Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Бу олти нарсада насия мумкин эмаслиги шаръий ҳукм ва нима учун фақат шу олтиталиги ёки нимаси учун шундай қилинганлиги кўрсатилмаган. Лекин бу иҳтилофли масала, баъзи мужтаҳидлар бошқа нарсаларга ҳам қиёс қилишади. Бизнинг рай қуйдагича:
««Савдо ва саламдаги рибо фақат олти нарсадагина бўлади. Улар: хурмо, буғдой, арпа, туз, олтин ва кумушлардир. Қарз ҳамма нарсада бўлаверади. Бир нарсани кўпроқ, озроқ ёки бошқа навидан қилиб, қайтариб олиш шарти билан қарз бериш ҳалол бўлмайди. Қарз берилган нарсани нави ва миқдоричагина қайтариб олиш мумкин. Савдо ва салам билан қарз ўртасидаги фарқ шуки, савдо ва саламда бир нарсани ўзининг навидаги нарса билан ҳам, бошқа навдаги нарса билан ҳам айирбошлаш мумкин. Қарз эса фақат ўзининг навидаги нарса билан тўланиши шарт. Рибонинг фақат олти хил нарсада бўлишига далил саҳобаларнинг ижмолари ҳамда Пайғамбар(с.а.в)нинг:
«اَلذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ، مِثْلاً بِمِثْلٍ سَوَائًا بِسَوَاءٍ، يَدًا بِيَدٍ فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ الْأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ»
«Олтинга олтин, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз бир хил ўлчовда, бир хил ҳажмда қўлдан қўлга берилади. Агар бу нарсалар турли хил бўлса, қўлдан қўлга бўлса хоҳлаганингиздек сотинглар», деган ҳадисларидир. Бу ҳадисни Муслим Убода ибн Сомитдан ривоят қилган. Демак, ижмоъ ва ҳадис шу олти нарсадагина рибо бўлишига ҳужжатдир. Улардан бошқасида рибонинг ҳаром бўлишига далил ворид бўлмаган. Шу жинсдаги ва шу сифатдаги бошқа нарсалар ҳам шунга киради. Бу нарсаларда рибо ҳаром қилинишининг иллатини кўрсатувчи ҳужжат ворид бўлмаган. Шунга кўра, уларнинг иллати кўрсатилмайди. Чунки иллат ақлий эмас, шаръий бўлади. Ҳужжатнинг маъносидан тушунилмаган иллатнинг эътибори йўқ. Бу ерда иллатнинг қиёси ҳам йўқ. Чунки қиёснинг иллатида иллат деб эътибор қилинган нарса бирон нарсани англатувчи сифат бўлиши шарт. Шунда ўша сифатга қиёслаш дуруст бўлади. Агар бирон нарсани англатувчи сифат бўлмай, исми жомид бўлса ёки бирон нарсани англатмайдиган сифат бўлса, иллат бўлишга ярамайди, унга бошқаси қиёс ҳам қилинмайди. Зеро, Пайғамбар(с.а.в) ибн Можанинг Абу Бакра йўлидан қилган ривоятидаги:
«لاَ يَقْضِى الْقَاضِى بَيْنَ اِثْنَيْنِ وَهُوَ غَضْبَانُ»
«Икки кишининг ишини ажрим қилаётган қози ғазабланган ҳолида ҳукм чиқармасин», деганларида ғазабни ҳукм чиқаришнинг тақиқланишига иллат қилиб кўрсатганлар. Чунки ғазаб тақиқни англатувчи сифатдир. Шунга кўра, у иллат бўла олади. Унинг иллатлиги тақиқ тушунилган маънодан истинбот қилинади. Бу маъно ақлнинг паришон бўлиб қолишидир. Шунга биноан ақлнинг паришон бўлиб қолишига олиб борувчи ҳар бир нарса ғазабга қиёс қилинади. Масалан, қаттиқ очлик. Демак, ғазабга ғазабдан бошқа нарсаларни қиёс қилиш ҳам мумкин. Чунки ғазаб сўзи ҳукм чиқаришнинг тақиқланишини англатувчи сифатдир. Оллоҳ Таолонинг:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ الْمَيْتَةُ
