Шарманда режимларга шерик бўлишда қандай манфаат ва қандай шариат бўлсин?!

43
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Шарманда режимларга шерик бўлишда қандай манфаат ва қандай шариат бўлсин?!

Устоз Ҳомид Абдулазиз қаламига мансуб

Барчамизга маълумки, бугунги кундаги режимлар ҳеч қачон Ислом билан ҳукм юритмаган. Аксинча улар Исломга душман маҳаллий ва халқаро кучлар томонидан бошқарилади. Шундай бўлишига қарамай, баъзи исломий ҳаракатлар айни режимларга шерик бўлишга рози бўлишди. Улар мусулмонлар орасида босқичма-босқич қисман ислоҳ қилишга асосланган ва мослашувчан лойиҳаларини ёйишмоқда. Бу лойиҳа жамият ва ундаги кучлар билан тўқнашишдан қочадиган, шаръий нусусларни зарур бўлганда таъвил қилиш орқали уларнинг юкини камайтирадиган лойиҳадир. Шаръий нусуслар юкини камайтиришни воқелик билан нусуслар ўртасини яқинлаштириш орқали амалга оширишмоқда. Буни «воқени тушуниш ва манфаатларни тушуниш», дейилаётган нарса ёрдамида шароитга мослашган ҳолда қилишяпти. Ҳатто шундай исломий ҳаракатлар ҳам борки, улар воқеликка бутунлай ботиб қолиб, динлари ҳам, одатлари ҳам воқелик бўлиб қолган.

«Ўртача» ёки «мўътадил», дейилаётган бундай ҳаракатлар илмонийликни амалда, бироқ соқолли шаклида қабул қилишган. Ундайларнинг ғояси ўз лойиҳаларини «фақат Ислом ечимдир», каби ялтироқ исломий шиорлар орқали илгари суришдан иборат. Бундай дабдабали шиорни улар ҳокимиятга чиқаётганларида одамларни ўзига жалб қилувчи қуруқ туйғули шиор сифатида кўтариб чиқишди… Шу боис, ҳокимиятга чиқиб олишгач, шиорларидан тезда воз кечишди. Улар шариатни тўлиқ татбиқ қилишга даъват қилиш шарт эмас, балки уни бўлиб-бўлиб татбиқ қилиш керак, деб билишади. Бундан очиқ кўриниб турибдики, уларнинг наздида куфрнинг татбиқ бўлаётганида ҳеч қандай муаммо йўқ. Улар Ислом аҳкомлари қувилган воқеликка шунча муккаларидан кетиб, Ислом мабдасидан воз кечганларига қарамай, Ғарб ва унинг малайлари наздида ҳеч қандай эътибор касб қилмаяпти. Бироқ шунга қарамай, бу ҳаракатлар Исломни бўлиб-бўлиб татбиқ қилиш, мўътадиллик ва ўртачалик шиорларини ҳамон кўтариб юришибди!

Ҳеч шубҳа йўқки, «манфаат қаерда бўлса, ўша ерда Аллоҳнинг шариати», деган гап мўътадил ва ўртача исломий жамоалар орасида алоҳида ўрин эгаллади ҳамда шу орқали жуда кўп шаръий нусуслар – уларнинг аниқ-тушунарли бўлишига қарамай – ёлғон сўзлар билан бузилди. Бироқ, аксар аҳли илм «Қаерда шариат бўлса, ўша ерда манфаат», деган гапда собитдирлар. Чунки ёлғиз шариатгина ҳар бир замон ва маконга яроқли бўлиб, ёлғиз угина манфаат ва зарарни белгилайди. Бизни яратган Холиқ юрадиганимиз ҳаёт низомини тузиб берди ва бизнинг манфаатимиз қаердалигини ҳам, бизни нима тузатишини ҳам биздан кўра кўпроқ У Зот билади. Демак, шариат қаерда бўлса, манфаатларимиз, муносабатларимиз ва жамиятларимиз ҳам ўша ердадир, аксинча эмас, бу сўзни анавиларгина ёпиб, аксини айтишяпти. Аллоҳ Таоло бундай деди:

أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ

«Яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» [Мулк 14]

Кофирларнинг Исломга қарши ҳужумлари қаршисида Исломни ва унинг шариатини ҳимоя қилишга киришган кимсаларнинг баъзилари катта хатоларга йўл қўйишди. Бу хатоларнинг энг хунуги Исломни айбдор қилинишига рози бўлишгани бўлди. Оқибатда улар ҳамма нарсани алкаш-чалкаш қилиб юборишди. «Манфаат қаерда бўлса, ўша ерда Аллоҳнинг шариати», деган гапни такрорлаб, шариатга ёпишмайдиган-узоқ изоҳлар беришди ва шаръий нусусларни ақлий иллатлар билан иллатлашди. Бу билан айрим нусусларнинг амалини бекорга чиқаришди. Натижада, баъзилари ҳукмрон тузумларда иштирок этиш мубоҳ деса, баъзилари судхўрлик мубоҳ деди. Яна баъзилари мусулмонлар жангда кофирлардан ёрдам сўрашлари жоиз, деди. Ҳатто шариатга ақлни ҳакам қилишди ва шу билан «манфаат», «замон ўзгарди», «асрга мослашиш» ниқоби остида мусулмонларни адаштирмоқчи бўлаётганларга эшикларни ланг очиб беришди. Мўътадил исломга чақирувчиларининг айни тариқати натижасида ҳалокатга дуч келишганига қарамай, шунингдек, бу даъват йўлининг муваффақиятсизлиги ҳамда унинг тўғри ўзгартириш йўлига зидлиги каттаю кичикка яхши маълум эса-да, бироқ мўътадил ислом тарафдорлари ҳали-ҳануз ушбу хато йўлларини маҳкам ушлаб келишмоқда, демократия ўйинига бизни ҳам қўшсин, дея Ғарб билан дўстлашишга уринишмоқда. Бу йўлда юрганларнинг ҳоли қулаш ва емирилишга олиб борганлигига Марокашдаги Адолат ва Тараққиёт партияси яққол мисол бўлади. Чунки у ўз адабиётларида яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришни рад этиб, номақбул иш, деб келган эди. Энди бўлса, бу вужуд билан муносабатларни нормаллаштиришни оқлаш бўйича барча илмоний ҳаракат ва ҳизбларни ортда қолдирди. Билмадик, бу кимсалар қандай манфаатни ҳужжат қилишяпти экан. Ахир, бу билан шарманда режимларнинг ёмон шерикларига ва ёлғон гувоҳларига айланишди-ку?!

