Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Суғуртанинг ҳамма тури ҳаром, зино, баччавозлик ёки бегуноҳ одамни ўлдириш каби ҳаром, унга рози бўлиш мўминни иймондан чиқаради. Абу Саид ал-Худрий ривоят қилади: «Сизлардан кимки мункарни кўрса, қўли билан ўзгартирсин, қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан ўзгартирсин. Бу имоннинг энг заифидир». Адий ибн Умайядан ривоят қилинади, Росул(с.а.в) дедилар: «Аллоҳ айрим кишилар қилмиши билан барчани азоблайди. Одамлар ўз ораларида мункарни кўрсалар, мункарни қайтаришга қодир бўла туриб қайтармасалар, шунда Аллоҳ барчани азоблайди».
“Мажбурлик”нинг шаръий ўлчови бор: агар ўша ишни қилса, масалан; ҳижоб кийса(баъзиларида қилмаса, масалан мўминлар зарарига иш қилмаса) ўлим ёки бир аъзосини йўқ бўлиши ёки “обрўси”(аёллиги ёки эркаклиги)га тажовуз хавфи гумоннинг ғолибида бўлсагина шаръий мажбурлик бўлиб, шунда ўша ишни қилиш ёки қилмаслик гуноҳи соқит бўлади. Аммо бошқа ҳолатда ким шариатга риоя қилмаса гуноҳкор бўлади. Ҳасаннинг ривоят қилишича, Росулуллоҳ(с.а.в) асҳобидан икки кишини Мусайлама каззоб ушлаб олиб бирига:
Муҳаммад Аллоҳнинг росули, деб гувоҳлик берасанми? - деганида у: ҳа, деди. Сўнгра: мени Аллоҳнинг росули эканлигимга ҳам гувоҳлик берасанми, деб сўраганида у: ҳа, деб жавоб берди. Шундан кейин иккинчисини чақириб:
Муҳаммад Аллоҳнинг росули, деб гувоҳлик берасанми? - деб сўраганида у: ҳа, деди. Сўнгра: менинг Аллоҳ росули эканлигимга ҳам гувоҳлик берасанми? - деб сўраган эди у: қулоғим кар, деб жавоб берди. Каззоб саволини уч бор такрорлади. У эса ҳар сафар аввалги жавобини қайтарди. Шундан кейин каззоб унинг бўйнига қилич урди.
Бу хабар Росулуллоҳга етгач Пайғамбаримиз:
«أَمَّا ذَلِكَ الْمَقْتُولُ فَمَضَى عَلَى صِدْقِهِ وَيَقِينِهِ وَأَخَذَ بِفَضْلِهِ فَهَنِيئًا لَهُ، وَأَمَّا الآخَرُ فَقَبِلَ رُخْصَةَ اللَّهِ فَلاَ تَبِعَةَ عَلَيْهِ»
«Ўлдирилган киши ўзининг ростгўйлиги ва аниқ ишончида кетибди, ўзининг фазлини тутибди, бу унга муборак бўлсин. Иккинчиси эса Аллоҳ рухсатини қабул қилибди, бас унинг зиммасида жавобгарлик йўқ», дедилар.
Бухорий саҳиҳида қуйидаги ҳадисни келтиради: «…шунда Урва: «Эй Муҳаммад, менга айтчи, сен қавмингнинг ишини (яъни ширкни) таг-томири билан йўқ қилиб ташласанг, араблардан бирортаси сендан олдин ўз аҳлини вайрон қилганми? Агар бунинг акси бўлса (яъни сен мағлуб бўлсанг), Аллоҳга қасамки, улар (яъни асҳобларинг) сени ёлғиз ташлаб қочиб кетишдан ҳам тоймайдилар», деди. Абу Бакр Сиддиқ унга: «Лотнинг … ебсан. Биз-а? Биз уни ёлғиз ташлаб қочиб кетамизми?!» деди.