– „Сизларга ўлимтик ҳаром қилинди“, [5:3]
деган оятидаги ўлимтик эса ҳаром қилинишни англатувчи сифат эмас. Шунинг учун унга қиёс қилинмайди. Ҳаром қилиниш ўлимтикнинг ўзи билангина чекланади. Шунингдек, буғдойда рибонинг ҳаром қилинишига қатъий ҳужжат ворид бўлган. Уни бошқасига қиёс қилиб бўлмайди. Чунки буғдой бирон нарсанинг англатувчи сифат эмас, исми жомиддир. Чунки буғдой буни англатувчи сифат эмас. Буғдой озуқа бўлганлиги учун унда рибо ҳаром қилинди, дейилмайди. Шунинг учун унинг озуқалиги унда рибо ҳаром эканлигига иллат ҳисобланмайди ва унга бошқаси қиёс қилинмайди. Муслим Муаммар ибн Абдуллоҳдан ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в):
«اَلطَّعَامُ بِالطَّعَامِ مِثْلاً بِمِثْلٍ»
«Озуқага озуқа баб-баробар», деганлар. Аҳмад Абу Саид Худрийдан ривоят қилади:
«أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَسَمَ بَيْنَهُمْ طَعَامًا مُخْتَلِفًا، بَعْضَ أَفْضَلِ مِنْ بَعْضٍ قَالَ: فَذَهَبْنَا نَتَزَايَدُ بَيْنَنَا، فَمَنَعَنَا رَسُولُ اللهِ r أَنْ نَتَبَايَعَهُ، إِلاَّ كَيْلاً بِكَيْلٍ لاَ زِيَادَةَ فِيهِ»
«Пайғамбар(с.а.в) ҳар хил озуқаларни бизга тақсимладилар. Айримлари айримларидан яхшироқ эди. ўзаро нархларни кўтара бошладик. Шунда Пайғамбар(с.а.в) бизни бир-биримизга сотишдан қайтариб, фақат оширмасдан килосига кило қилиб сотишимизгагина рухсат бердилар». Насоий Жобир йўлидан ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:
«لَا تُبَاعُ الصُّبْرَةُ مِنْ الطَّعَامِ بِالصُّبْرَةِ مِنْ الطَّعَامِ، وَلَا الصُّبْرَةُ مِنْ الطَّعَامِ بِالْكَيْلِ الْمُسَمَّى مِنْ الطَّعَامِ»
«Бир уюм озуқа бир уюм озуқага сотилмайди. Бир уюм озуқа аниқ ўлчовли озуқага ҳам сотилмайди». Бу ҳадислар ҳаром қилинишнинг иллати озуқа эканлигига далолат қилмайди. Улар озуқада ҳам рибо бўлишини англатади, холос. Озуқанинг ҳамма жинсини ўз ичига олиб, умумий маънони англатади. Убода ибн Сомит ривоят қилган ҳадис уларни хослаб, рибога оид озуқаларни буғдой, арпа, хурмо ва туз билан чеклайди. Шунга кўра юқоридаги нусусларда келган таом, деган умумий лафз хос маъно ирода қилинадиган умумийлик сирасига киради. Бу ерда хос маънодан мурод таомга мазкур тўртта озуқа киради. Масалан, Оллоҳ Таолонинг:
الَّذِينَ قَالَ لَهُمْ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُوا لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ
– „Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!»“, [3:173]
деган оятидаги «одамлар» деган лафз умумий лафз бўлиб, ундан хослик ирода қилиняпти, чунки бу сўзни айтганлар ҳамма одамлар эмас, айрим одамлардир. Шунга ўхшаб юқоридаги «озуқа» сўзи ҳам хослик назарда тутилган умумий лафздир. Яъни ундан ҳамма озуқалар эмас, айрим озуқалар назарда тутилган. Бунга далил шуки, кўп озуқаларда рибо ҳаром қилинмаган. Масалан, бақлажон ошқовоқ, сабзи, мевалар, қалампир, саримсоқ-пиёз, унноблар ҳам озуқа ҳисобланади. Лекин уларда рибо бўлмаслигига ижмоъ қилинган. Муслим Оиша орқали ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в):
