Тожикистонда рўмолли аёллар рўйхатга олинмоқда
Аҳолисининг 97 фоизи мусулмонлардан иборат бўлган Тожикистонда президент Имомали Раҳмон узоқ йиллардан бери Ислом дини ва унинг қадриятларига қарши курашини кунда-кунга кучайтириб бормоқда.
Аввалига, Имомали Раҳмон 2010 йили Тожик миллий универститети талабалари билан бўлган учрашувида пойтахт кўчаларида хижоб кийган аёллар билан қизларни кўп кўра бошлаганини айтиб, бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган бўлса, 2015 йилнинг кузида мамлакатнинг унчалик катта бўлмаган Кўлоб шаҳрининг қизларини ҳижоб кийганлиги учун танқид қилган эди.
Президентнинг бу чиқишидан сўнг бозорларда рейдлар ўтказилиб ҳижоб билан савдо қилмаслик талаби қўйилди. Талабга итоат қилмаган тадбиркорларнинг моллари мусодара қилиниб, ўзлари йирик миқдордаги жаримага тортилди. Ҳукуматнинг тарғибот машинаси бўлган миллий телеканаллар орқали эса ҳижобли аёлларни ёмонотлиқ қилиш кампанияси бошланиб, жинсий хизмат кўрсатувчилар араб кийимлари билан кўпроқ мижозларни жалб қилиши ҳақидаги лавҳаларни намойиш этилиши одатга айланди.
Муслима аёлларни “араб маданият”дан ҳимоя қилишни “уддасидан” чиққан расмий ҳукумат бугунга келиб рўмол ўраган аёлларни рўйхатга олишни бошлаб юборди.
Сўғд вилояти Хўжанд шаҳри ИИБ бошлиғи Эмин Жалолов берган ҳисобатга кўра, сатри автар (рўмол ўраган) 643 нафар аёл ва қизлар рўйхатга олинди.
Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари ва ҳокимият вакиллар жорий йил бошидан бери бозор ва савдо шаҳабчаларида 40дан ортиқ рейд ўтказди. Мазкур рейдлар давомида рўмол ўраб юрган 643 аёл-қизлар махсус рўйхатга олинган. Жалоловнинг айтишича, рўйхатга олинган аёлларнинг аксариятини маҳаллий бозорда савдо қилувчи аёллар ташкил қилган.
Ҳукумат томонидан қўйилаётган таъқиқ ва тазйиқларга қарамай пойтахт Душанбе ва бундан ташқари Сўғд вилояти каби мамлакатнинг шимолий минтақаларида ҳижоб кийишга бўлган интилиш яққол кўзга ташлана бошлади. Бу минтақаларда ҳижоб билан юришни афзал кўрган аёллар сони аввалгига қараганда анча юқори. Бошқа минтақаларда ҳам рўмол билан юрадиганлар кўпчиликни ташкил қилиб бормоқда. Тожик ҳукуматига қарашли аёллар қўмитаси тарафидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳижоб кийган аёлларнинг аксарияти ҳижобга диний вазифа, яъни шаръий ҳукм ва ҳимоя воситаси сифатида қараши маълум бўлди.
Имомали Раҳмон бошчилигидаги тожик ҳукуматининг Ислом ва мусулмонларга қарши олиб бораётган тинимсиз курашишига қарамай жамият ичида исломий кўринишлар ва исломий қадриятлар кенг тарқалиб бориши янада кескинроқ чоралар кўришга олиб келмоқда.