Савол жавоб майдони

Хуш келибсиз Guest 

Кўрсатиш/Яшириш Сарлавҳаларни

Хуш келибсиз мехмон! Бу форумда савол қолдириш учун рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.





Саҳифалар: [1]
Муаллиф Мавзу: Муштахид ким?
Mux
Про
Св-Жв: 321
Permalink
Post Муштахид ким?
        May 28, 2017, 13:45
Иқтибос

Ассалому алекум муштахид ким? Жавоб учун рахмат олдиндан.

turkiston.-
net
Administrator
Св-Жв: 676
Permalink
Post Св: Муштахид ким?
        May 28, 2017, 13:46
Иқтибос

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Мужтаҳид сўзи ижтиҳод -қаттиқ харакат- қилувчи кимсани англатади. Аммо шариатдаги маъноси қуйдагича:

«« Ижтиҳоднинг луғавий маъноси оғир меҳнат ва машаққатни талаб қилувчи бирор ишни амалга ошириш учун бор кучни сарфлашдир. Аммо усул олимларининг истилоҳида ижтиҳод бирор шаръий ҳукмга нисбатан, ундан ошиғига ўз ожизлигини ҳис қилган йўсинда, ўз занн-гумонини излаб топиш учун бор кучини сарфлашидир.

Ижтиҳоднинг зарурлиги ҳадис билан исботланган. Пайғамбар(с.а.в)дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ(с.а.в) ибн Масъудга дедилар: «Қуръон ва ҳадис билан ҳукм қил, агар улардан ечим тополмасанг ўз раъйингда ижтиҳод қил». Яна Расулуллоҳ(с.а.в)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ(с.а.в) Муоз ва Абу Мусо ал-Ашъарийни Яманга қози қилиб юбордилар ва дедилар: «Қандай ҳукм чиқарасизлар?» Улар: «Қуръон ва Суннатдан. Агар тополмасак, ишларни бир-бирига қиёслаймиз ва ҳақиқатга яқин бўлганини олиб, амал қиламиз». Бу ўринда айтилган қиёс шаръий ҳукмни олиш учун ижтиҳоддир. Расулуллоҳ(с.а.в) Муоз ва Абу Мусоларнинг қиёсларига, яъни ижтиҳод қилишларига рози бўлдилар. У киши Муозни Яманга волий қилиб юбораётганларида дедилар: «Нима билан ҳукм қиласан?» Муоз жавоб берди: «Аллоҳнинг китоби билан». Расулуллоҳ(с.а.в) дедилар: «Агар ундан тополмасанг-чи?» «Расулуллоҳ(с.а.в)нинг Суннатлари билан», деб жавоб берди Муоз. «Агар ундан ҳам тополмасангчи?» дедилар Расулуллоҳ(с.а.в). «Унда ўз раъйимда ижтиҳод қиламан», деди. Расулуллоҳ(с.а.в) у кишидан ҳурсанд бўлиб, «Пайғамбарнинг элчисини Аллоҳ ва расули яхши кўрган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дея Муознинг бу ишини маъқулладилар. Бу ҳадисда Муознинг ижтиҳод қилиши Расулуллоҳ(с.а.в) томонларидан маъқулланган. Ижтиҳод ҳақида бирор кишида ихтилоф йўқ. Саҳобалар ҳам шаръий далилдан олинган раъй билан ҳукм қилишган. Улар бирор аниқ ҳужжат топа олмаган воқеаларда ижтиҳод қилишган. Бу эса бизга тавотур йўллари билан етиб келган. Шундай ижтиҳодлардан бири Абу Бакрнинг онанинг онасини мерос олишга ҳақли қилиши ва отанинг онасини эса меросдан маҳрум қилишидир. Шунда баъзи ансорлар Абу Бакрга айтдиларки: «Сиз отанинг онасини меросдан маҳрум қилдингиз, ваҳоланки, отанинг онаси ўлса, ўғлининг ўғли мерос олади. Онанинг онасини эса мерос оладиган қилдингиз, ваҳоланки, онанинг онаси ўлса, қизининг боласи мерос олмайди». Шунда Абу Бакр(р.а) иккаласини ҳам, яъни отанинг онасини ҳам, онанинг онасини ҳам неварадан қолган меросга шерик қилди. Яна шундай ижтиҳодлардан бири ҳамма мусулмонларга ўлжаларнинг бир хил тақсимланишидир. Умар ибн Хаттоб айтдики: «Эй Абу Бакр, моллари ва яшаб турган жойларини ташлаб, Расулуллоҳ(с.