Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Аввал қилган ишлари учун жавоб бермайди, ношаръий йўллар билан эга бўлган бўлса ҳам ҳалол мулклари мулк бўлади. Расулуллоҳ(с.а.в)дан ушбу сўзлар ривоят қилинган: «Ислом ўзидан олдинги нарсаларни бекор қилиб ташлайди».
Аммо чўчқа ёки ароқ каби ҳаром нарсалар бўлса мусулмон бўлгандан кейин унга мулк бўлмай қолади ва сотиши ҳам жоиз эмас. Шунинг учун динга киришдан аввал эга бўлган ҳаром нарсаларини ғойридинларга сотдириб, пулга айлатириб олиш керак. Бунга “Исломда иқтисод низоми” номли китобимизда акциялар тўғрисидаги ҳукмни келтираман: ««Энди бир масала қолди. Айрим мусулмонлар ҳиссадорлик ширкатларининг акцияларини сотиб олган бўлсалар, уни таъсис этишда иштирок қилган бўлсалар, ҳиссадорларга айланиб, қўлларида акциялар бўлса, лекин бу ишнинг шаръий ҳукмини билмасдан ёки бундай ширкатларнинг нималигини билмайдиган шайхларнинг фатвосига кўра қилган бўлсалар, уларнинг бу ишлари ҳаром бўладими, йўқми? Қўлларидаги акциялари - гарчи шаръан ботил муомала орқали топилган бўлса ҳам - уларга мулк ва ҳалол мол бўладими ёки ҳаром бўладими? Бу акцияларни одамларга сотишлари мумкинми ёки йўқми?
Жавоб шуки, шаръий ҳукмни билмаслик узр эмас, чунки ҳар бир мусулмонга ҳаётида керак бўладиган ҳукмларни билиб олиш фарзи айндир. Токи у шаръий ҳукмга қараб иш тутсин. Лекин агар бундай ҳукмдан шу ишни қилиб қўйган одам бехабар бўлса, қилмиши учун жазоланмайди. Гарчи шаръий ҳукм уни ботил деса-да, бу иш уни қилган одам учун тўғри бўлаверади. Зеро,
«لِأَنَّ الرَّسُولَ r سَمِعَ مُعَاوِيَةَ بْنَ الْحَكَمَ يُشْمِّتُ عَاطِسًا، وَهُوَ فِى الصَّلاَةِ، فَبَعْدَ أَنْ فَرَغُوا مِنَ الصَّلاَةِ عَلَّمَهُ الرَّسُولُ أَنَّ الْكَلاَمَ يَبْطُلُ الصَّلاَةَ، وَتَشْمِيتُ الْعَاطِسِ يَبْطُلُ الصَّلاَةَ، وَلَمْ يَأْمُرْهُ بِإِعَادَةِ الصَّلاَةِ»
Пайғамбар(с.а.в) Муовия ибн Ҳакамнинг намозда туриб аксирган одамга: «Ярҳамукаллоҳ», деганини эшитиб, намоздан бўшаганларидан кейин унга гапириш ҳам, аксирган одамга саломатлик тилаш ҳам намозни бузишини ўргатдилар. Бироқ, намозни қайта ўқишга буюрмадилар. Худди шу маънони Муслим ва Насоий Ато ибн Ясор йўлидан ривоят қилганлар. Бу ҳукм, яъни гапириш намозни бузишлиги ўша шахс тоифасидаги одамлар учун, одатда, ноаниқ ишдир. Шунга кўра, Пайғамбар(с.а.в) бу ишда уни узрли деб топдилар ва намозини тўғри деб ҳисобладилар. Ҳиссадорлик ширкатларининг шаръан ҳаромлиги ҳам кўпчилик мусулмонлар билмайдиган ҳукмлар сирасига киради. Шунинг учун ҳам бу ишда билмаслик узрга ўтади. Шунга кўра, ширкатлар ботил бўлса-да, уларга аъзо бўлганларнинг иши тўғри бўлаверади. Муовия ибн Ҳакам намозни бузиб қўядиган ишни қилган бўлса-да, унинг намози тўғри бўлавергани каби, ширкатлар ботил бўлса-да, унга аъзо бўлганларнинг ишлари тўғри бўлаверади. Чунки Муовия гапириш намозни бузишини билмаганидек, улар ҳам бу ишнинг ҳаромлигини билмаганлар. Шайхларнинг фатво бериши ҳам фатво сўровчилар учун билмаслик ҳукмига ўтаверади. Фатво берувчи эса узрли ҳисобланмайди, чунки у ҳукм чиқаришдан аввал ҳиссадорлик ширкатларининг воқесини билишга ҳаракат қилгани йўқ. Ана шу ҳиссадорларнинг акцияларга эгалик қилиши ҳам тўғри бўлаверади. Модомики бу ишнинг ботиллигини билмаганлари учун узрли ҳисобланиб, шаръан ишлари тўғри деб топилар экан, бу пуллар уларга ҳалолдир. Аммо акцияларни мусулмонларга сотиш мумкин эмас. Чунки улар шаръан ботил молиявий қоғозлардир. Уларга эгалик қилишнинг ҳалоллиги тасодифий бир сабаб, яъни билмаганлик узр ўрнига ўтиши туфайли бўляпти. Шаръий ҳукм таништирилгандан кейин ёки бу ишнинг ҳукми ҳаммага аён бўлгандан кейин улар ҳаром молга айланиб, сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам, бировга бериб сотдириш ҳам мумкин бўлмайди.
Шаръий ҳукмни билмаганлиги туфайли олиб қўйилган бу акциялардан қутулишнинг йўли ширкатни тарқатиш ёки уни исломий ширкатга айлантириш ёки ҳиссадорлик ширкатларининг акцияларини ҳалол, деб биладиган ғайридинни топиб, у орқали сотдириб, пулини олиш билан бўлади. Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилинишича, Билол Умар ибн Хаттоб(р.а)га ходимларингиз ароқ, тўнғизларни ҳам хирожга олишяпти, деганида, уларни олманглар, лекин сотиш ваколатини беринглар-да, пулидан олинглар, деганлар. Буни Абу Убайд «Амвол»да ривоят қилган. Ҳеч ким Умарнинг бу ишини инкор қилмаган. Агар у шариатга тўғри келмаганида инкор қилишган бўларди. Шунга кўра, у ижмоъдир. Ароқ ва тўнғизлар аҳли зимманинг молларидир. Улар мусулмонларга мол бўлмайди. Аҳли зиммалар мусулмонларга жизянинг бадалига ўшаларни бермоқчи бўлганларида Умар(р.а) уларни қабул қилмасликни, сотдириб пулини олишликни буюрди. Акциялар ҳам ғарблик капиталистларнинг моли ҳисобланиб, мусулмонларга мол бўлмайди. Мусулмонларнинг қўлига тушиб қолган бўлса, уларни олишлари жоиз эмас, сотдириб юборишлари лозим. Жизя ва хирожда Умар ароқ ва тўнғизларни зиммийларга сотдиришга рухсат берганидек, бу акцияларни ҳам мусулмонлар зиммийларга сотдиришлари мумкин»».
Муттақий.
|