«لاَ صَلاَةَ بِحَضْرَةِ الطَّعَامِ»
«Таом келтирилган пайтда намоз ўқилмайди», деганлар. Бу ҳадисда ейиш учун тайёрланган ҳар бир таом назарда тутилган. Агар ҳар бир озуқада рибо бўлганида, уларга ҳам рибо кирган бўларди. Шунга кўра, ўтган ҳадисларда ворид бўлган «озуқа» сўзи хослик назарда тутилган умумийлик қабилидандир. Яъни рибога оид озуқалар Пайғамбар(с.а.в) айтиб ўтган
«اَلْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ»
«Буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз»лардир. Шунингдек, олтин ва кумушда рибонинг ҳаром қилинганига иллат уларнинг ўлчанадиган нарсалар эканлигидир, буғдой арпа, хурмо ва тузда рибонинг ҳаром қилинишига иллат эса уларнинг тортиладиган нарсалар эканлигидир, деб ҳам бўлмайди. Чунки ҳадисдаги ўлчаш ва тортиш иллат эмас, сифат бўлиб келяпти. Насоий Убода ибн Сомитдан ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:
«اَلذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهُ وَعَيْنُهُ وَزْنًا بِوَزْنٍ، وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهُ وَعَيْنُهُ وَزْنًا بِوَزْنٍ، وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ، سَوَاءً بِسَوَاءٍ، مِثْلاً بِمِثْلٍ، فَمَنْ زَادَ أَوْ ازْدَادَ فَقَدْ أَرْبَى»
«Олтинга олтин. Рудаси ҳам ўзи ҳам вазнга вазн берилади. Кумушга кумуш. Рудаси ҳам, ўзи ҳам вазнга вазн берилади. Тузга туз, хурмога хурмо, буғдойга буғдой, арпага арпа. Баб-баробар килосига кило берилади. Кимки кўпайтириб олса ёки берса, рибо қилибди». Ҳадис ҳаром қилиш ҳолатини баён қилиб, унинг кумуш ёки тиллани ортиғи билан ўлчаш, буғдой, хурмо, арпа, тузни эса ортиғи билан тортиш эканини билдиряпти. Демак, у (яъни вазн) ҳаром қилишнинг иллати эмас, балки айирбошлаш жараёнининг баёнидир. Шунга асосан ҳар бир ўлчанадиган ёки тортиладиган нарсада рибо бўлавермайди. У шу олти нарсадагина бўлади: Вазн жиҳатидан олтин ва кумушда, ўлчов жиҳатидан бошқаларида бўлади. Хуллас, савдо ва салам рибоси фақат олти нарсада юз беради. Улар: хурмо, буғдой, арпа, туз, олтин ва кумушлардир.
Қарз шу олти нарсада ва бошқа нарсаларда ҳамда мулк бўладиган барча нарсаларда жоиздир. Қарз фойда келтирса, унга рибо кирган бўлади. Бунга далил, Хорис ибн Абу Усома Али р.а дан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Пайғамбар(с.а.в) фойда келтирадиган қарздан қайтарганлар». Яна бир ривоятда: «Фойда келтирган ҳар бир қарз, рибодир», дейилган. Ортиғи билан бериш эмас, чиройли адо этиш бундан мустаснодир. Абу Довуд Абу Рофиъдан ривоят қилади: “Пайғамбар(с.а.в) бир бўталоқни салафга олдилар. У кишига садақа (закот) туяларидан келиб қолди. Менга ҳалиги кишининг бўталоғини тўлаб қўйишимни буюрдилар. Мен, фақат яхши туялар бор экан, холос, дедим. Шунда у киши, ўшанисини беравер, чунки яхши одам (қарзини-салафини) яхшилаб тўлаган одамдир, дедилар”»».
Муттақий.
|