Яна бир фуқаро чегарачилар ўқидан қурбон бўлди

526
0

 Қирғизистон Давлат чегара хизматининг маълум қилишича, 13 ноябр тонгида қирғиз-ўзбек чегарасидан контрабанда моллари олиб ўтишга уринган Қирғизистон фуқароси ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган. Воқеа Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Ўзак қишлоғига яқин жойда, чегара аниқ белгиланмаган ҳудудида содир бўлган.

 Маълумотларга кўра, ўлдирилган қирғизистонлик 40 яшар Аҳмаджон Ëқубжонов Жалолобод вилояти Олабуқа туманининг Подек қишлоғида яшаб келган.

 Бу жорий ҳафта ўзбек-қирғиз чегарасида ўқ отар қуролдан фойдаланилган иккинчи воқеа бўлди. 10 ноябр куни Қизилқия-Қадамжой автойўлида Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллагани оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Марказ қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро тан жароҳати олган эди.

 Собиқ шўролар давлати томонидан белгиланган ва ҳозирга қадар Ўрта Осиёдаги қардош халқлар ўртасига раҳна солиб келаётган чегаралар муаммолари шу минтақадаги давлатларнинг ўзаро муаммолари эмас. Балки халқаро сиёсатни бошқариб келаётган катта давлатлар томонидан атайин илгари суриб келинаётган муаммолардан биридир.

 Бу Қирғизистон ёки Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун атайин уюштириб келинаётган иш ҳам эмас. Негаки уларнинг барчаси шу чегаралардаги ҳар қандай муаммолардан фақат зиён кўради. Давлатлараро келишмовчиликлар ортидан ўрталаридаги чегара тўсиқларини кучайтириш ёки умуман беркитиб олиш билан якун топади. Бу эса ҳар икки томон халқи учун ижтимоий, иқтисодий муаммолар келтириб чиқариш билан бир қаторда, миллатчилик ҳаракатлари келиб чиқишига ҳам асос бўлади.

 Мустамлакачи давлатларга айнан шундай ишлар керак бўлиб, қўшни давлатлар қанча кўп ўзаро адоватда бўлишса,  уларни бошқариш, ўз йўлига солиш шунчалик осон бўлади. Шунинг учун ҳам катта давлатлар бу республикаларга чегараларни янада мустаҳкамлаш учун маблағ ажратиб келишмоқда.

 11 ноябр куни Қирғизистон Республикаси президенти аппарати ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сапар Исоқов, Қирғизистонни Божхона иттифоқига қўшилиши бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш учун Россия ҳукумати ажратадиган 200 миллион долларни салмоқли қисми ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар билан чегараларни мустаҳкамлашга йўналтирилишини маълум қилган эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here