НАТО ҳарбий қўмондони генерал Филип Бридлав Украинада ҳукумат ва россияпараст исёнчилар ўртасида имзоланган ўт очишни тўхтатиш битими фақат қоғоздагина мавжудлигини билдирди. Бридлавга кўра, ҳозирги ҳолат ўт очишни тўхтатиш битими имзоланишидан аввалги ҳолатдан ҳечам фарқ қилмайди. Бироқ шундай бўлсада, НАТО қўмондони шанба куни эрталаб имзоланган сулҳ битимидан умидвор эканлигини қайд этди.
Украина шарқида давлат армияси билан айирмачи кучлар орасида кечган жангларда уч мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. 5 сентябрда эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш қарори тез-тез бузилаётгани кузатилмоқда.
Генерал Филип Бридлав Литванинг пойтахти Вилнюсда ўтган НАТО қўмондонларининг йиғилишидан сўнг берган баёнотида зўравонликлар ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлади. Генералга кўра, Россия қўшинлари Украинадан чиқиб кетмас экан, вазият таранглигича қолаверади.
“Шу онда Украинадаги ҳолат яхши эмас. Охирги бир неча кун ичида бўлиб ўтган оғир артиллерия ҳужумлари битим имзоланишидан аввалгисидан фарқи йўқ. Ўт очишни тўхтатиш қарори номигагина имзоланган, холос”, деди НАТО қўмондони Бридлав.
Генерал Бридлавнинг билдиришича, ўтган ҳафтадан бошлаб Украина тупроқларидаги рус ҳарбийлари мамлакатни тарк эта бошлаган. Аммо улар Россига қайтган эмас, чегара атрофида турибди. Ҳар замон Украинага қайтиши мумкин.
Айни пайтда охирги олинган хабарларга кўра, Россия денгиз флотига оид икки ҳарбий кема Мармара денгизи тарафдан келиб Чанаққала бўғозидан ўтган. Эгей денгизи тараф йўл олган “MB-31” ва “Samum-616” русумли жангавор кемаларга соҳил хавфсизлик қўмондонлиги ҳамроҳлик қилгани айтилмоқда. Кемалар қайси портга бориб тўхташи ҳақида аниқ маълумот йўқ.