Вашингтонда президент Барак Обаманинг мезбонлигида бўлиб ўтган ядро хавфсизлик саммити якунланди. Саммит 52 давлат раҳбарлари ҳамда бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Халқаро полиция ташкилоти (ИНТЕРПОЛ) ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) иштирокида бўлиб ўтди. Бироқ саммитга Россия ва Покистон иштирок этмади.
Оқ уйда ташкил қилинган кечки меҳмондорчиликдан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғон билан АҚШ Президенти Барак Обама ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди ва бу учрашув тахминан 50 дақиқа давом этди. Учрашувда АҚШ-Туркия ўртасидаги ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ва “терроризм”га қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинганлиги айтилмоқда.
Саммитнинг иккинчи куни эса, ядро хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида миллий ҳаракатлар мажлиси билан бошланди. Обама ўзи бошчилик қилаётган мажлисда “аниқ” ташланган қадамлар туфайли дунёда ядровий терроризм хавфи камайганлигини айтиб ўтди.
Саммитдан сўнг эълон қилинган хулосада ядровий таҳдидлар халқаро тизим учун ҳали ҳам энг муҳим таҳдидлардан бири ҳисобланиши ва бу таҳдидга қарши биргаликда курашиш ўта зарурлиги таъкидланди. Ядровий қуролсизланиш ва ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш лозимлигига ишора қилинган баёнотда Халқаро Атом энергияси агентлигининг бош масъулияти ва марказий роли глобал ядровий хавфсизлик архитектурасида муҳим аҳамият касб этишига урғу берилди.
Ядровий хавфсизлик саммити доирасида бўлиб ўтган Ядро саноат Саммитида Туркия дохил 16 давлатга “Тинчлик Атомлари” мукофоти берилди. Туркияга оид мукофотни энергия ва табиий бойликлар вазири Барот Албайрак қабул қилиб олди.