Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида ижобий ўзгаришлар қайд этилди
2016 йил 26 октябр куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳамкорликни бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашиб, ўзаро муносабатларнинг бир қатор асосий йўналишларида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида қайд этиб ўтишган.
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Фарғона водийсининг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилиги иштирокида Андижон ва Ўш шаҳарларида ўтган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистоннинг нуфузли делегациялари учрашувлари кўп асрлик анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон- Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдор эканини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бундан буён ҳам турли даражадаги ўзаро алоқаларни давом эттириш ва рағбатлантиришга келишиб олдилар.