Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олган Россия давлати минтақадаги мусулмон халқларга босим ўтказишда давом этмоқда. Ҳукумат мулозимларига кўра, Мусулмон халқлар динларида буюрилган ибодатларни ўзлари истаган китоблардан эмас, балки давлат белгилаб берган китоблардан ўқиб ўрганишлари лозим.
Қрим муфтилиги Россияда таъқиқланган “экстримистик” руҳдаги китоблар рўйхатини эълон қилди. Муфтиликнинг огоҳлантиришича, Қримдаги мусулмонларнинг рўйхатдан ўрин олган китобларни чоп қилишлари, тарқатишлари ва уйларида сақлашлари уларнинг жазога тортилишига сабаб бўлади.
Қрим муфтилиги минтақадаги исломий ташкилотлар ва жамиятларга ҳамда диний шахсларга бу рўйхат Қримда ҳам амалда қўлланишини билдирди. Муфтилик улардан таъқиқланган китобларни топиб йўқ қилишни ва бу борада турли чора-тадбирлар кўришни талаб қилди.
“Экстримистик” руҳдаги китоблар рўйхатига Ҳизбут Таҳрирнинг барча китоблари, Росулуллоҳ с.а.в.нинг ҳаётлари баён қилинган сийрат китоблар, туркчадан таржима қилинган “Исломда одоб-ахлоқ маданияти” (Култура поведения в Исламе) китоби, Бадиуззамон Саид Нурсининг “Рисолаи нур” асари ва яна бир қанча китоблар киритилган. Жами бўлиб, Муфтилик эълон қилган рўйхатда Ислом динига алоқадор 75 та китобнинг номи келтирилганлиги айтилмоқда.