а.в)нинг ҳузурига ҳижрат қилган муҳожирлар билан, Исломга мажбур бўлиб кирганларни бир хил кўрманг». Абу Бакр жавоб берди: «Улар Аллоҳ учун Исломни қабул қилишган. Уларнинг ажрлари Аллоҳга ҳавола. Бу дунё жазолайдиган жой эмас». Яна шундай ижтиҳодлардан бири Умар ибн Хаттобнинг ижтиҳоди бўлиб, у киши айтдиларки: «Отанинг отаси ҳақида ўз раъйим билан ҳукм қиламан». Яъни насслардан тушунган раъйим билан ҳукм қиламан, демоқчи бўлдилар. Шундай ижтиҳодлардан яна бири Умарнинг даврида мерос муаммосининг ечилишидир. У муаммо шундан иборат: бир аёл вафот этиб, унинг эри, онаси, она бир икки иниси ва она бир, ота бир икки иниси қолди. Аввал Умар(р.а) она бир иниларга учдан бирни бермоқчи бўлган эди, ота бир, она бир иниларга ҳеч нима қолмади. Шунда ота бир, она бир инилар: «Бизнинг отамиз Ҳимор (бир ривоятда Ҳажар дейилган), деб ҳисобла, биз бир онадан эмасмизми?» дедилар. Шунда Умар(р.а) аввалги раъйдан қайтдилар ва иниларнинг ҳаммасига мероснинг учдан бирини тақсимлаб бердилар. Аммо баъзи саҳобалар бундай масалани бошқача ҳал қилган эдилар. Улар худди Умар каби ва ҳукмда очиқ баён қилинганидек, мероснинг ярмини эрга, олтидан бирини онасига бердилар. Она бир ота бошқа иниларга эса, учдан бирини беришди. Аммо ота бир она бир инилар ҳеч нарса олмадилар. Умар(р.а) шу ҳусусда она бир иниларни ҳам, ота бир ва она бир иниларни ҳам ўз ичига олади деб тушундилар. Чунки уларнинг оналари бир. Ота бир иниларга ҳеч нарса қолмаган тақдирда ҳам, уларнинг оналари битталиги эътибори билан, ўз улушларини оладилар. Аммо бошқа саҳобалар бу борада бошқача ижтиҳод қилдилар. Яъни оятни бошқача тушундилар. Яна шундай ижтиҳодлардан бир мисол: «Самра яҳудий савдогарлардан ушр ўрнига ароқ олиб, уни сирка қилиб сотганлиги ҳақидаги хабар Умарга етиб борган пайтда у айтдики: «Аллоҳ Самрани ҳалок қилсин! У Расулуллоҳ(с.а.в)нинг гапларини эшитмаганмикин? Расулуллоҳ(с.а.в) айтган эдилар: «Аллоҳ яҳудларни лаънатлади. Чунки уларга чарви ёғ ҳаром қилинган эди, улар эса чарви ёғни сотиб пулини едилар». Умар бу ўринда ароқни ёғга қиёслади ва ароқнинг ҳаром қилиниши унинг пули ҳам ҳаромлигини билдирди. Шундай ижтиҳодлардан яна бири Алий(р.а)нинг ароқ ичишнинг жазоси ҳақидаги сўзидир. У киши айтдиларки: «Ким ароқ ичса, ўйламасдан бўлар-бўлмас гапларни гапиради. Кимки бўлар-бўлмас гапларни гапирса, туҳмат қилади. Шунинг учун ароқ ичган кишининг жазоси туҳмат қилган кишининг жазоси билан бир хил, деб ўйлайман». Бу ароқ ичишни туҳмат қилишга қиёслашдир, чунки ароқ ичишдан туҳмат келиб чиқиши мумкин деб ҳисобланади. Шариат бир нарсани гумон қилса, уни шу нарсанинг ўзидек баҳолайди. Бу худди уйқу таҳоратни бузувчи нарсалар қаторига киритилгани каби ёки идданинг (эр ўз хотинини талоқ қўйганидан сўнг хотин бошқа эрга турмушга чиқишига рухсат бўладиган муддат) вожиблигида эр-хотиннинг қўшилишини бачадонда ҳомила бўлиш муддати деб ҳисобланишига ўхшашдир. Буларнинг барчаси саҳобалар томонидан қилинган ижтиҳодлар ва уларнинг ижтиҳодга бўлган ижмосидир.

