“Баҳор фаслида ҳаво ҳароратининг одатдагидан нисбатан паст бўлгани, чигитнинг униб чиқиши 8-10 кунга кечиккани, айрим ҳудудларда ғўзани сел ва дўл уриб кетгани, турли касаллик ва зараркунандалар кўпайгани, ёздаги сув танқислиги, кузнинг анча эрта ва салқин келгани деҳқон ва фермерларимиз учун жиддий қийинчиликлар туғдирди, – дейилади табрикда. – Жорий мавсумнинг мана шундай ноқулай ва мураккаб келишига қарамасдан, биринчи навбатда кўп йиллар давомида тўпланган тажриба ва замонавий агротехникани самарали қўллаганимиз, шулар қаторида ўз вақтида ғўзани “шарбат” усулида суғориб, маҳаллий ўғитнинг орттириб берилгани, олим ва мутахассисларнинг тавсия ва маслаҳатлари туфайли, қандай оғир бўлмасин, ҳосилни сақлаб қолишга эришганимиз, бир сўз билан айтганда, деҳқон ва фермерларимизнинг мардлиги ва матонати, ташаббускорлиги бу йилги ютуғимизнинг қадр-қимматини янада оширади”.
Президентнинг айтишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда пахтачиликдан олинадиган ялпи даромад ўтган йилга нисбатан 12 фоиз ёки 400 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда. Бу йил пахта хомашёсини юқори сортларга сотишнинг ўзидан фермер хўжаликлари 200 миллиард сўмдан зиёд қўшимча даромад олишга муваффақ бўлди.
“Бунинг ҳисобидан биз деҳқон ва фермерларимизнинг, қишлоқ аҳлининг даромадларини оширишга, кўзлаган эзгу марраларимизга етиш, эл-юртимизни янада обод ва фаровон бўлишига эришамиз, иншоолло”, – дейди Ислом Каримов.
Туркистон:
Ўзбекистон халқининг улушига тушган, собиқ Шўро давридан мерос бўлиб келаётган пахта йиғим-теримининг навбатдаги мавсуми ўз ниҳоясига етмоқда. Собиқ Шўролар даврида марказдан режа тузилиб ўзбек деҳқонларига мажбурият юклаб келинган бўлса, “мустақиллик”дан сўнг бу салоҳият Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига ўтди.
Айниқса бу йилги пахта йиғим-терими аввалги йилларга қараганда ўзининг кенг қамровлилиги билан ажралиб турди. Бунинг сабаби аввалги мавсумларда Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида энг арзон ишчи кучи бўлмиш мактаб ўқувчиларидан кенг кўламда фойдаланар эди. Аммо Ғарб давлатлари мактаб ўқувчилари кучларидан фойдаланиб терилган пахтани сотиб олишликка бойкот эълон қилгани ва бунга дунёнин юздан зиёд тўқимачилик фирмалари қўшилгани сабабли Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги пахта йиғим-теримида мактаб ўқувчилари кучидан фойдаланмаслик ҳақидаги буйруғи эълон қилинди. Бу буюруққа биноан мактаб ўқувчилари ўрнига уларга таълим бериши керак бўлган ўқитувчилар, шифокорлар, давлат корхоналари, хусусий ташкилотлар, шаҳар ва маҳаллалардан хашарчилар ихтиёрий-мажбурий равишда пахтага хайдалди ва жон олиб, жон бериб пахта хирмонини бунёд этишди. “Озодлик” радиоси олиб борган ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги пахта мавсуми мобайнида ўн тўққиз фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Каззоб Каримов эса ўз одатига мувофиқ бу сафар ҳам халқни алдашга ҳаракат қилиб, “Бунинг ҳисобидан биз деҳқон ва фермерларимизнинг, қишлоқ аҳлининг даромадларини оширишга, кўзлаган эзгу марраларимизга етиш, эл-юртимизни янада обод ва фаровон бўлишига эришамиз, иншоолло”, – дейди.
Йигирма тўрт йилдан ошиқ вақтдан бери кўкрагига шамол тегмаган Ўзбекистон халқи ва айниқса қишлоқ аҳли шу кунга қадар қандай ҳаёт кечириб келган бўлса, яна шундай ғўзапоя текканига хурсанд бўлиб, ўз кунини ўзи бир амаллаб эплаб ўтказаверади. Пахта, олтин, газ ва бошқа яна кўплаб ер усти ва ости бойликларидан эса фақат бир ховуч амалдорлар манфаатдор бўлиб қолаверади.