Америкаликлар: Лаънатлар бўлсин бундай сиёсатга

581
0

815214

АҚШ конгресси бюджет борасида келиша олишмаганлиги сабабли федерал ҳукумат ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳозирда федерал ҳукуматнинг катта қисми ёпиқ.

Обама телевидение орқали Конгрессда федерал давлат бужетининг тасдиқланмаганлиги сабабли давлат органлари ишини тўхтатганлигини эълон қилди ва конгрессни буджет лойиҳасини қабул қилиш вазифасини бажармаганликда айблади.

“Давлатга зарур маблағни вақтида ажратиш Конгресснинг асосий вазифаси. Буни уддалай олмаган орган ишончли орган эмас”,- деди Обама.

Хабарларга кўра, Обама бир соатдан ортиқ вақт давомида АҚШ Сенати ва Конгрессидаги юқори мартабали вакиллар билан суҳбат олиб борган, аммо керакли натижага эриша олмаган.

Буджет тасдиқланмаганлигининг асосий сабаби шуки, республикачилар президент Обаманинг соғлиқни сақлаш борасидаги ислоҳот дастурининг бекор қилинишини талаб қилмоқда. “Соғлиқни сақлаш тизимини ўзгартирувчи ва ҳар бир шахсдан тиббий суғурта талаб қилувчи дастур, халқ равнақи учун ҳам, иқтисодий тараққиёт учун ҳам хизмат қилмайди” дейди консерваторлар.

Конгресснинг ҳар иккала палатаси ҳам янги молиявий йил учун зарур бўлган қонунни тасдиқлай олмаганлиги сабабли маблағсиз қолган ҳукумат ишни тўхтатишга мажбур. Пойтахт Вашингтон ҳувиллаб қолган, чунки идоралар бўш. Бир милионга яқин хизматчи мажбурий, бепул таътилда. Энг зарур деб ҳисобланган соҳа ва идораларда чекланган кўламда иш давом этмоқда. Лекин бу меҳнаткашларнинг ойлиги қачон тўланади, бу ҳам бюджет қабул қилиниши ёки қилинмаслигига боғлиқ. Мажбурий бепул таътилдан кўпчилик, айниқса оилали одамлар норози.

Федерал ҳукумат фаолиятининг тўхтатилиши  800 минг давлат ишчисига ойлик тўлашдан ожиз қолганлигини англатади. Бу кунига АҚШ бюджетига 300 миллион доллар зарар келтиради.

Хусусий сектор ва нодавлат ташкилотлар фаолияти тўхтамаган, лекин ҳукумат билан алоқа қила олмайди, чунки давлат молия тизими ёпиқ.

“Қонунчилар бюджетни ўз вақтида маъқулламай бир-бирига тош ўтиб ўтиргани – шармандалик. Америка ҳукумати нафақат дунёга балки ўз халқига ҳам шарманда ҳозир. Ҳукумат ишламаса, мамлакатда ҳаёт қийинлашади. Наҳотки Конгресс шунчалик тубанликка борса?”, дейди иқтисодий таҳлилчи Жош Бивенс.

Америка бўйлаб, омма ҳар иккала партиядан бирдек норози. Сиёсий найрангларга берилиб, халқ дардини рўкач қилиб, аслида унинг манфаатларини таҳдид остига қўяётган тизимга лаънатлар бўлсин, дейди “Америка Овози” билан гаплашган америкаликлар.

Туризм энг кўп даромад келтирадиган соҳалардан бири. Лекин музейлар ва истироҳат боғлари ёпиқ. Ҳатто фонтанлар ўчирилган. Масалан Ню-Ёркда “Озодлик” ҳайкали жойлашган кичик оролга қулф осилган. “Америка жамияти бирдам экани билан фахрланиб келган. Бугунги манзара бунинг аксини кўрсатмоқда. Конгрессдаги вакиллар, халқ сайлаган қонунчилар, муроса йўлини изламай мана нимага олиб келишди. Лаънатлар бўлсин бундай сиёсатга”,- дейди Вашингтон марказида болаларини етаклаб кетаётган бир она.

Конгресс олдида намойишчилар тўпланиб, сиёсатчиларни виждонсиз, иродасиз ва масъулиятсиз, дея танқид қилмоқда. Экспертлар таҳлилича, бюджет икки ҳафта ичида маъқулланмаса, иқтисодиётга кучли зарба бўлади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here