Бир ҳукмни шу ҳукм татбиқ этиладиган бошқа масалаларга қўллаш ижтиҳод эмас, балки шаръий ҳукмни тушунишдир. Чунки ижтиҳод нассдан (Қуръон ва Суннатдан), яъни унинг мантиқидан ёки унинг мафҳумидан (ундан тушуниб олинган зеҳний маънодан), ёки унинг далолатидан ёхуд нассда келган иллатдан ҳукм ишлаб чиқилишидир. Бу ўринда ўғриликнинг жазоси сифатида Аллоҳ қўл кесишни белгилаганлигидан юлғучга ҳам жазо ишлаб чиқилгани каби куллий далилдан куллий ҳукм истинбот қилинадими, ёки Расулуллоҳ(с.а.в) Бани Даъил қабиласидан ўзлари ва Абу Бакр учун моҳир йўл кўрсатувчини ёллаганларидан ва Аллоҳ Таоло «Талоқ» сурасининг олтинчи оятидаги сўзидан ижара ҳукмини истинбот қилинганидек ёки Расулуллоҳ(с.а.в)нинг «Хизматкорнинг ҳаққини тери қотмасидан аввал беринглар», деб айтган ҳадисларидан хизматчига ҳақини бериш ҳукми чиқарилгани каби жузъий далилдан жузъий ҳукм истинбот қилинадими, барибир, булар ижтиҳод дейилади. Чунки улар куллий ёки жузъий бўладими, далилдан ҳукм олишдир. Ҳукм умумий далилдан олинган умумий ҳукм бўладими, ёки хос далилдан олинган хос ҳукмми, уларнинг барчаси ҳукмни тушуниш учун уринишдир. Аммо ҳукмни шу ҳукмнинг маъносидан келиб чиқадиган ва шу ҳукм доирасидаги янги содир бўлган муаммоларга ёки шу ҳукмнинг таркибидаги фардларидан бирига татбиқ этиш ижтиҳод саналмайди. Масалан, Аллоҳ ўлаксани ҳаром қилди. Агар молнинг бошига уриб ўлдирилса, унинг гўштини ейиш ҳаром. Чунки у шариат рухсат берган тарзда сўйилмади ва ўлаксага айланди. Ўлаксанинг гўшти эса ҳаром. Шариат кўрсатган тарзда сўйилмаган молнинг гўштидан тайёрланган консерваларни ҳам ейиш ва сотиш ҳаром. Лекин бу ҳукм ижтиҳод билан истинбот қилинди деб ҳисобланмайди. Балки, ўлакса гўштининг ҳаромлиги ҳукмига киради. Яна бир мисол, дурузлар сўйган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди. Чунки фақат