
Толибон делегацияси Қатар давлатининг пойтахти Доҳада Афғонистон Олий тинчлик Кенгаши аъзолари билан дастлабки учрашувни амалга оширди. Учрашувда 14-йиллик АҚШ босқини ва фуқаролик урушига якун ясаш кўзда тутилган расмий тинчлик музокараларини бошлаш учун Толибон ҳаракати ўзининг шартларини эълон қилди. Толибон воизи Забиҳуллаҳ Мужоҳид музокара бошланишидан аввал Толибон ҳаракати «халқаро терроризм» рўйхатидан олиб ташланишини талаб қилди.
“Ҳар қандай расмий тинчлик музокаралари ўтказилиши учун бизнинг мужоҳидларимиз АҚШ ва БМТнинг терроризм рўйхатидан олиб ташланиши ва уларни қўлга олганлар учун ваъда қилинган мукофотлар бекор қилиниши лозим”, деди Толибон ҳаракатининг воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
2013 йилда Қатар пойтахти Доҳада очилгандан сўнг баъзи сабабларга кўра қайта ёпилган Толибон сиёсий бюросининг янгидан очилишини ҳам талаб қилган Забиҳуллоҳ ҳозирга қадар ўтказилган учрашувларга «ижобий» баҳо берди.
“Шу кунгача бир неча маротаба ва бир қанча нуқталарда келиша олдик, деб айтишим мумкин. Биринчи ўринда барча хорижий қўшинлар олиб чиқилади. Аммо бу қандай амалга оширилиши ҳақида ҳанузгача келишилмади”, деди Толибон воизи “AFP” ахборот агентлигига берган интервьюсида.
“Хусусан мустақил исломий режим ташкил қилиш борасида барчанинг фикри бир хилдир. Айниқса, иштирокчиларнинг кўпчилиги режимнинг номи “Афғонистон Ислом Амирлиги” бўлишидан розидирлар”, дея қўшимча қилди Воиз.
Олий Тинчлик Кенгаши сафида Афғон ҳукумати тарафидан вакил сифатида йиғилишга иштирок этаётган Аминуддин Музаффарий эса Толибон ҳаракатининг талаб ва шартларига нисбатан бироз танқидий маънода фикр билдирди.
“Ҳар қандай талаб ва шартлар келишув муддатининг кечикишига сабаб бўлмоқда”, деди у “AFP” ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Музокаралар халқаро “Pugwash Conferences” деб номланган гуруҳ бошчилигида олиб борилмоқда. “Pugwash” раҳбари Паоло Cотта-Рамусино Афғонистоннинг муаммоларига ҳарбий услуб ечим бўлмаслигини таъкидлади.