“Газпром” ҳам газ муаммосини ҳал қила олмаяпти

525
0

3AA84582-9CDC-4889-BB58-C8A437A0AB68_w974_n_sЎзбекистон Қирғизистоннинг жанубий минтақаларига табиий газ етказиб беришни тўхтатиб қўйганлигига қарийиб бир ой бўлди. Қирғиз ҳукуматининг билдиришича, расмий Тошкент бу ҳақида шу кунгача ҳеч қандай изоҳ бермай келмоқда.

Баъзи таҳлилчилар Қирғизистонга берилаётган газнинг тўхтатиб қўйилиши ортида жуда катта сиёсий ўйин кетаётганлигини тахмин қилишмоқда.

Газ масаласини тартибга солиш бўйича сўзлашувларни “Қирғизгаз”нинг янги хўжайини ҳисобланган “Газпром” олиб бориши маълум қилинган эди. Аммо ҳукумат етакчиси Жоомарт Отурбаев НТС каналига берган интервьюсида бу масалани ҳал қилишга “Газпром”нинг ҳам тиши ўтмаётганлигини билдирди.

“Мен шахсан ўзим Ўзбекистон ҳукуматига газ беришни давом эттиришни сўраб мактуб юбордим, жавоб йўқ. “Қирғизгаз”ни “Газпром” олгандан кейин, демак у газ етказиб беришга жавобгар бўлиши керак. Лекин менинг билишимча, шундай куч-қудратга эга “Газпром” ҳам бу масалани ҳал қилишни эплай олмаяпти. Бошқача айтганда, уларнинг ҳам бу масалада таъсири бўлмаяпти”, деди Отурбаев.

Баъзилар бу борада “Газпром”ни эмас,  “Қирғизгаз” етакчилиги ва Қирғиз ҳукуматини айблаш сиёсатини юргизмоқда. Кремл йўналишидаги иқтисодий кўзқарашга эга Жумақодир Аканеев ҳукумат бундай вазиятнинг олдини олиши керак эди, деган фикрда.

“Бу ерда “Қирғизгаз” етакчилиги ва ҳукумат тарафидан катта камчиликка йўл қўйилган. Чунки улар Ўзбекистон билан тузилган битимни яна чўзишлари керак эди. Газ тармоғини “Газпром”га ўтказиб бериш бир, икки ой вақт олиши мумкинлигини олдиндан билиши керак эди. Яъни улар “Газпром” ҳуқуқий тарафдан битимга қўл қўйган бўлса ҳам, газ маҳсулотини тўлиқ ўзига ўтказиб олиш жиҳати чўзилиб кетишини ҳисобга олиши керак эди”, дейди Аканаев.

Жокоргу Кенешда энергетика бўйича тузилган қўмитанинг раҳбари Кожобек Рыспаев “Қирғизгаз” бўйича битим тузиш пайтида газ тўхтамайди деб кафиллик берилганлигини урғулади.

“Биз мана шу келишимни тузаётганда уни бизга тақдим қилган етакчилар газ тўхтамайди, деган кафолат борлигини айтишган эди. Бироқ натижаси бошқача бўлмоқда. Демак мана шу келишимни парламентга тақдим қилган ҳукумат аъзолари ва “Қирғизгаз”нинг етакчиси жавоб бериши лозим”, деди Рыспаев.

Айни пайтда энергетика министри Осмонбек Артикбаев “Қирғизгаз”ни сотиш бўйича тузилган битимда газ узилиб қолмаслик кафолатини “Газпром” ўз бўйнига олганлигини таъкидлади.

“Газ масаласи бўйича битимда “Газпром”нинг вазифалари ёзиб қўйилган. Келишувга кўра, бу ширкат газнинг узилиб қолишига йўл қўймаслиги керак эди. Ҳозир газнинг масаласини йўлга солиш бўйича уч тарафлама сўзлашувлар олиб борилмоқда”, деди Артикбаев.

Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистонда иккита газ конини ишлатади. “Қирғизгаз”ни сотиб олиш бўйича тузилган битимда “Газпром” “Ўзбектарансгаз”дан олган газни Қирғизистоннинг жанубий минтақасига бериши керак эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here