мусулмон ёки аҳли китоблар сўйган ҳайвоннинг гўштигина ҳалол бўлиб, дурузлар аҳли китоб эмас. Бу ҳукм истинбот йўли билан ишлаб чиқилган ижтиҳод эмас. Чунки, «Аҳли китоблардан бошқа барча кофирларнинг забиҳаси (сўйган ҳайвони) ҳаромдир», деган шаръий ҳукмга кираверади. Бошқа бир мисол, аёл кишининг шўро мажлиси аъзоси бўлишининг жоизлиги шаръий ҳукм бўлиб, бу ҳукм истинбот қилинмаган. Балки унга ваколат ҳақидаги ҳукм татбиқ этилган. Шўро мажлисидаги аъзолик фикрда ваколатга эгалик бўлиб, аёл киши ҳам ўз фикрини билдиришда бошқа бировни ўзидан вакил қилиши ва бировнинг номидан вакил бўлиши мумкин. Яна бир мисол. Закот фақат камбағалга берилади. Унинг камбағаллиги эса занний (тахминий) далил билан олинади, яъни унинг камбағаллиги бир одил кишининг сўзи билан ҳукм қилинади. Бироқ одил кишининг адолатли экани эса занний далил билан билинади. Шунингдек, қиблани билиш учун изланилади ва оқибатда қибла аниқланади. Лекин бу ишлар ижтиҳод ҳисобланмайди, яъни шаръий далиллардан ҳукм ишлаб чиқиш эмас, балки ҳукмларни шу ҳукмларга дахлдор жузъларига татбиқ этиш ёки шу жузъларни ўрганиб чиқиб, уларга мавжуд ҳукмларни қўллашдир. Бу ижтиҳодга эмас, қозиликка киради. Чунки бу муайян шаръий ҳукмларга қарор қилиш эмас, балки бирор ҳодисага аввалда маълум бўлган шаръий ҳукмнинг татбиқ этилишидир. Шу воқеага ўхшаш бошқа бир ҳодиса юз берса, унга ҳам шу ҳукм татбиқ қилинади. Бу ижтиҳод ҳисобланмайди. Шаръий ҳукмлар далилларидан билинганидан сўнг уларни татбиқ этиш талаб қилинади. Уларда ижтиҳод қилиш талаб этилмайди. Аммо шаръий ҳукмлардан ҳукм чиқариш эса ижтиҳодни вожиб қилади. Шунинг учун ижтиҳод деб ҳисобланадиган ҳаракат шаръий қонунларни тушунишда ва улардан ҳукм ишлаб чиқишда бор кучни сарфлашдир. Шаръий ҳукмларни шу ҳукмларга тааллуқли масалаларга татбиқ этиш эса ижтиҳод эмас.