Исломни шахсий ҳолатда амал қилмай қўйишимга ва энг асосийси даъватдан қочиш ёки сустлашишга ҳеч қандай руҳсат, яъни мажбурловчи шаръий узр йўқ. Биз Урва айтгандек эмас, балки Абу Бакр(р.а) айтгандек мўминлардан бўлишимиз керак. Шариатга риоя қилмаганлар биз учун ўрнак бўлмайди. Расул алайҳис-салоту вас-салом Тоиф ва Макка оралиғидаги Нахла деган жойда Қурайшни пойлаш учун Абдуллоҳ ибн Жаҳшни бошлиқ қилиб сарийя юбораётганларида унга мактуб ёзиб бердилар. Мактубда жумладан шундай дейилган эди: «Шерикларингдан ҳеч кимни ўзинг билан бирга юришга мажбур этма ва буйруғимни адо этиш учун кўнгиллилар билан йўлни давом эттир». Ҳа, бу иш мажбурлаш билан бўлмайди, шунинг учун тушунтирилади, тарк қилувчилар билан фидоий инсонлар Аллоҳ Таолонинг тарозусида бир хил эмаслиги ва тарк қилувчилар яқинда афсус надоматда қолишлари эслатилади, тарихий мисоллар келтирилади ва Аллоҳнинг ризосига имкон борида ҳаракат қилиб қолишларига тарғиб қилинади-да, кейин ўз иймонига ташлаб қўйилади.
Даъват қаршисида кофир ва уларнинг малайларнинг қўлидан келган нарса фақат озор беришликдир холос. Бизга эса бундай озорга қарши иродамиз букилмасдан ёки қатъиятимиз сусаймасдан, Аллоҳга таваккал қилган ҳолда қувват билан туришимиз вожиб бўлади. Аллоҳ Субҳанаҳу айтади:
ﻟَﺘُﺒْﻠَﻮُﻥَّ ﻓِﻲ ﺃَﻣْﻮَﺍﻟِﻜُﻢْ ﻭَﺃَﻧْﻔُﺴِﻜُﻢْ ﻭَﻟَﺘَﺴْﻤَﻌُﻦَّ ﻣِﻦْ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺃُﻭﺗُﻮﺍ ﺍﻟْﻜِﺘَﺎﺏَ ﻣِﻦْ ﻗَﺒْﻠِﻜُﻢْ ﻭَﻣِﻦْ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺃَﺷْﺮَﻛُﻮﺍ ﺃَﺫًﻯ ﻛَﺜِﻴﺮًﺍ ﻭَﺇِﻥْ ﺗَﺼْﺒِﺮُﻭﺍ ﻭَﺗَﺘَّﻘُﻮﺍ ﻓَﺈِﻥَّ ﺫَﻟِﻚَ ﻣِﻦْ ﻋَﺰْﻡِ ﺍﻟْﺄُﻣُﻮﺭِ
– „Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри Таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонларингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларга) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан Қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир“. [3:186]
Аллоҳ Таоло яна дейди:
ﺃَﻡْ ﺣَﺴِﺒْﺘُﻢْ ﺃَﻥْ ﺗَﺪْﺧُﻠُﻮﺍ ﺍﻟْﺠَﻨَّﺔَ ﻭَﻟَﻤَّﺎ ﻳَﺄْﺗِﻜُﻢْ ﻣَﺜَﻞُ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺧَﻠَﻮْﺍ ﻣِﻦْ ﻗَﺒْﻠِﻜُﻢْ ﻣَﺴَّﺘْﻬُﻢْ ﺍﻟْﺒَﺄْﺳَﺎﺀُ ﻭَﺍﻟﻀَّﺮَّﺍﺀُ
ﻭَﺯُﻟْﺰِﻟُﻮﺍ ﺣَﺘَّﻰ ﻳَﻘُﻮﻝَ ِ ﺍﻟﺮَّﺳُﻮﻝُ ﻭَﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺁﻣَﻨُﻮﺍ ﻣَﻌَﻪُ ﻣَﺘَﻰ ﻧَﺼْﺮُ ﺍﻟﻠَّﻪِ ﺃَﻟَﺎ ﺇِﻥَّ ﻧَﺼْﺮَ ﺍﻟﻠَّﻪ ﻗَﺮِﻳﺐٌ
– „Ёки (эй мўминлар) сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатларо (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, хатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг нусрати келади?» дейишган эди. Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг нусрати яқиндир»“. [2:214]
Суғурта
Ҳаёт, товар, мулк ё бошқа бир нарсани суғурта қилдириш битимнинг бир туридир. У суғурта ширкати билан суғурта қилдирувчи шахс ўртасидаги битимдир. Суғурта қилдирувчи ширкатдан товар ёки мулкига талофат етганда унинг айнан ўзи ёки пулини, ҳаёти учун эса маълум маблағни эваз беришига аҳд талаб қилади. Бу иш муайян маблағ муқобилига муайян муддатни белгилаган пайтларида бўлади. Ширкат бу талабни қабул қилади. Мана шу таклиф ва қабулга кўра, суғурта ширкати суғурта қилдирувчига - иккала тараф келишган муайян шартлар бўйича - талофатга учраган нарсанинг ё ўзини, ё