Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Шаръий ҳукмларни билишдаги иккинчи асос бу – ҳадис. Ҳадисларнинг энг ишончлиси, ҳадисшунос олимларнинг эътиборида Бухорий ва Муслим биргаликда ривоят қилган ҳадис ҳисобланади. Улар ҳар бир ҳадисни Росулуллоҳ(с.а.в)дан ривоят қилишда қаттиқ изланишлар, аниқлик киритишлардан сўнг ривоят қилганлар. Бу иккиси бир ҳил ривоят қилган ҳадисларни кўпинча “муттафақун алайҳ”(متفق عليه - унга иттифоқ қилишган) деб қўлланилган.
Ҳадислар саҳобаи киромлар даврида ёзилмаган. Ҳадисни ривоят қилиш улар китобларга битилган даврдан кейин тўхтаган. Ҳадислар ёзилган асрдан кейин, яъни Бухорий ва Муслим ҳамда Суннат соҳиблари ҳадис ривоят қилган асрдан кейин тўҳтаган. Чунки ривоят нақлдан иборат бўлиб, нақл аллақачон ниҳоясига етган. Ҳадис ривоят қилувчилар саҳобалар, тобеинлар ва тобеинлардан кейингилардир.Муҳаддислар орасида бир неча лафзлар ишлатилиб, уларнинг маъноларини аниқламоқ лозим. Булар ҳадис, хабар, асар ва Суннатдир. Булар умумий атамалардир. Матн, санад, иснод, муснад каби сўзлар ҳадиснинг лафзлари ва ривоятларида қўлланадиган сўзлардир. Муҳаддис, ҳофиз, ҳужжат ва ҳоким ривоят қилувчиларда қўлланадиган сўзлардир ва ҳоказо.
Ривояти ҳужжат қилинадиган киши одил бўлиши ва айтаётган нарсасини яхши билиши шарт. Одил бу фисқу фужур ва андишасизликдан сақланган болиғ, оқил мусулмондир. Зобит эса ҳушёр ва ғафлатдан холи кимса бўлиб, ҳадис ривоят қилса, ўз ривоятини ёд билади, агар Китобдан ҳужжат келтирса, ёзиб қўйган ривоятини сақлагувчидир. Агар маънан ривоят қилинган бўлса, айтган ҳадисининг маъносини ҳамда маънони мақсаддан буриб юборувчи нарсаларни билувчидир.
Ровийнинг одиллиги яхши одам деб мақталгани билан собит бўлади. Кимнинг одиллиги аҳли нақл ва аҳли илмлар орасида машҳур бўлиб, ростгўй ва ишончли деб мақталса, шу билан кифояланади ва унинг одиллигига далил келтиришга ҳожат йўқ. Шунингдек, ривоят қилувчининг адолати имомлар жамоаси ёки уларнинг биттаси томонидан эътироф этилгани билан исботланаверади.
Ривоят қилувчининг зобитлиги унинг ривояти пухталик ва зобит деб танилган ишончли кишиларнинг ривоятларидан деб ҳисобланиши билан аниқланади. Агар унинг ривоятида ўшаларнинг ривоятларига маъно жиҳатидан яқинлик топилса, ёки кўпроқ мувофиқ бўлиб, камдан-кам зид келса, у ишончли зобит ҳисобланади. (“Исломий шахсия” китобидан бу соҳани муфассалроқ ўрганишингиз мумкин).
|