Ислом шариатининг қонунлари мусулмонлардан ижтиҳодни талаб қилади. Чунки шаръий қонунлар муфассал эмас, мужмал (тор) суратда келган, лекин инсоннинг ҳаётидаги барча воқеаларни ўз ичига олади. Бу шаръий қонунларни тушуниб, улардаги Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ этиш жуда катта меҳнат талаб қилади. Ҳатто, муфассал суратда келиб, муаммоларни тафсилотларигача баён этган баъзи ҳукмлар ҳам аслида умумий ва мужмал ҳолда келган. Шунинг учун нусуслар сермаъно ва кўп ҳукмларни ўз ичига олади. Шаръий нусуслар умумий қоидалар учун энг улкан манба бўлади. Ташриъий жиҳатдан олиб қаралганда, шаръий нусуслар воқеини биз юқорида баён қилиб ўтдик. Унга қўшимча қилиб айтишимиз мумкинки, шаръий нусуслар бутун инсониятга келганлиги ва барча миллат ва умматлар учун қонун қилиб юборилганлиги сабабли, уларни ҳаёт қонунлари деган назар билан тушуниб, ҳар қандай даврда содир бўладиган ҳодисанинг ечимини топиш учун мужтаҳидлар зарур.

Ҳар куни сон-саноқсиз янги ҳодисалар юз беради. Бу ҳодисаларнинг ҳар бири ҳақидаги Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ этадиган мужтаҳид бўлиши керак, акс ҳолда улар ҳақидаги Аллоҳнинг ҳукмини аниқлаш мушкул. Бу эса мутлақо жоиз эмас.

Ижтиҳод мусулмонларга фарзи кифоя, агар баъзи мусулмонлар уни бажарса, қолганларидан соқит бўлади. Агар бу фарзни улардан бирортаси ҳам адо этмаса, шу асрда яшаётган мусулмонларнинг барчаси гуноҳкор бўлади. Шунинг учун ҳар қандай аср мужтаҳиддан холи бўлмаслиги лозим, чунки динни чуқур ўрганиш ва унда ижтиҳод қилиш фарзи кифоядир. Агар барча мусулмонлар унинг тарк этилишига рози бўлсалар, уларнинг барчалари гуноҳкордир. Агар бирор аср мужтаҳиддан холи бўлса, шу даврда яшаган кишилар залолатга, яъни Аллоҳнинг ҳукмларини бажармасликка рози бўлган ҳисобланади, бу эса мумкин эмас. Бундан ташқари, шаръий ҳукмларни билишнинг йўли ижтиҳоддан ўзга нарса эмас. Агар бирор аср шаръий ҳукмларни одамларга Қуръон ва Суннатдан чиқариб берадиган мужтаҳиддан холи бўлса, бу иш шариатни бекор қилиш ва ҳукмларнинг унитилишига олиб келади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Мужтаҳид ҳукмни татбиқ этиш учун ўз кучини сарфлар экан, тўғри йўл топса, иккита ажр (савобга), агар хато қилса, битта ажрга эга бўлади. Пайғамбар(с.а.в) айтдилар: «Агар ҳоким ижтиҳод қилиб тўғри йўл топса, унга иккита ва агар хато қилса, битта ажр берилади». Фиқҳдаги занний масалаларда шаръий ҳукмларни билиш учун ижтиҳод қилган мужтаҳиддан гуноҳ ўчирилганлигига саҳобалар ижмо қилишган. Аммо ибодатларнинг вожиблиги, зино ва ноҳақ одам ўлдиришнинг ҳаромлиги каби қатъий масалаларда ижтиҳод қилинмайди. Бу хусусда ҳеч қандай ихтилоф йўқ ва бу фикрда барча саҳобалар бир тўхтамга келишган. Саҳобалар занний масалаларда ихтилоф қилганлар. Аммо қатъий масалаларда ҳамфикр бўлганлар.

Қатъий бўлмаган масалаларда ижтиҳод қилган мужтаҳид ўз ижтиҳоди билан, гарчи фикрида хато эҳтимоли бўлса ҳам, эришган ҳукмда тўғри хулосага келган ҳисобланади. Тўғри ҳукмга эришди, деган сўзнинг маъноси у ҳақиқатни топди, дегани эмас. Чунки занний ҳукмларга нисбатан бундай деб бўлмайди ва Расулуллоҳ(с.а.в) ҳам мужтаҳидни хато қилувчи деб номладилар. Мужтаҳид ҳақ дейилишидан мақсад, хатонинг акси бўлган тўғрилик эмас, балки хатога зид бўлмаган тўғриликдир. Хато қилиши мумкин бўлган мужтаҳиднинг фикрини тўғри дейилишидан мужтаҳиднинг хатоси учун ҳам ажрга эга бўлиши кўзда тутилган, мужтаҳид фикрининг бехатолиги эмас. Шунинг учун ҳар бир мужтаҳид ўз назарида тўғри йўл тутган ҳисобланади. Демак, тўғри фикр юритувчи мужтаҳид ҳам хато қилиши мумкинлиги кўзда тутилган.(“исломий шахсия” биринчи китобдан олинди) »».
Муттақий.

Саҳифалар: [1]
Mingle Forum by cartpauj
Version: 1.0.34; Page loaded in: 0.032 seconds.