пулини ёки келишилган муайян маблағни тўлашга аҳд беради. Масалан, ўша муайян муддат ичида товари талофатга учраса, машинаси авария бўлса, уйи куйиб кетса, мулки ўғирланса, ўзи ўлса ва ҳоказо. Шундан кўриниб турибдики, суғурта битими суғурта ширкати билан суғурта қилдирувчи ўртасида суғуртанинг тури ва шартларига асосан келишилган битимдир. Шу битимга биноан ширкат келишилган шартлар бўйича тўлаш ёки муайян маблағни бериш мажбуриятини олади. Агар суғурта қилдирувчи битим бандларига тўғри келадиган бирон ҳодисага учраса, ширкат талофат кўрган нарсанинг айнан ўзини ёки пулини бозор нархига қараб тўлаши шарт бўлади. Ширкат суғурта қилдирувчига ёки бошқага нарсанинг ўзини ёки пулини беришда ихтиёрлидир. Битимда кўрсатилган ҳодиса юз бериши биланоқ, эваз тўлаш суғурта қилдирувчининг ширкат гарданидаги ҳақларидан бири бўлиб қолади. Қачонки ширкат ўша ҳодисанинг юз берганига ишонч ҳосил қилса ёки маҳкама тўлаб бериш тўғрисида ҳукм чиқарса, ширкат ўша эвазни тўлайди.
Шу ишга суғурта номини қўллашган. Суғурта тўлови суғурта қилдирувчининг фойдасига ҳам, болалари, хотини, бошқа меросхўрлари ва у тайинлаган бошқа бир шахс ёки жамоанинг фойдасига бўлиши ҳам мумкин. Ҳаётни, товарни, овозни ёки бошқа нарсаларни суғурта қилдириш, деб номлаш одамларга бу ишни чиройли қилиб кўрсатишдир, холос. Аслида эса ҳаёт суғурта қилдирилмайди, балки у ўлгач, болалари, хотини, бошқа меросхўрлари ёки ўзи тайинлаган шахс ё жамоанинг муайян маблағга эга бўлиб қолиши кафолатланади, холос. У товарни ҳам, машинани ҳам, мулкни ҳам, бошқани ҳам эмас, балки уларга талофат етганида нарсанинг ўзини ёки пулини тўлатишни суғурта қилдиради. Демак, у аслида, ҳаёт ёки мулкнинг кафолати эмас, балки нарса йўқолган ёки унга талофат етган пайтда тўлатиш эвазига маълум маблағни ўзи ёки бошқа одам қўлга киритишининг кафолатидир. Суғуртанинг воқеи - мана шу. Агар у синчиклаб текширилса, икки жиҳатдан ботиллиги аён бўлади:
Биринчидан, у битимдир. Чунки у икки тараф ўртасидаги келишувдир. Таклиф ва қабулни ҳам ўз ичига олади. Таклиф суғурта қилдирувчи тарафидан, қабул эса ширкат тарафидан бўлади. Бу битим шаръан дуруст бўлиши учун битимнинг шаръий шартларини ўз ичига олиши лозим. Олса дуруст бўлади, олмаса - йўқ. Шаръан битим нарсанинг ўзи ёки манфаат асосига тузилиши лозим. Шундай тузилмаса, у ботил бўлади. Чунки у уни шаръий битимга айлантирувчи нарсага асосан тузилмаяпти. Бундан ташқари шаръан битим ё савдо, салам, ширкат каби эвазли нарсага, ё ҳадя қилиш каби эвазсиз нарсага, ё ижара каби эвазли манфаатга ёки орият каби эвазсиз манфаатга асосан тузилади. Хуллас, шаръан битим нарсага биноан тузилади. Суғурта битими эса нарсанинг ҳам, манфаатнинг ҳам асосида тузилмаган. У мажбурият, яъни кафолатлаш асосида тузилган битимдир. Мажбурият ёки кафолат эса нарса ҳам, манфаат ҳам ҳисобланмайди. Чунки у ишлатилмайди, фойдаланилмайди, ижарага ҳам, ориятга ҳам берилмайди. Шу мажбуриятга асосланиб молни қўлга киритиш манфаат ҳисобланмайди. У бор-йўғи муомаланинг қолдирган изи, холос. Суғурта битими нарсанинг ҳам, манфаатнинг ҳам асосида тузилмагани учун ботил битимдир. Чунки унда шаръий битимнинг шартлари тўла топилмаяпти.
