Туркия Исроилни танқид қилди, аммо алоқалар жойида

0
579

 Туркия президентлигига номзод ва ҳозирда Туркия бош вазири мансабида иш юритаётган Ражаб Тоййиб Эрдуғон Туркиянинг Бурса шаҳридаги “Кўкдара” майдонида ташкил қилинган митингда нутқ сўзлади.

У ўз нутқида Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумини қоралаб, Фаластиндан келаётган ёмон хабарлар айнан рамазон ойида содир этилаётганлигини айтиб ўтди.

“Террорчи давлат Исроил бир неча кунлардан буён Ғазони бомбаламоқда. Энди эса қуруқликдан ҳужумга ўтди. Охирги ҳафталарда аксарияти ёш болалар ва аёллардан иборат 240 нафардан ортиқ мусулмон шаҳид этилди. Икки мингдан ортиқ мусулмон жароҳат олди. Исроил мактабларни, шифохоналарни, жомеларни аёвсиз инсофсизларча ҳужумга тутмоқда. Ўрта Шарқда ғайри инсоний ҳужумлар давом этар экан, минг афсуслар бўлсин, дунё жим қараб турипти, Ислом ўлкалари ҳам жимгина кузатиб турипти. Баъзилар бизнинг Ғазо учун овозимизни чиқаришимиздан ҳам жиддий хавотирга тушмоқда. Аммо биз Туркия давлатимиз. Биз Усмон Ғози, Орҳан Ғози ва Йилдирим Боязитнинг невараларимиз. Хамма жим тураверсин, биз жим турмаймиз”, деди бош вазир.

Эрдуғон дунёдаги баъзи раҳбарлар “Исроилнинг ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланаётгани” ҳақида берган баёнотини ҳам танқид остига олди.

“Бу қандай химоя ҳуқуқи бўлдики, Исроил тарафидан ҳеч ким ўлган эмас. Ўлганларнинг барчаси Фаластинлик. Шу онда 240 нафардан ортиқ ўлик бор, улар орасида ёшболалар, қарилар, аёллар бор. Буни қандай ҳимоя ҳуқуқи дея оласиз”, “Буни қарангки, Фаластиндан Ракета отилар экану ҳавода зарарсизлантирилар эмиш ва ҳеч ким ўлмас эмиш. Буларнинг хаммаси ўйин. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Янги салб юриши қаршисида турипмиз. Бу жуда катта хато юришдир. Мен Ғарбга мурожаат қилиб шуни айтаман: бу тўғри ёндошув эмас. Ишонаманки, бу ёндашув эртага сизларнинг ҳам бўғзингиздан олади”, дея сўзини давом эттирди Эрдуғон.

Туркия бошвазири БМТ ва ЕИ каби нуфузли ташкилотларга ҳам мурожаат йўллади.

“Бу ердан туриб шундай деб мурожаат қиламан: Эй Европа Иттифоқи, нега жимсиз? Мисрга, Ироққа, Сурияга жим қараб турдингиз. Фаластинда инсоният қадр қиммати ерга урилмоқда, нега жимсиз? Бу ердан туриб БМТдан сўрайман: яна қанча вақтгача жим қараб турасиз? Фаластинлик болалар бола эмасми?! Фаластинлик аёллар аёл эмасми? Эй инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, яна қачонгача “бекинмачоқ” ўйнайсиз? Буни қаранг, исроиллик бир депутат аёл чиқиб “бутун фаластинлик оналар ўлиши лозим”, демоқда. Исроил парламентидаги тушунча мана шу. Дунёдан бир жавоб эшитдингизми? Дунё жим қараб турса ҳам, биз жим қараб турмаймиз. Ислом ўлкалари Фаластинга орқа ўгирсалар ҳам биз ўгирмаймиз. Тарих бизга шуни буюради. Аждодларимиз Усмон Ғози, Орҳан Ғози биздан шуни кутади. Қўлимиз билан, тилимиз билан ҳеч нарса қилмасак ҳам, қалбимиз билан ҳақни айтишда давом этамиз. Бу ҳам иймоннинг энг зайиф даражасидир”, деди Эрдуғон қўлидан ҳеч нарса келмаслигига ишора қилиб.

