Трамп: Американинг руҳи янгиланди
АҚШ Конгресси олдида биринчи бор сўзга чиққан президент Доналд Трамп вазифасини бошлаганига бир ярим ой ўтганига қарамай, одатда Америка президентлари камида бир йил хизмат қилгандан кейин қиладиган нутқни амалга оширди. Трамп нутқини АҚШнинг “ёмонлик”ларга қарши бирлашганлигини таъкидлаш билан бошлар экан, “Американи яна қайта буюк кучга айлантирайлик”, деган шиорга эътиборни қаратди. Ўлиб бораётган саноатни жонлантиришини, армияни зарурий ресурслар билан таъминлашини ва чўкиб бораётган инфратузилмани янги йўллари, кўприклар аэропортлар қуриш орқали қайта тиклашини билдирган Трамп президентлик хизматини бошлагандан буён қисқа вақт ичида рекорд ютуқларга эришганлига урғу берди.
Шунингдек у тўққиз йилдан сўнг Америка Қўшма Штатлари ташкил топганлигининг 250 йиллигини нишонлашга иштирок этишини, кейинги авлодга қандай ўлка қолиши ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини қўшимча қилди. Хусусан, Американинг руҳи янгиланганлигини қайта-қайта такрорлаган АҚШ раҳбари радикал Исломий террорга қарши кураш учун янги қадамлар ташланганлигини ҳам тилга олиб ўтди.
Бошқа томондан Трамп НАТОга бўлган садоқати давом этишини, лекин НАТО аъзолари ўз зиммаларидаги молиявий тўловларни тўлаб қўйишлари зарурлигини ҳам қайд этди.
Трамп узоқ вақт давомида АҚШнинг сармоя бозорлари ва бойликлари хорижий мамлакатларга оққанлигини қўшимча қилиб, “Бир глобал лойиҳа ортидан бошқа глобал лойиҳа туздик, фарзандларимизнинг келажагини эътиборсизлик қолдирдик. Бошқа мамлакатларнинг чегараларини ҳимоя қилдик, аммо ўзимизнинг чегараларимизни барчага очиб бердик”, деди.
Туркистон:
Доналд Трамп ўзининг барча чиқишлари ва нутқлари билан АҚШнинг дунёга ҳукмронлик даъвосини ва такаббурлигини очиқ намоён қилаётган кишилардан биридир. Трамп сайлов олди кампаниясида ҳам доимо “қудратли АҚШ” шиорини олға сурган эди.
Модомики Трамп АҚШнинг кучайишини истар экан, демак учинчи дунё давлатлари ва ўрта ҳол давлатлар, хусусан Исломий ўлкаларда жойлашган давлатларнинг машаққатлари яна-да ортади. Чунки капитализм тузумига асосланган капиталистик давлат ўз қудратини зайиф давлатларни эзиш, оч қолдириш, касалликларга дучор қилиш эвазига кучайтиради. Яъни капиталистик тузумига асосланган давлат ўзининг кучайиши учун ҳар қандай разил ишни ҳеч тап тортмай амалга оширади.
Трамп дунёда фақат АҚШнинг кучли бўлиши ҳақида сўз юритяпти. Бу эса, АҚШ дунё сиёсатида бирортани ўзига шерик қилмайди, бирор иш қиладиган бўлса, у ишни БМТ хавфсизлик кенгашида муҳокамага қўйиб, унинг қарори билан иш юритишга ҳожат йўқ, деган маънони англатади. Бундай очиқ муомала қилиш жумҳурият партиясининг йўлидир.
Европа давлатларига қарата эса “сиз НАТОнинг аъзоси сифатида зиммангизга тушган тўловларни ортиқчаси билан тўлашга мажбурсиз. Яъни сиз Россиянинг кенгайишидан ҳимояланишни хоҳласангиз кўпроқ сарф харажат қилишингизга тўғри келади” деяётгандек муомала қиляпти.
Шу вақтгача АҚШ дунёда юз бераётган урушларнинг сарф харажатларини бошқа давлатларга юклаб келаётган эди. Энди эса, ўша давлатларга “сарф харажатларни ҳам сизлар кўтарасизлар, бунинг устига менинг чўнтагимни ҳам тўлдириб қўясизлар”, демоқчи бўляпти. Трамп баёнотларининг бирида Ироқ ва Ливия нефтига кўз тикиб турганлиги, Ироқ нефтидан 15 тириллион доллар фойда кутаётганлиги ва бунинг учун Саудия Арабистони ва кўрфаз давлатлари харажатларнинг яна ҳам кўпроқ қисмини бўйнига олиши кераклиги ҳақида айтган эди.