Иккинчидан, ширкатнинг махсус шартлар остида суғурта қилдирувчига аҳд бериши кафолат қабилидандир. Унинг шаръий кафолат бўлиши учун кафолат хусусидаги шаръий шартлар унда топилиши керак. Топилса дуруст бўлади, топилмаса - йўқ. Шариатдаги кафолатга назар ташланса, қуйидагилар аён бўлди:
Мажбуриятни бажаришда кафилликка олувчи масъулиятининг кафилликка олинувчи масъулиятига қўшилиши кафолатдир. Демак, бу иш учун масъулият масъулиятга қўшилиши ҳамда кафилликка олувчи, кафилликка олинувчи ва кафиллик берилувчининг бўлиши шарт. Кафолат зиммадаги мажбуриятни эвазсиз бажаришдир. Кафолат тўғри бўлиши учун мажбурият вожиб бўлган ёки вожиб бўладиган молиявий ҳуқуқлардан бири бўлиши шарт. Агар мажбурият вожиб бўлган ёки вожиб бўладиган молиявий ҳақ бўлмаса, кафолат тўғри бўлмайди. Негаки кафолат мажбуриятни бажаришдаги масъулиятни масъулиятга қўшишдир. Агар кафилликка олинаётган кишининг гарданида масъулияти бўлмаса, унга бошқа бир масъулиятни қўшиб бўлмайди. Вожиб бўлган ҳақ хусусида бу нарса очиқ-ойдин кўриниб туради. Энди вожиб бўладиган ҳақ хусусида тўхталамиз. Масалан, бир киши бир хотинга, фалончига тегавер, маҳрингга мен кафилман, дейди. Бу ерда кафилликка олувчи кафилликка олинувчининг масъулиятини ўз бўйнига оляпти, яъни кафилликка олинувчининг мажбурияти кафилликка олувчининг ҳам мажбуриятига айланяпти. Агар вожиб бўлган ёки бўладиган ҳақ бўлмаса, масъулият масъулиятга қўшилмагани туфайли кафолатнинг маъноси қолмайди. Чунки бунда бировнинг масъулиятини биров бўйнига олмаяпти. Демак, бунда кафилликка олиш дуруст бўлмайди. Шунга кўра, кафиллик берилувчининг кафилликка олинаётган шахснинг гарданида вожиб бўлган ёки бўладиган ҳақи бўлмаса, кафолатга олиш дуруст бўлмайди. Негаки, кафилликка олинувчининг агар буюм талофатга учраса ёки нобуд бўлса, ўша буюмни ёки қарзни тўлаши шарт қилинади. Бунда агар ҳақ гарданидаги вожиб бўлган ҳақ бўлса, ўз ихтиёри билан тўлашининг ёки гарданида вожибга айланадиган ҳақ бўлса, куч билан тўлатишнинг фарқи йўқ. Агар кафилликка олинувчи гарданида ихтиёран ҳам, куч билан ҳам тўлайдиган мажбурият бўлмаса, кафиллик дуруст бўлмайди. Чунки кафилликка олинувчи гарданига вожиб бўлмаган нарса кафилликка олувчининг ҳам гарданига вожиб бўлмайди. Масалан, бир киши одамлардан кийимларни қабул қилиб олади. Иккинчи киши учинчи кишига, кийимларингни унга бер, мен кафилман, деди. Кийимлар талофатга учради. Хўш, кийимларни қабул қилувчининг кафиллигини олган киши уларнинг пулини тўлайдими? Бунга жавоб шуки, агар қабул қилувчи ўз ишини пухта бажариб, бепарволик қилмаган бўлса ҳам кийимлар талофатга учраса, кафилликка олувчига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Табиийки, кафилликка олинувчининг ўзига вожиб бўлмас экан, кафилликка олувчига вожиб бўлмаслиги ўз-ўзидан аёндир. Шунга кўра, кафолатга олиш дуруст бўлиши учун кафиллик берилувчининг бошқалар гарданида вожиб бўлган ёки вожиб бўладиган ҳақи бўлиши шарт. Демак, гарданда ўша заҳоти ёки кейинроқ адо қилиниши керак бўлган