Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги 49 та участка бўйича позицияларни келишиб олди
Тасдиқланган жадвалга биноан 2016 йилнинг 22−31 октябр кунлари Боткен ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувлар чоғида Давлат чегара чизиғининг 49 та участкаси бўйича қўшма дала текширувлари ўтказилди ва позициялар келишиб олинди.
“Учрашув 26 октябрь кунидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти руҳида бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдорлигини таъкидлаган эдилар”, – дейилади ТИВ хабарномасида. Ишчи гуруҳларнинг келгуси учрашуви Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Туркистон:
Ўзбекистон Каримовнинг ўлимидан кейин, худди кутиб турилган ҳодиса рўй бергандек ёки илгаридан таёрланиб қўйилгандек бир қатор ўзгаришлар ясаш томон илдамлик билан юра бошлади. Мирзиёев мамлакатни Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Россия бозорларини хом ашё, озиқ овқат маҳсулотлари ва енгил саноат материаллари билан таъминлаб берувчи ўлкага айлантирмоқчи. Албатта бу буюк мақсадларини рўёбга чиқариши учун чегара муаммоларини ҳал қилиш ва қўшни давлатлар билан бўладиган иқтисодий алоқаларга тўсиқ бўлган барча муаммоларни ҳал қилиши талаб қилинади. Шулардан энг каттаси чегаралардаги тўсиқларни олиб ташлаш масаласидир. Бу Россиянинг лоиҳаси бўлиб, шу кунларда ШОС ташкилоти воситасида Қирғизистонда бош вазирлар йиғилиши ўтмоқда. Бу анжуман ҳам ўша йирик лоиҳа учун ташланаётган қадамларнинг навбатдагисидир.
Аслида аввалроқ бу йирик лоиҳа Каримовнинг ўзига таклиф этилган эди. Лекин, мамлакатда исломий зулмлар олиб борилгани ва бутун исломий қатламнинг нафрати Каримовга қаратиб юборилгани боис мусулмонларнинг салбий муомиласидан қўрққан Каримов иқтисодий ислоҳотлар йўлида дадил қадамлар ташлай олмади.
Аммо Мирзиёевда ҳозирча бу лоиҳани амалга ошириш учун тўла шароит бор. Фақат у ҳам мусулмонларга қарши бораётган зулмларни янада кучайтириш йўлидан кетиб қолмаса. Чунки атрофдаги қўшни давлатлар фуқороларининг аксари мусулмонлардан иборатдир. Демак у ўз фуқороларини эмас, балки бутун минтақадаги мусулмонларни ўзининг режасига нисбатан тутадиган муносабатини эътиборга олиши керак. Чегарани енгиллатиш билан мусулмонлар ўрталарида нафақат иқтисодий алоқалар, балки табиий равишда ижтимоий, сақофий ва ҳатто сиёсий алоқалар ҳам ривожланади. Шунинг учун Мирзияевнинг олдида иккита йўл бор. Бири қўшни давлатларга босим қилиш билан уларни ҳам ўзига мутаносиб равишда мусулмонларга қарши репрессив сиёсатга ундаш. Иккинчиси, ўз юртида иқтисодий ислоҳотлар ясаб бориш билан бирга, мусулмонларга нисбатан ҳам ижобий муносабатлар кўрсатиб, ислоҳий алоқалар ўрнатиш томон юриб бориш.