Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ҳар икки кўзга шикаст етказилса, бир товон тўланади. Бир кўз учун ярим товон тўланади. Чунки Пайғамбар(с.а.в):
«وَفِي الْعَيْنَيْنِ الدِّيَةُ»
«Икки кўз учун бир товон», деганлар. Пайғамбар(с.а.в)нинг:
«وَفِي الْعَيْنِ الْواحِدَةِ خَمْسُونَ مِنَ الإِبْلِ»
«Битта кўз учун элликта туя», деганлари ҳам ривоят қилинган. Кўзнинг кичик ё катта, хунук ё чиройли, касал ё соғлом бўлишининг аҳамияти йўқ. Унга оқ тушган бўлса, кўзнинг нуқсони ҳисобланмайди. Шунга кўра, товон ҳам камайтирилмайди. Кўз қанчалик нуқсонли бўлса, товон ўшанчалик камайтирилади. Кўзнинг нуқсонлигидан мақсад унинг 6/6 ёки 9/6 каби тўлалигидан камайиши эмас, балки шикаст етказилганидан аввалги нуқсонидир. Кўз ишдан чиқса, бир товон тўланади. Чунки иккиталик аoзолардан фойдаланиш йўқолгани учун бир товон тўланади. Бошга берилган зарба туфайли кўз кўр бўлиб қолса, унга ҳам кўзнинг товони тўланади. Чунки шу жиноят туфайли кўз ишдан чиқди. У туфайли ишдан чиқмасдан, даволаниш жараёнида ишдан чиқса ҳам барибир товон тўланади. Негаки кўз ўша иш сабабли майиб бўлди. Кўзнинг кўр бўлган ё бўлмагани хусусида тортишиб қолинса, икки ёки ундан ортиқ мутахассисга мурожаат қилинади, бу ишни аниқлашда уларнинг ўз йўллари бор. Кўзнинг ишдан чиққани аниқланиб, мутахассислар унинг қайтишига умид йўқ, дейишса, товон тўлаш вожиб бўлади. Агар улар умид бор, фалон муддатгача кутиб туриш керак, дейишса, ўшангача кутиб турилади. Муддат тугагунига қадар товон тўланмайди. Қайтадан кўра бошласа, жиноятчидан товон тўлаш олиб ташланади. Жабрланувчи тузалмаса ёки тузалмай туриб ўлиб қолса, товон тўланади. Муддатнинг ичида ўладими, кейин ўладими, фарқи йўқ. Муддат ичида бошқа бир одам келиб, кўзни ўйиб олса, товонни биринчи жиноятчи тўлайди, чунки кўр қилган - ўша, иккинчи жиноятчининг иши одил судда кўрилади, негаки у кўрмайдиган ва қайта кўришидан умид қилинмайдиган кўзни ишдан чиқарди. “Исломда жазолар низоми” китобидан.
|