Тожикистонда ҳижоб кийиш таъқиқланганига қарамай ҳижобли аёлларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Охирги пайтларда Исломнинг бошқа аҳкомлари билан паралел равишда ҳижоб кийишга бўлган эътибор ҳам Тожикистоннинг барча минтақаларида аввалгига қараганда анча ортган. Бу холат Рахмонов ҳукуматини хавотирга солиб қўйганлиги туфайли бир қанча жойларда, жумладан ўқув масканларида ҳам ҳижоб кийиб юришга қўйилган чеклов янада кучайтирилди.
Пойтахт Душанбеда ва бундан ташқари Суғд вилояти каби мамлакатнинг шимолий минтақаларида ҳижоб кийишга бўлган интилиш яққол кўзга ташланади. Бу минтақаларда хижоб билан юришни афзал кўрган аёллар сони аввалгига қараганда анча юқори. Бошқа минтақаларда ҳам румол билан юрадиганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Тожик ҳукуматига қарашли аёллар қўмитаси тарафидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳижоб кийган аёлларнинг аксарияти ҳижобга диний вазифа, яъни шаръий ҳукм ва ҳимоя воситаси сифатида қарайди.