Фиқҳдан намуналар

685
0

фикх-199x300

بسم الله الرحمن الرحيم

Халифани тиклаш учун мусулмонларга

муҳлат бериладиган муддат

Халифани тиклаш учун мусулмонларга муҳлат бериладиган муддат уч кун ва кечадир. Мусулмон бўйнида байъат бўлмаган ҳолда уч кечани ўтказиши ҳалол бўлмайди. Узоғи билан уч кеча белгиланганининг сабаби шуки, халифани тиклаш собиқ халифа вафот этган ёки бўшатилган лаҳзадан бошлаб фарздир. Лекин уни тиклаш билан машғул бўлиш сабабли у уч кун ва кеча кечикиши жоиздир. Уч кечадан ошиб кетсаю, лекин халифани тиклашмаган бўлса бунда қаралади. Агар мусулмонлар халифани тиклаш билан машғул бўлиб, енгиш қийин бўлган ва даф қилишга кучлари етмаган қайсидир ишлар сабабли уни уч кеча орасида тиклашга муваффақ бўлишмаган бўлса, бундай ҳолатда улардан гуноҳ соқит бўлади. Фарзни адо этиш билан машғул бўлганлари ва юқорида айтилган ишлар сабабли кечиктиришга мажбур бўлганлари учун гуноҳ улардан соқит бўлади. Зеро Пайғамбар (с.а.в) бундай дедилар:

«رُفِعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأُ وَالنِّسْيَانُ وَمَا اُسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ»

«Умматимдан хато, унутиш ва мажбур қилинишган нарса (гуноҳи) кўтарилди». Бу ҳадисни Табароний «ал-Кабир»да ривоят қилди. Энди агар бу фарз билан машғул бўлишмаса, унда то халифа тикланмагунча ҳаммалари гуноҳкор бўлади. Халифа тиклансагина бу фарз улардан соқит бўлади. Аммо халифани тикламай тек ўтиравериб қилишган гуноҳ улардан соқит бўлмайди. Аксинча бу гуноҳ зиммаларида қолаверади. Аллоҳ бу гуноҳ учун – мусулмонни фарзни адо этишни тарк қилиб қилган ҳар қандай гуноҳ учун қандай ҳисоб-китоб қилса, шундай – ҳисоб-китоб қилади.

Халифалик мансаби бўшаб қолиши биланоқ халифага байъат бериш билан машғул бўлишнинг вожиблиги далилига келсак, у шуки, саҳобалар Росулуллоҳ (с.а.в) вафот этганидан кейиноқ, ана шу куннинг ўзида, ҳали Росулуллоҳ (с.а.в) дафн қилинмай туриб шу ишга киришдилар. Ўша куннинг ўзида Абу Бакрга инъиқод байъати берилди. Эртаси куни одамлар масжидда Абу Бакрга итоат байъати бериш учун тўпландилар.

Энди мусулмонлар халифани тиклашлари учун узоғи билан уч кун ва кеча муҳлат берилганига келсак, чунки Умар ўзига санчилган ханжар жароҳатидан вафот этиши аниқ бўлиб қолгач аҳли шўрога топшириқ бериб, уларга уч кунни белгилаб берди. Сўнгра агар уч кун ичида халифани танлашга келиша олишмаса қарши чиққанни ўлдиришни буюрди. Умар мусулмонлардан эллик кишига бу ишни бажаришни, яъни қарши чиққанни ўлдиришни топширди. Ваҳоланки улар шўро аҳлидан ва улуғ саҳобалардан эди. Бу саҳобаларнинг кўз ўнгида бўлди. Улардан биронтаси Умарнинг бу қарорига қарши чиққани ёки инкор қилгани нақл қилинмаган. Демак бу мусулмонларнинг уч кун ва кечадан ортиқ халифасиз қолишлари жоиз эмаслигига саҳобалар томонидан қилинган ижмо бўлди. Саҳобалар ижмоси эса худди Китоб ва Суннат каби шаръий далилдир. Бухорий Мисвар ибн Махраманинг шундай деганини ривоят қилди: «Абдурраҳмон ярим кечадан кейин эшигимни тақиллатди. У эшикни шундай урдики ҳатто уйғониб кетдим. У: ухлаганингни кўриб турибман, Аллоҳга қасамки, мен шу уч кеча давомида кўп ухламадим, деди. Бомдод намози ўқилгач Усмонга байъат берилди».

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here