ҳам узиб юборди шекилли. Шунча йиллар мобайнида Путиннинг режими ўзини АҚШ учун манфаатли ёки камида зарарсиз етакчи гуруҳ сифатида тақдим этмоқчи бўлиб, умид билан яшади. АҚШ ўзи учун баъзида йирик диктаторларни ҳам махфий ҳамкор сифатида хизматга қабул қилади. Масалан Эроннинг мустабид тузумини, шимолий Кореяни, бир вақтлардаги Саддам режимини, Муборакдан қолган ас-Сиси режимини, Ўзбекистондаги марҳум Каримов режимини… хизматга қабул қилиб, уларнинг ҳар биридан шу авторитар режим ҳолатида фойдалангани сингари.
Лекин Россия жуда катта табиий ресурсларга бой давлатдир. АҚШ бу давлатни бир мушт сингари бутун ҳолатида қолдира олмайди. Балки Россияни бир неча, бир бири билан ҳамкор, лекин бир биридан мустақил бўлган ҳудудларга бўлиб юбормоқчи. АҚШ Путин режимини авторитар тузум ҳолатида қолдиришни дунё ва ўзи учун хавфли деб билади. Уни ҳозирги ўта заиф ҳолатида қолдиришни ҳам хоҳламайди. Чунки халқаро сиёсат Рус халқини биринчи ва иккинчи жаҳон урушларидан кейин оз вақт ичида қандай оёққа туриб олганини ва яна оламий етакчи давлатлар сафига кириб олганини гувоҳи бўлган. Демак Россия ҳар томонлама шимолий Корея сингари хавфсиз мамлакат эмас. Шунинг учун АҚШ Россияни ҳатто яширин шартнома асосида мустамлака қилишни ҳам хоҳламаяпти.
Россия ҳам АҚШнинг бу стротегиясидан воз кечмаслигини англаб етди. Шунинг учун энди у яна Америкага қарши бор куч қувватини янгидан ишга сола бошлади. Лекин энди Россиянинг баёнотлари ҳам, ҳаракатлари ҳам аввалгидек куч қувватга эга эмас. АҚШ ҳам энди Россиянинг позициялари билан деярли ҳисоблашмайди.