Атамбаев: “Ислом давлати”га қарши бутун мусулмон дунёси курашиши керак
Атамбаевнинг сўзларига кўра, агар Ғарб бугунги кунда у ёки бу давлатга ўз тартиб-қоидаларини сингдиришга ҳаракат қилмаса кўнгилдагидек бўлур эди
Алмазбек Атамбаев “Мир” телерадиокомпаниясига берган интервьюсида айтишича, “Ислом давлати” йўқ қилинадиган тақдирда, унинг ўрнига янги террорчилик уюшмаси пайдо бўлади, шу боис исломий давлатлар ўз аҳолисига тараққиётнинг муқобил вариантини таклиф қилишлари лозим.
“Бу масала глобал ёндашувни талаб қилади. Энг биринчи навбатда, мусулмон дунёсининг ўзида бу ғояга қарши курашишларига эришиш лозим. Бир-икки йилда “ИД”ни йўқ қилиш мумкин, аммо ўйлашимча, унинг ўрнига бошқа аллақандай уюшма пайдо бўлади. Нега деганда, бугун исломий мамлакатларда одамларда бошқа танлов йўқлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз: бир томондан ўша давлатларда, фақат ўзи бойишни кўзлаган аллақандай монархия ёки авторитар режим ҳукм сураётган бўлади, бошқа томондан эса исломий социализм ёки умумий тенглик ғоясини таклиф қилаётган ИД ислом халифалиги кўриниш бераётган бўлади”,- деб қайд этган Атамбаев.
“Биз бугунги кунгача Ғарб одамларнинг менталитетини, у ёки бу давлат цивилизациянинг қайси босқичида турганини ҳисобга олмаган ҳолда ўз тартиблари, қадриятларини сингдиришга ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ироқ, Сурия ва Ливияда бугунги аҳвол мана шу суқилиш натижасидир. Менинг фикримча, ҳеч ким у ёки бу давлатга ўз қарашларини сингдиришга ҳаракат қилмаса яхши бўлур эди. Ҳар бир давлат биринчи навбатда ўзининг муаммолари билан шуғулланмоғи лозим”,- деган Атамбаев.
Бундан ташқари, Атамбаев берган интервьюсида, АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Афғонистонда “Толибон”га қарши олиб борган кураши КХШТ мамлакатларида наркотрафик ўсишига сабаб бўлганини айтиб ўтди.
“Нима учун гиёҳванд моддалар айланмаси ортди, нима учун Афғонистондан бошқа мамлакатларга бу каби моддалар етказиб берилиши кучайди? Чунки, “Толибон” озми-кўпми наша экилиши, бу каби ўсимликлар етиштирилишига қарши курашиб келди, уларнинг ўрнига келган америкаликлар етакчилигидаги коалициянинг бу билан иши бўлмади”,- деган Атамбаев.
Унинг қайд этишича, ўтган давр мобайнида опий макини экиш, опий далалари бир неча маротаба ортган бўлса керак.
“Бу йиллар учун биз, Афғонистонда тартиб ўрнатмоқчи бўлганларга “ташаккур билдиришимиз керак”. Ким нима деса-десин, натижа аниқ. Бу ерда шундай қоидага амалга қилинган: бирор нарса қилайлик, кейин кўрамиз. Мана билганини қилишди. Азиятини бизлар чекаяпмиз. Ўйлайманки, бу ёмонлик билан қилинмаган, гарчи хаёлга турли фикрлар келиб турса-да”,- деган давлат раҳбари.