Улар Қуръони Каримда шундай ишлар айтилганки, ҳозир уларга амал қилолмаймиз, чунки унга амал қилиш мусулмонларга зарар келтиради, улар бугунги асрга мос келмай қолди, уларга ҳеч бир изоҳ қолмади, деган «ҳужжат»ларни келтиришяпти. Уларнинг даъвосича, шариатда айтилган ўғрини қўлини кесиш ҳукмида манфаат йўқ, аксинча, у энди зарарга, биз учун ҳақоратга айланди, Ғарб бизни бу борада танқид қиладиган бўлиб қолди.

Муаммо шундаки, улар Исломни тушунмаяптилар. Ғарб олдида психологик мағлубиятга учрашди ва Исломга айб қўйилишига рози бўлишди. Манфаат, деган ҳужжат билан ўз нафс-ҳаволарига қараб ҳалол ва ҳаром дейдиган, замон ва макон ўзгаришига қараб аҳкомларни ўзгартирадиган бўлиб қолишди. Аслида эса, бундай фикрлаш йўли Исломга зид. Чунки унда ҳукм чиқариш учун воқелик манба қилинган, ваҳоланки, шаръан манба эканлиги исботланган нарсагина манба бўлади.

Ислом шариати манбалари Қуръон ва суннатдир, бошқаси эмас. Ушбу шариатнинг далиллари эса, Қуръон, суннат, саҳобалар ижмои ва шаръий қиёсдир. Ислом воқелик қандай бўлиши кераклигини, муомалалар, муолажа-ечимлар ва алоқалар қандай бўлиши лозимлигини ўз низомлари орқали аниқ тасвирлаб берди. Биз воқеликка қараганимизда Ислом аҳкомларига мурожаат қилиб, унинг асосига воқеликни ва жамиятни қурамиз. Чунки ёлғиз Ислом аҳкомларигина раҳматдир, манфаат фақат ундадир. Бироқ воқега унинг зоҳиридан қарасак ва инсон ақли билан манфаатли ва осон, деб топган нарсага рози бўлсак, шундан кейин шаръий нусусларга мурожаат қилиб, уни буриб, шу воқега мослаштириб, шариатдан унга чекловлар қўйсак, бу Ислом асло қабул қилмайдиган ва рози бўлмайдиган йўлдир. Шунга кўра, баъзи уламоларнинг дин енгилликдир, деган эътиборда энг енгил нарсани танлашлари катта хатодир. Балки тўғриси шундан иборатки, шариат ҳукмини билмоғимиз ва унга амал қилмоғимиз, шундан сўнг бу ҳукм енгил, деб айтмоғимиз керак бўлади. Оиша I ривоят қилган ушбу ҳадисни шу нуқтаи назардан, тушунишимиз мумкин:

«Росулуллоҳ ﷺ ҳар доим икки иш рўпара келса, улардан гуноҳ бўлмайдиган енгилроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, одамларни ундан узоқлаштирардилар. Росулуллоҳ ﷺ ҳеч кимдан ўзи учун интиқом олмаганлар. Фақат Аллоҳнинг эҳтиромли нарсалари бузган бўлсагина, Аллоҳ учун ундан интиқом олардилар». (Муттафақун алайҳи). Демак, икки енгил ишнинг бирини танлаш, ҳадисда «гуноҳ бўлмайдиган енгилроғини», дейилгани учун мубоҳ ишларда бўлади. Зеро, шаръий ҳукмгина манфаатни белгилаб беради, гарчи бизнинг инсоний қарашимиз ушбу ҳукмдаги манфаат жиҳатини англашдан ожиз бўлса ҳам. Шунинг учун исломий тўғри тушунча шуки, мусулмон киши Аллоҳнинг амрига амал қилишга буюрилган. Шу боис, у Аллоҳнинг амридан оғмаслиги керак. Қачон унга амал қилса, ўшанда манфаат ва тўғри бўлади ҳамда шу билан енгиллик ва раҳмат рўёбга чиқади. Бу борада инсон – ким бўлишидан қатъий назар – манфаатни англаб етолмаса, бунинг асло зарари йўқ. Аллоҳ Таоло бундай деган:

وَمَا كَانِ لِمُؤْمِنْ وَلَاَ مُؤْمِنَةِ إِذَاِ قَضَى اللَّهَ وَرَسُولِهُ أَمْرْا أَنَ يَكون لًهُمْ الْخِيَرَةً مِنْ أَمْرِهِمْ

«Аллоҳ ва Росули бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ушбу ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиши жоиз эмас» [Аҳзоб 36]

Мужтаҳид ҳам бизга бирор ҳукмни ўзи манфаатли, деб билган ҳолида танлаб бериши жоиз эмас, чунки бу истак-майлга қарам ҳукм чиқариш бўлади. Балки мужтаҳид шариатдан ҳукм истинбот қилади, чунки шариатда ҳар бир нарса баён қилиб берилган.

Роя газетаси сайтидан олинди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here