Путин феврал охирида Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради
Россия президенти Владимир Путин 27-28 феврал кунлари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга келади. Бу ташриф Россиянинг мазкур мамлакатлар билан дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан амалга оширилади, дея билдирди РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга.
Ушаковга кўра, Путин Тожикистонга “қисқа, лекин норасмий ташриф билан боради. Ташрифнинг аҳамиятли томони шундаки, президент Тожикистон президентига икки томонлама алоқалар ва ҳамкорликнинг ривожланишидаги қўшган шахсий хизматлари учун Александр Невский орденини топширади. Путин Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Асловга ҳам Дўстлик орденини топширади”, – деди Ушаков.
Президент ёрдамчиси, Владимир Путиннинг Тожикистонга сафари якуни бўйича еттита икки томонлама ҳужжатларнинг тасдиқланиши режалаштирилмоқда, хусусан, президентларнинг “Россия ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар тамойилини белгилаб берувчи” қўшма баёноти имзоланишини маълум қилди.
Юрий Ушаковнинг таъкидлашича, Владимир Путин ва Имомали Раҳмон “Россияга қарашли 201-ҳарбий базанинг Тожикистонда бўлиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашадилар, чунки Россия ҳарбийларининг ушбу мамлакатда бўлиши Марказий Осиё мамлакатлари минтақасидаги барқарорлик ва хавфсизлик учун муҳимдир ҳамда экстремизм, терроризм ва ноқонуний наркотрафикка қарши курашда самарали восита ҳисобланади”.
Тожикистондагилар Путиннинг мамлакатга келиши билан Россиядан депортация қилинган мигрантларнинг амнистия қилинишини кутишяпти. Яқинда, Тожикистоннинг Россия Федерацияси элчихонасидаги манба Россия ҳукумати 14 мингдан то 68 минггача тожик мигрантларини амнистия қилиши мумкинлигини маълум қилган эди.
28 феврал куни Владимир Путин Қирғизистонга келади. Қирғиз Республикаси президенти аппаратининг хабар қилишича, ташриф доирасида Алмазбек Атамбаев ва Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Унда Қирғизистон-Россия икки томонлама алоқаларига доир барча масалалар, ўзаро лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда истиқболдаги ўзаро ҳамкорлик билан боғлиқ барча масалалар ва Евроосиё иқтисодий ҳудудидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Қозоғистонга қилинадиган ташриф тафсилотлари аниқлаштириляпти.
Манба: “Фарғона” ахборот агентлиги