Ереванда нарозилик намойишлари давом этмоқда

563
0

 Арманистон пойтахти Ереванда электр энергияси нархини оширилишига қарши ўтган ҳафтада бошланган норозилик намойишлари давом этмоқда. Бир неча кундан бери ўтказилаётган норозилик намойиши қатнашчилари президент билан учрашувдан бош тортдилар. Учрашув ўрнига намойишчилар президент Серж Саркисяннинг телевидение орқали эфирга чиқиб, электр энергиясига оширилган нархларни бекор қилишини талаб қилдилар.

 23 июн куни эрта тонгда полиция намойишчиларни сувпуркагичлар ёрдамида тарқатиб юборган ва 200 га яқин кишини қўлга олган эди. Бироқ, намойишчилар қайта йиғилиб полиция кучларидан ўзларини қўлбола баррикадалар билан тўсиб, ерга ўтириб олдилар. Аммо расмий ҳукумат намойишчилар талабларини бажаришни рад қилмоқда.

 Хабарларга кўра, 1 августдан бошлаб электр энергияси нархи 16 фоизга ошиб, 1 АҚШ долларини ташкил этиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2006 йили Россиянинг “Интер РАО ЕЭС” компанияси “Арманистон электр тармоқлари”нинг 100 фоиз акциясини сотиб олган.

 Туркистон:

Худди Қирғизистон каби Арманистон ҳам жорий йилнинг бошида Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган эди. Аъзо бўлиши ортидан электр энегрияси нархи бир неча бор оширилиб, охир оқибат норозилик намойишига олиб келди. Вужудга келган бу вазиятдан АҚШ унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиши шубҳасиз. Намойишчилар куч билан тарқатиб юборилиши ортидан кўплаб ғарб оммавий ахборот воситалари бу тўғрисида жар солишни бошлаб юборишди.

 Арманистон ҳукуматининг намойишчилар талабларини қондиришдан бош тортаётгани ҳам бежизга эмас. Чунки  ҳудди “Қирғизгаз” компанияси Россиянинг “Газпром”ига 1 АҚШ долларига сотиб юборилгани каби, “Арманистон электр тормоқлари” ҳам Россияга қарашли компания қўлида экан.

 Айни вақтда Қирғизистонда ҳам “Қирғизгаз”ни 1 долларга сотиб олган “Газпром” компанияси бир йил сукут сақлаганидан сўнг газ нархини ошириш масаласини кўтариб чиқди. “Газпром Қирғизистон” компанияси 24 июн куни газ нархини ошириш бўйича бош вазир Темир Сариевга таклиф киритди. Гарчи расмий ҳукумат вакиллари газ нархини белгилаш бизнинг қўлимизда, деб кўкрак керишаётган бўлсада, газ таъминотини тўла монополия қилиб олган “Газпром Қирғизистон” белгилаган нархга кўнишдан бошқа иложи йўқ. “Газпром Қирғизистон” эса нарх пастлиги баҳонаси билан газ нархини ой сайин 3-5 фоиз ошириб боришни таклиф қилмоқда. Расмий ҳукумат ҳам газ тарифларини қайта кўриб чиқишга рози бўлди ва беш йилга мўлжалланган тариф сиёсатини тайёрлаш ҳамда махсус ишчи гуруҳ тузиш ҳаракатига тушиб қолди. 

 “Газпром Қирғизистон” нарх пастлиги иддаоси билан газ нархини ошириш пайида бўлсада, аслида Қирғизистонга етказиб берилаётган газ Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларга нисбатан икки-уч баробар қиммат экан. “Взгляд” газетасининг маълумотига кўра, 1000 куб метр газ Россияда 5100 рубл, Қозоғистонда 3700 рубл, Беларусда 6100 рубл, Қирғизистонда эса 13 784 сомни ташкил этади. Бугунги кунда рубл ва сом деярли тенглашиб қолган. 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here