ҳақнинг бўлиши кафилликка олиш дуруст бўлишининг шартидир. Шуни ҳам айтиш керакки, кафилликка олинувчининг ҳам, кафиллик берилувчининг ҳам маълум бўлиши шарт эмас. У номаълум бўлса ҳам кафилликка олиш дуруст бўлаверади. Бир киши бошқа бир кишига, кийимларингни кир ювувчига топшир, деса, униси, талофат етказишидан қўрқаман, деб жавоб берса, биринчи одам, беравер, агар талофат етса, мен кафилман, деса ва аниқ бир кир ювувчини тайинламаса ҳам дуруст бўлаверади. Агар у кир ювувчига берса, кейин ўша кийим нобуд бўлса - гарчи кафилликка олинувчининг кимлиги номаълум бўлса ҳам - кафилликка олган одам тўлаб беради. Шунингдек, биров, фалончи моҳир кир ювувчидир, ким унга кийим берса, кийимига мен кафилман, деса, гарчи кафиллик берилувчи (кийим эгаси) ноаниқ шахс бўлса ҳам дуруст бўлаверади.
Кафилликка олиш масъулиятни масъулиятга қўшиш эканига ҳам, гарданда аниқ бор бўлган ҳақни, яъни мажбуриятнигина кафилликка олинишига ҳам, бу ишда кафилликка олувчи, кафилликка олинувчи ва кафиллик берилувчи бўлиши шарт эканлигига ҳам, бу ишнинг эвазсиз қилинишига ҳам, кафилликка олинувчи ва кафиллик берилувчининг номаълум бўлиши мумкинлигига ҳам очиқ далил бор. У Абу Довуднинг Жобирдан қилган мана бу ривоятидир:
«كَانَ رَسُولُ اللهِ r لاَ يُصَلِّى عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ، فَأُتِىَ بِمَيِّةٍ فَقَالَ: أَعَلَيْهِ دَيْنٌ؟ قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ. قَالَ: صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ. فَقَالَ أَبُو قَتَادَةَ الْأَنْصَارِىُّ: هُمَا عَلَىَّ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ r، فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِ اللهِ r قَالَ: أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ. فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَىَّ قَضَاؤُهُ، وَمَنْ تَرَكَ مَالاً فَلِوَرَثَتِهِ»
«Пайғамбар с.а.в гарданида қарзи бор майитга жаноза ўқимас эдилар. Бир майит олиб келинди. Пайғамбар с.а.в: «Унинг гарданида қарзи борми?» - дедилар. Ҳа, икки динор дейишди. У киши: «Дўстингизга ўзларингиз жаноза ўқинглар», дедилар. Шунда Абу Қатода Ансорий, эй Расулуллоҳ, ўша икки динор менинг гарданимга, деди. Шундан кейин Пайғамбар с.а.в жанозани ўқидилар. Оллоҳ у кишига фатҳ-ғалаба бергач: «Ҳар бир мўминга ўзидан кўра мен ҳақлироқман. Ким қарз қолдириб кетган бўлса, уни узиб қўйиш менинг гарданимга, ким мол қолдириб кетган бўлса, у меросхўрига», дедилар». Бу ҳадисда Абу Қатода қарз берган кишига тўланиши керак бўлган молиявий ҳақни адо этишдаги (мажбуриятни бажаришдаги) майитнинг масъулиятига ўз масъулиятини қўшяпти. Унда кафилликка олувчи, кафиллик берилувчи, кафилликка олинувчининг борлиги очиқ кўриниб турибди. У кафилликка олиш гардандаги мажбуриятни эвазсиз бажариш эканини ҳам кўрсатяпти. Кафилликка олинаётганда кафилликка олинувчи, яъни майит ҳам, кафиллик берилувчии, яъни қарз берган киши ҳам номаълум эканлиги кўриниб турибди. Демак, ҳадис кафилликка олиш дуруст бўлишининг ва тузилишининг шартларини ўз ичига оляпти.
