Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ноҳақ олинган мол учун қиёматда иймони сўралмайди. Балки яхшиликларидан олиб берилади. Агар яхшиликлари қолмаса, у ҳолда ҳақдорни ёмонликларидан ўша ҳақ миқдорича ҳаққини ботил йўл билан олган бандага юклаб қўйилади: Муслим Абу Ҳурайрадан ушбуни ривоят қилди:
« أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَنِ الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لاَ دِرْهَمَ لَهُ وَلاَ مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلاَةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي وَقَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ، ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ»
«Росулуллоҳ(с.а.в): муфлис ким, биласизларми? - деб сўрадилар. Бир дирҳами ҳам, бирон матоси ҳам қолмаган кишини муфлис деймиз, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз(с.а.в): Умматим орасидаги муфлис шундай киши бўладики, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Келадию ваҳоланки у бировни сўкиб ҳақорат қилган, яна бировга туҳмат тошини отган, бировнинг молини еб кетган, яна бировнинг қонини тўккан, яна бировни уриб калтаклаган бўлади. Шунинг учун унинг яхши амалларидан унга, бунга берилади. Зиммасидаги бировларнинг ҳаққини адо қилишидан олдин яхшиликлари тугаб қолса ҳалигиларнинг гуноҳлари олиниб унга юкланади. Шундан сўнг дўзахга улоқтирилади, дедилар».
Ҳар қандай чет эл фуқароси бизнинг ўлкаларга қонуний йўл билан кирган бўлса ва уларга омонлик берилган бўлса, уларни ҳамда мол-мулкини ҳимоя қилиш, тинчлигини таъминлаш давлат зиммасидаги вожиб. Чунки омонлик: зимма (ҳимоя) ва аҳд беришдир. Росулуллоҳ(с.а.в) шундай дедилар:
«الْمُسْلِمُونَ تَتَكَافَأُ دِمَاؤُهُمْ وَهُمْ يَدٌ عَلَى مَنْ سِوَاهُمْ وَيَسْعَى بِذِمَّتِهِمْ أَدْنَاهُمْ»
«Мусулмонларнинг қонлари ўзаро тенгдир. Улар ўзларидан бошқаларга қарши битта қўлдирлар. Улардан энг қуйи даражадагиси берган омонлик ҳам нуфузлидир».
Амр ибн Маймун Умар ибн Хаттобнинг вафот этиши чоғида шундай деганини ривоят қилди: «Мендан кейинги халифага фалон-фалон нарсани васият қиламан. Унга Аллоҳ зиммаси ва Росулуллоҳ(с.а.в) зиммасини васият қиламан. Уларга (зиммийларга) уларнинг аҳдлари бўйича вафо қилишини, уларни ҳимоя қилиб жанг қилишни, уларни тоқатларидан ташқари нарсага буюрмасликни васият қиламан». Бухорий ривояти.
Шунинг учун “Исломий шахсия” 2-чи китобида:
“Мустаъмин – омонлик сўровчидир. У бошқа юртга омонлик билан кирадиган кишидир. У мусулмон бўладими ёки ҳарбийми, бунинг фарқи йўқ. Масалан агар мусулмон дорул ҳарбга омонлик билан кирадиган бўлса улардаги бирон нарсага тажовуз қилиши ҳаромдир. Чунки мусулмонлар ўз шартларида турадилар, яъни уларга амал қиладилар. Масалан, агар мусулмон одам уларнинг мол-мулкларидан бирон нарсани тортиб олса ёки яширинча ёки ўғирлаб олиб чиқса унга эга бўлиши ҳаром мулк бўлади. У олган нарсасини уларга қайтаради. Чунки тортиб олинган нарса кимдан тортиб олинган бўлса ўшанга қайтарилади. Шунингдек ўғирланган нарса ҳам. Уларнинг барчаси эгасига қайтарилади. У кофир бўладими ёки мусулмонми, бунинг фарқи йўқ. Мусулмон кишининг куфр юртларига омонлик билан кириши жоиз бўлганидек ҳарбийнинг мусулмонлар юртларига омонлик билан кириши ҳам жоиздир. Чунки Росулуллоҳ(с.а.в) Макка фатҳ этилган кунда кофирларга омонлик бериб бундай дедилар:
«مَنْ أَغْلَقَ بَابَهُ فَهُوَ آمِنٌ»
«Ким эшигини беркитиб олса у омондадир». Муслим ривояти. Пайғамбаримиз(с.а.в)мушрикларнинг элчиларига омонлик берар эдилар ва омонлик берилган кишига хиёнат қилишни ҳаром қилдилар
“....Мустаъмин ўз жони учун омонлик олган бўлса бу омонлик унинг моллари учун ҳам омонлик бўлади. Гарчи улар учун алоҳида омонлик олмаган бўлса ҳам. Шунинг учун унинг жони қўриқланганидек мол-мулклари ҳам қўриқланади. Мусулмон одам мустаъминнинг маст қилувчи ичимлигига ва тўнғизига талофат етказган бўлса, унинг қийматини тўлайди. Агар уни билмасдан, янглишиб ўлдириб қўйса дия (хун) тўлаши вожиб бўлади, қасддан ўлдирса ўзи ҳам ўлдирилади. Шунинг учун мустаъминга азият етказишдан тийилиш лозим. Мусулмонни ғийбат қилиш қандай ҳаром бўлса, мустаъминни ғийбат қилиш ҳам шундай ҳаромдир. Чунки унга ҳам зиммийга муомала қилингандек муомала қилинади. Мустаъмин дорул Исломда ўлса, унинг меросхўрлари дорул ҳарбда бўлишса унинг мол-мулки муҳофаза қилинади ва меросхўрлари бу мол-мулкни мусулмонлардан ёки зиммийлардан ҳужжат билан олишади. Чунки у омонлик берилган молдир. Шунинг учун бу мол унинг меросхўрларига топширилади”.
Муттақий
|