Қирғизистон Божхона иттифоқига (БИ) қўшилишга март ойида тайёр бўлади. Бу ҳақида Қирғизистон социал-демократик партиясининг парламент фракцияси йиғилишида Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Жомарт Отурбаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат 2014 йилнинг март ойида Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши тўғрисидаги ҳужжатни имзолашга тайёр. 2014 йилнинг март ойида БИга аъзо давлатларнинг саммити бўлиб ўтади, мазкур саммитга қадар Қирғизистон ташкилотга кириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашга тайёр бўлади.
Отурбаевнинг айтишича, президент Алмазбек Атамбаев Сочида Россия президенти Путин билан Қирғизистонни БИ қўшилиши масаласи бўйича учрашиш ниятида. Шу билан бирга ҳукумат Қирғизистонни “йўл харитаси”ни молиялаш бўйича бир нечта масалаларни ҳал этиши лозим.
“Йўл харитаси”ни амалга оширишга, чегараларни мустаҳкамлашга маблағ топиш зарур. Бундан ташқари икки йирик бозор масаласини ҳал этиш, инфраструктураларни ривожлантириш ва меҳнат муҳожирларимиз ҳуқуқларини йўлга қўйиш зарур”, – деди Ўтарбаев.
Биринчи ўринбосар қўшимча қилиб, “Мамлакатга яхшигина иқтисодий имкониятлар эшиги очилади. БИга аъзо бўлиш билан Қирғизистон учун 170 миллион кишилик бозор очилади ва инвестиция муҳити яхшиланади. Аммо шу билан бирга асосий эҳтиёж молларининг нархи кўтарилади”, – деди.
Туркистон:
Россия Қирғизистонни 2013 йилнинг охирида Божхона иттифоқи (БИ)га қўшилишга қаттиқ мажбурлай бошлади. 19 ноябрда Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕИҲ) иқтисодий комиссиясининг Москвада ўтказилган ўнинчи чақириғи бўлиб ўтди. У ерда Қирғизистоннинг иштирокисиз уни БИга қўшилиш “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Путин бошчилигидаги Россия ҳукумати Қирғизистонни Божхона иттифоқига қўшилишга мажбур қилиб, ҳатто очиқчасига таҳдид қилишга ҳам бориб етди. Бу ҳақида президент Атамбаев 16 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида, “Нахотки сизлар мени шу вақтга қадар билмайсизлар? Мамлакат зиёнига бирор бир амалга боришликка мажбурлаш мақсадида менга босим ўтказишлик бефойда. Биз Божхона Иттифоқига бизнинг талаблар бажарилган тақдирдагина қўшиламиз. Атамбаевни шантаж қилишнинг эса имконияти йўқ, мен обдон тобланиб бўлганман. Бизда танлов имкони кам, аммо биз фақат қирғизларни қаноатлантирадиган ва бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган йўлдан юрамиз”, – деган эди.
Бу иттифоқ 1995 йили Россия, Қозоғистон ва Белоруссия етакчилари томонидан ташкил этилган. Кейинчалик Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам бу иттифоқни маъқуллашлари ҳақида имзо чекишди. Бу ЕИҲ бўлиб, Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ўрталаридаги иқтисодий уйғунликни пайдо қилиш учун, ички ва ташқи бож солиқларини бир хиллаштиришни мақсад қилади. 2011 йили Россия, Қозоғистон ва Белоруссия ўрталарида божхона текширув тизими бекор қилинди. 2011 йил октябр ойида ЕИХнинг навбатдаги йиғинида Қирғизистонни БИга аъзо бўлиши ҳақида эълон қилинди.
Бу СССРнинг иқтисодий бир кўриниши бўлиб, Путинни Россия иқтисодини инқирозга учратган сиёсатини ёпиш асосига қурилади. Унинг авторитар режими, Россияни оғир ва енгил ишлаб чиқаришини дунё бозоридан деярли чиқариб юборди, ҳатто МДҲ давлатлари ва ички бозорларида ҳам рақобатлаша олмайдиган ҳолатга келтирди. Шунинг учун у ҳозирги дунё системасидан бир бўлагини тортиб олмоқчи. Чегараларни мустаҳкамлаб, кичик бир система пайдо қилиб, уни фақат ўзи учун экин майдонига айлантирмоқчи. Унда бу юртларнинг хом ашёлари Россияга бориб у ердан тайёр махсулот бўлиб қайтиши кутилади. Бу товарлар ҳатто Хитой махсулотлари билан ҳам рақобатлаша оладиган сифатга эга эмаслиги сабабли ташқи махсулотларга катта солиқ солинади, баъзиларини эса умуман таъқиқлаб қўйилади. Бу фақат Россиянинг ихтиёри ва ташаббуси билан амалга оширилади. У Қирғизистоннинг ер ва ҳаво орқали бутун атроф чегарасидан кирувчи махсулотларни ўз назоратига олади. Россия бу билан Қирғизистонни тўла иқтисодий мустамлака қилиб олишни мақсад қилган.
Бу ташкилотга аъзо бўлишдан Қирғизистон халқи ҳеч қандай манфаат кўрмайди, аксинча бож тўловлари кўтарилиши оқибатида асосий эҳтиёж молларини нархи кўтарилиши ва бунинг ортидан оддий халқнинг шундоқ ҳам қийин бўлган иқтисодий ҳолатни янада тубанлашади холос.