Шаръий кафилликка олиш мана шудир. Суғурта мажбуриятини унга солиштирадиган бўлсак, кафилликка олишнинг дуруст бўлиши ва тузилиши учун шариатда нусус-ҳужжати келган шартлардан суғуртанинг холилигини кўрамиз. Чунки биринчидан, унда масъулият масъулиятга қўшилмайди. Суғурта ширкати суғурта қилдирувчининг молини тўлашда ўз масъулиятини бошқа бировнинг масъулиятига қўшмайди. Демак, у ботилдир, кафилликка олиш ҳисобланмайди. Иккинчидан, унда суғурта қилдирувчининг бирон одамга тўлаши керак бўлган молиявий мажбурияти йўқки, суғурта ширкати уни бажариб қўйса. Негаки, суғурта қилдирувчининг бировга тўлаши керак бўлган молиявий мажбурияти йўқ. Ширкат келиб уни кафилликка олаётганда ҳеч қандай молиявий мажбурият бўлмаганидан кейин ширкат бажарадиган молиявий мажбурият ҳам бўлмайди. Шунга кўра, у шаръан нодуруст кафилликка олиш бўлади. Учинчидан, ширкат тўлашни ўз бўйнига олган нарсанинг ўзи ё баҳоси ёки маълум миқдордаги мол суғурта битими пайтида кафиллик берилувчининг ўша вақтда ҳам, кейинчалик ҳам бошқаларга тўлаши керак бўлган мажбурияти эмас. Шу жиҳатдан ҳам бу нодуруст кафилликдир. Демак, суғурта ширкати ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам тўланиши вожиб бўлмаган нарсани кафилликка оляпти. Бу нарса ҳам унинг ботиллигини кўрсатиб турибди. Тўртинчидан, суғуртада кафилликка олинувчи йўқ. Демак, унда шаръий кафолатнинг бир асосий элементи, яъни кафилликка олинувчининг бўлиши шарти етишмайди. Зеро, кафилликка олишда кафилликка олувчи ҳам, кафилликка олинувчи ҳам, кафиллик берилувчи ҳам бўлиши шарт. Суғурта битимида кафилликка олинувчи бўлмаганидан кейин у шаръан ботилдир. Бешинчидан, суғурта ширкати талофатга учраган нарсанинг ўзини ёки пулини тўлаш ёки маълум миқдорда мол бериш мажбуриятини олганда бу ишни маълум миқдордаги маблағ эвазига қилади. Кафилликка олиш дуруст бўлишининг бир шарти эса унинг эвазсиз бўлишидир. Шу жиҳатдан суғурта ботил кафолатдир.
Шулардан кўриниб турибдики, суғурта шартномасида кафолатнинг тузилиши ва дуруст бўлишига оид шариат нусусларида ворид бўлган шартлар топилмагани боис ширкат берган шартнома ҳужжатлари ҳам, ундаги нарсанинг ўзини, баҳосини ёки маълум миқдорда пул тўлашлари ҳам, суғуртанинг ўзи ҳам шаръан батамом ботилдир.
Шунга асосан, ҳаётни бўладими, товарни бўладими, мулкни бўладими, бошқани бўладими, суғурта қилдиришнинг барча тури шаръан ҳаромдир. Зеро, унинг битими шаръан ботилдир. Суғурта ширкатининг битим тақозоси билан берадиган аҳди ҳам шаръан ботилдир. Шунга кўра, шу битим ва шу аҳд орқали олинган мол ношаръий йўл билан топилган даромад ҳисобланиб, уни ейиш ҳаромдир.
Муттақий
|