Президент Алмазбек Атамбаев 24 декабр куни йил якунлари бўйича ўтказган матбуот анжуманида Россия Қамбарота -1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини бунёд этиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаришдан бош тортаётгани сабабли “Путингга “Хафа бўлманг, бироқ биз бошқа ҳамкор излашимиз керак”, деб очиғини айтгани”ни маълум қилган эди.
Атамбаевнинг бу баёноти ортидан Украинанинг Қирғизистондаги элчиси Николай Дорошенко “Марал” радиоси билан қурган суҳбатида Украина гидроэнергетика тармоғида тажрибага эга бўлганлиги сабабли Қирғизистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирган эди.
“Албатта, Украина Қирғизистон билан барча тармоқларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Гидроэнергетика тармоғи Қирғизистон билан Украина ҳамкорлигинини бир бўлаги бўлиб қолади. Яқинда президент Алмазбек Атамбаевнинг ГЭСлар тўғрисидаги баёнотини эшитдим. ГЭСларни қуриш бўйича Украина тажрибаси 70- йилларга бориб тақалади. Бундай йирик иншаотларни қуриш янги технология ёрдамида амалга оширилади. Украина бу тарафдан ҳам катта имкониятларга эга. Агар Қирғизистон ҳукумати қизиқиш билдирса, элчихона Қирғизистон ва Украина энергетика тармоғи вакиллари ўртасида форум ўтказишга тайёр. Сабаби Украина йирик ГЭСларни барпо этишда махсус жиҳозлар билан тўлиқ таъминлай олади. Бу Қирғизистон учун ҳам жуда манфаатли деб ўйлайман”, – деган эди Дорошенко.
31 декабр куни эса, Қирғизистон ҳукумати Қамбарота -1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича Россия билан эришилган келишувни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ҳукумат матбуот котиби Бақит Асановнинг хабар қилишича, ҳукуматнинг бугунги йиғилишида иқтисодиёт вазири ўринбосари Ойбек Калиев, Россия ҳозирги иқтисодий ҳолатида келишувдаги йирик лойиҳаларни молиявий жиҳатдан таъминлай олмаслигини бўйнига олгани сабабли келишув бекор қилинганини маълум қилди.