Руанда Олий ислом кенгаши томонидан Руанда муфтийлигига тайинланган Шайх Солим Ҳитимана мамлакатда Ислом тезлик билан ёйилиб бораётганини билдирди.
Бироз аввалроқ Руанда муфтийси сифатида вазифасини бошлаган Ҳитимана Руандада 1994 йилда мусулмонларга қарши содир этилган геноциддан то ҳозирга қадар мусулмонлар ҳолати ҳақида оммавий ахборот воситалари мухбирларига интервью берди. Муфтий Ҳитимананинг билдиришича, Исломни қабул қилаётган инсонларнинг сони жуда кўплиги сабабли уларга дин таълимини берадиган Исломий марказлар ва таълим муассасалари етарли имконият топа олмаяпти.
“Янги мусулмон бўлаётган ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизга афсуски, фақат бир ойдан ортиқ диний таълим беришга имконият топа олмаяпмиз. Шунчалик кўп одамлар мусулмон бўляпдики, биз улгура олмаяпмиз. Сўнгги ойларда мамлакатнинг шарқида жойлашган бир черковга мансуб беш минг киши Исломни қабул қилди. Аммо етарли имкониятларимиз ва жойларимиз бўлмаганлиги учун биз уларга ўрмонларда ва дарахтлар остида динимизни ўргатяпмиз”, дейди Шайх Солим Ҳитимана.
Ҳитимананинг таъкидлашича, Руандадаги расмий статистик маълумотлар бўйича Мусулмонларнинг сони 320 минг атрофида бўлишига қарамай, аслида ҳақиқий кўрсаткич бундан анча кўпдир. 1994 йилда содир этилган геноциддан кейин насронийларнинг тез суръатда Исломни қабул қилаётганлигини билдирган Ҳитимана мусулмонларнинг ҳақиқий сони расмий рақамлардан анча кўплигини қайд этди. Чунки мусулмон бўлгандан кейин уларнинг номлари ўзгартирилса ҳам расмий ҳужжатларда собиқ номи билан қолаверади.
“Масалан аввал Жозеф бўлган киши Исломни қабул қилгандан сўнг исмини Юсуф деб ўзгартирса ҳам, бироқ расмий ҳужжатларда биринчи исми ёзилаверади. Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, Руандада 320 минг эмас, 1,5 миллион мусулмонлар яшамоқда”, дейди у.