Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳукумат тепасига келганидан сўнг ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида аввало дунёвий мухолифатни заифлаштириш ва сиёсий саҳнадан узоқлаштириш учун босқичма-босқич ҳаракатини бошлаб юборди. Бу мақсадда Атамбаев аввало ўзигa асосий рақиб бўлган Қирғизистон парламентининг депутати “Ата-Журт” партиясининг етакчиси Қамчибек Ташиевни сиёсий хатога йўл қўйишига муваффақ бўлди.
Шундан сўнг “Ата журт” партиясининг етакчиларидан яна бири Ахматбек Келдибеков устидан жиноий иш қўзғатилиб, давлат ваколатини суиистеъмол қилганлик ва молиявий қаллоблик айбловлари билан 2013- йилнинг 20- ноябр куни ҳибсга олинди. 2010-2011 йилларда парламентга раислик қилиб келган Келдибеков ундан аввал Қирғизистон Давлат ижтимоий таъминот жамғармаси ва Солиқ хизматига раҳбарлик қилган. Бунгача Келдибеков мансуб бўлган мухолифатдаги “Ата Журт” партиясидан парламент депутати Нариман Тулеев коррупцияда айбланиб қўлга олинган. Парламентдаги ҳукумрон кўпчилик вакили бўлган Қирғизистон ижтимоий ҳимоя вазири Равшан Собиров ҳам 20 минг доллар пора талаб қилганликда айбланиб, 5 йилга қамалган эди.
3- феврал куни Ала-Арча давлат қароргоҳида Қирғизистон республикаси Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йиғилишда Қирғизистондаги диний вазият қониқарли аҳволда эмаслиги ва “мустақиллик бошларида дин ишларига аралашмаслик сиёсати хато бўлганлиги” таъкидлаб ўтилди. Йиғилишда сўзга чиққан президент Атамбаев, “Чала мулла дин бузар деганларидек, айрим мусулмонсифатлар Ислом дини билан Араб, Бангладеш, Покистон маданиятини чатиштириб, халқимиз маданиятини бузаяпти. Қадимий қирғиз халқига ёт маданият, урф-одатларни таклиф қилаяпти. Кўчаларимизда соқолларини осилтириб, шалвор кийганлар кўпайиб кетди”, – деб ўзининг Ислом динига бўлган қарашини баён қилди.
“Айрим мусулмон давлатларида сиёсатчилар диндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, динни қурол қилиб олган. Динчилар сиёсатга аралашганида давлат нима бўлишини Афғонистон, Ироқ, Миср, Сурия мисолида кўрсак бўлади. Қирғизистонда ҳам айрим сиёсатчилар айрим дин уламолари билан бирга динни сиёсатга аралаштирмоқчи бўлишаяпти. Бу салбий кўриниш. Бундай сиёсий ўйинларга чек қўйишимиз керак”, – дея мудофаа кенгашига асосий эътиборни қаёққа ва кимга қаратиш лозимлигини белгилаб берди ўз нутқи давомида президент Атамбаев.
Бу йиғилишнинг натижаси ўлароқ, давлатни дин билан ишлашдаги янги реформасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳи тайинланди. Бу гуруҳга 2014 йилнинг 1 апрелига қадар 2020 йилгача мўлжалланган диний концепция ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Мудофаа кенгашининг йиғилишидан сўнг президент Атамбаев 3- феврал куни “Қирғизистон республикаси қуролли кучлари ва мудофааси тўғриси”даги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисидаги қонунга қўл қўйди. Мазкур қонунга мувофиқ Қирғизистон қуролли кучларининг бош штаби қуролли кучлар ва бошқа ҳарбий бўлинмаларнинг марказий ҳарбий бошқармаси бўлган олий бош (Генеральний) штабига айлантирилди. Бу штаб раҳбарлигига узоқ вақт Россия ҳарбий бўлинмаларида турли хил лавозимларда хизмат қилган генерал-майор Асанбек Алимкожоев тайинланди. Президент Атамбаев янги раҳбарга Мудофаа вазири, Давлат чегара хизмати раиси, Миллий гвардия қўмондони ва уларнинг муовинлари лавозимига тайинлаш учун номзодлар рўйхатини тузиш вазифасини топширди.
8- феврал куни Мудофаа кенгаши диний соҳа бўйича давлат сиёсати тўғрисидаги қарорни оммага маълум қилди. Мудофаа кенгашининг бу қарорида Қирғизистон диний ишлар бошқармасига, “масжид имомлари, имом хатиблар, қозилар, Уламолар кенгаши аъзолари ва муфтийни фақатгина Қирғизистондаги мусулмонлар учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳабига эргашувчилардан тайинлашни ҳамда Қирғизистон халқи учун ёт бўлган ахлоқ, кийим ва ташқи кўриниш андозаларини кириб келишига қарши туриш”ни тавсия қилди ва бу орқали ҳозирги кунда Қирғизистон мусулмонлари орасида урф бўлган сақолга ва муслима аёлларни ҳижобига қарши курашиш учун замин ҳозирлаб олди.
Шунингдек мазкур қарорда “муфтий ва уламоларни сайлаш тизимини тартиблаштириш, давлат идоралари вакиллари иштирокида масжид имомларини аттестациядан ўтказиш, диний арбоблар учун малакавий имтихонларни бошқа шаклларини ишлаб чиқиш, унинг натижалари бўйича моддий рағбатлантириш тизимини барпо этиш ҳамда масжид имомлари, имом хатибларни ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан экстремистик ва бузғунчи ташкилотларга алоқадорлиги тўғрисидаги тегишли текширувлардан ўтганидан сўнг тайинлаш” вазифаси Муфтиётга топширилди.
Мудофаа кенгаши 2009 йилгача амалда бўлган Қирғизистон муфтиётининг низомида бўлган қоидани қайта тиклашга чақирди. Мазкур қоидада экстремистик қарашга эга бўлган шахсларни туман имом ҳатиблиги ёки масжид имомлигига келиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида, диний ташкилот раҳбарларини тайинлашда маҳаллий ҳукумат идоралари билан келишишни кўзда тутилган эди.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам қўшни республикалар президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон сингари Исломнинг жамиятдан узоқлаштириш ва исломий кўринишларни йўқ қилиш учун аста-секинлик билан ўз курашини кучайтириб бормоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон президентлар ҳам ўз ҳокимияти бошида аввал дунёвий мухолифатни бутунлай йўқ қилиб олишгандан сўнг асосий эътиборларини Ислом динига қарши курашга қаратишган эди.
Аммо бу иккала диктатор Ислом ва мусулмонларга қарши курашлари жамиятда мусулмонларнинг янада кўпроқ бирлашишларига хизмат қилди, мусулмонларга ҳақ билан ботилнинг, дўст билан душманнинг ўртасини ажратиб олишларига хизмат қилди. Бунинг сабаби бундай золимлар Ислом ва мусулмонларга қарши курашларида фақатгина ўзларининг моддий қувватларига суянишади ва мусулмонларнинг ортида Аллоҳ Таолонинг Ўзи турганлигини идрок қилишмайди.
“Улар Аллоҳнинг нурини(яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди” [Тавба: 32].
Абдураҳмон Одилов
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қирғизистондаги матбуот бўлими аъзоси