Туркистон:

Эрдуғон Фаластин ҳақида жўшиб гапираётган бўлса ҳам, бироқ Исроил билан ҳарбий ва иқтисодий алоқаларини ҳар доимгидек давом эттирмоқда. Мусулмонлар Исроил давлатининг элчихонаси атрофида тўпланиб “сионист элчилиги ёпилсин”, деб талаб қилишига қарамай, Исроил элчихонаси Туркияда ўз фаолиятини бемалол давом эттиряпти. Ҳатто унга бирор зарар етмаслиги учун турк полициячиларидан жонли девор ҳам ташкил қилинган.

Эрдуғоннинг бу танқидий сўзлари янграр экан, тадқиқотчи журналист Себат Лочинэр Исроил билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ва тижорий алоқалар кўламини очиқлади.

Тадқиқотчининг очиқлашича, Туркия ва Исроил давлати орасидаги дўстона алоқалар жуда яхши кетмоқда. 2002 йилда, яъни Ражаб Тоййиб Эрдуғоннинг “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳокимият тепасига келган йилда Исроил-Туркия ўртасидаги тижорий алоқалар ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилар эди. Бу рақам 2011 йилга келиб 4 миллиард долларга етди. Яъни Исроил-Туркия ўртасидаги тижорат ҳажми 2011 йилга келиб 300%дан кўпроққа кўтарилди.

Икки давлат ўртасида Давос инқирози, Мармара қатлиоми ва бошқа турли оғзаки низолар юзага келишига қарамай, улар орасидаги тижорат ҳажми 2013 йилда ҳам тўхтамади. Балки 5 миллиард долларга яқинлашиб қолди. 2013 йилда Туркиянинг Исроилдаги сармояси 1,3 миллиард долларлик 147 лойиҳани ташкил қилди. Исроилнинг Туркиядаги сармояси эса 4 миллиард доллардан ошиб кетди.

Тадқиқотчига кўра, Туркия ва Исроил бир бирини қаттиқ танқид остига олишига қарамай, ораларидаги ҳарбий битимларни ҳам бекор қилган эмас. Сурияда бошланган ички урушлардан сўнг Туркия билан Исроил турли соҳаларда алоқалар ўрнатди. Турк ширкатлари Ўрта Шарқ бозорига кириш учун Суриянинг ўрнига Исроил линиясидан фойдалана бошлади. Шунга кўра турк кемалари аввал Исроил портларига тўхтаб, сўнг у ердан молларни Иордания ва Кўрфаз давлатларига етказади.

Айни пайтда Исроил газини аввал Жайҳунга олиб келиб, ундан сўнгра Туркия орқали Европа бозорига олиб чиқиш ҳақидаги даъволар матбуотга сизиб чиқди. Даъвога кўра, Исроил газини Туркиянинг энг катта ширкатларидан бири бўлган “Зорлу Ҳолдинг” ширкати Туркияга олиб келади.

“Зорлу Ҳолдинг” ширкатининг раҳбари жаноб Зорлунинг билдиришича, Давос ва Мармара каби низоларга қарамай, Исроил билан ҳамкорлик қилиш Туркия тарафидан ҳам, Исроил тарафидан ҳам ҳеч қандай қийинчиликка дуч келган эмас.

 “Ғазони бомбалаган Исроил самалётларининг ёқилғилари ҳам Туркиядан кетганлиги сўнги кунларда матбуотда сизиб чиққан бошқа даъволар орасидан ўрин олди. Демак, Исроил билан Туркия ўртасидаги алоқалар ўз йўлида кетмоқда. Ҳар ким фойда изидан овора, бошқа нарсалар қизиқтирмайди. Ғазода ва Ғарбий қирғоқда эса қирғинлар давом этмоқда. Вазият шундай бўлишига қарамай, Туркия Исроил билан тижорий ва бошқа алоқаларини узган эмас ёки бирор чеклов ҳам қўйган эмас. Мавжуд сиёсатлардан кўриниб туриптики, Исроилга қарата айтилган гапларга зид равишда Туркия у билан яхши алоқалар ўрнатган давлатдир. Шундай давом этадиган бўлса, келажак 10 йилда икки давлат орасидаги тижорат ҳажми 20 миллиард доллардан ошиб кетишини тахмин қилиш мумкин. Бу вазиятда ҳар турли сиёсий гаплар ўз-ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас”, дея ёзади Тадқиқотчи.

NO COMMENTS