Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Агар оҳод хабар саҳиҳ ва ҳасан бўлса, шаръий ҳукмларнинг ҳаммасида, хоҳ ибодатларда, хоҳ муомалада, хоҳ уқуботларда бўлсин, ҳужжат деб эътибор қилинади ва унга амал қилиш вожиб бўлади.
Лекин ундан ҳукмларни олиш фақат мужтаҳидларга хос, чунки ҳадисларни тўғри тушунмасдан ўзи ҳам, унга эгашганлар ҳам адашишлари мумкин. Масалан: Росулуллоҳ(с.а.в)сотувчи эга бўлмаган нарсани сотишдан қайтардилар, яъни ҳаром. Аҳмад Ҳаким ибн Ҳизомдан шундай деганини ривоят қилди: Мен: ё Росулуллоҳ, олдимга бир киши мендан ўзимда йўқ нарсани сотишни сўраб келяпти, унга сотадиган нарса менда йўқ. Унга кейинчалик бозордан олиб сотаман, дедим. Пайғамбаримиз(с.а.в)дедилар:
«لاَ تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ»
«Ўзингда йўқ нарсани сотма».
Бошқа ривоятда бундай дейилган:
«إِنَّا كُنَّا نُسْلِفُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ وَأَبِى بَكْرٍ وَعُمَرَ فِى الْحِنْطَةِ وَالشَّعِيرِ وَالتَّمْرِ وَالزَّبِيبِ إِلَى قَوْمٍ مَا هُوَ عِنْدَهُمْ»
«Биз Росулуллоҳ (с.а.в), Абу Бакр ва Умар даврида бир қавм билан буғдой, арпа, хурмо ва майизда салаф савдоси қилар эдик. Уларда бу нарсалар йўқ эди». Абу Довуд ривояти. Бу ҳадисда йўқ нарса устида савдо бўлганлиги ҳақида ҳабар қилмоқда. Зиддиятли бўлиб кўринган хадислардан яна: Воил Ал-Хазрамийдан ривоят қилинади: “Ториқ ибн Сувайд Ал-Жуъфий Набий(с.а.в) дан ароқ ҳақида сўради. Бас нахий қилди ёки уни тайёрлашни ёмон кўрди. У деди: мен уни даво учун тайёрлайман. У зот: “албатта у даво эмас балки дарддир деди”. Муслим ривояти. Абу Дардодан ривоят: у деди: Росулуллоҳ(с.а.в) деди: “Аллоҳ дардни ҳам давони ҳам нозил қилди. Ва ҳар-бир дардни давосини берди. Бас даволанинглар ва харом билан даволанманглар”. Абу Довуд ривояти. Бу хадислар, у зот, нажас ва харом билан даволанишга буюрган хадисларга зид келади. Қатодадан: у Анасдан: “Уқл ва Урайнадан инсонлар мадинага, Набий (с.а.в) ни ҳузурига келишди. Ва мусулмон бўлганликларини гапиришди. Бас айтишди: эй Аллоҳнинг пайғамбари биз сутга одатланган халқ эдик, экин аҳли эмасдик. Мадинани соғликларига мувофиқ деб билмадилар. Росулуллоҳ(с.а.в) улар учун закот туяларидан ва чўпон буюриб, ташқарига чиқиб уларни сутидан ва бавлидан ичишга буюрди”. Бухорий ривояти. Анасдан ривоят қилинади: “Набий(с.а.в) Абдуррахмон ибн Авфга ва Зубайр ибн Аввомга, уларда қичишқоқ бўлгани учун ипак кийишга рухсат берди”. Ахмад ривояти. Термизий буни шундай лафз билан ривоят қилди: “Абдуррахмон ибн Авф ва Зубайр ибн Аввом ўзларига ғазотда етган битланишни Набий(с.а.в) га шикоят қилишди. У зот уларга ипак кийишга рухсат берди. Анас деди: мен уни улар устида кўрдим”. Бу икки хадис нажас ва харом билан даволанишга ижозат беради. Чунки биринчи хадис бавл яъни нажас билан даволанишга ижозат беряпти. Иккинчи хадис эса ипак кийишга яъни харом билан даволанишга ижозат беряпти. Булардан аввалги хадислар эса, харом ва нажас билан даволанишни харом қилган. Шу ерда зиддият кўринади. Шунинг учун ҳадисларни ҳужжат қилиш фақат мужтаҳидларни иши бўлиб, биз улардан қандай далил қилиб келтиришган бўлса ўшандай олишимиз шарт.
Қуйида саволнинг жавобини муфассал келтираман(“Исломий шахсия” биринчи китобдан):
«« Суннатни далил қилиб келтириш
Маълумки, Суннат Расулуллоҳ (с.а.в)нинг сўзлари, амаллари ва сукутларидир. Суннатга ҳам Қуръонга эргашилгандек эргашиш вожиб. Бироқ, Расулуллоҳ(с.а.в) бир сўзни гапирганлари ёки бир амални қилганлари, бирор сўзга ва амалга сукут сақлаганлари албатта исботланиши лозим. Агар Суннат исботланса, у билан шаръий ҳукмларга ва эътиқодларга далил келтириш мумкин. Суннат билан исботланган нарса шаръий ҳукмлигига ва ақоидлардан бир ақида эканлигига ҳужжат бўлади. Суннатнинг субути қатъий бўлиши мумкин. Бундай ҳадис Расулуллоҳ (с.а.в)дан, ҳар бир жамоат ёлғонга келишиб олмаслигига хотиржам бўладиган даражада кифоя қилувчи сондан ташкил топиш шарти билан, саҳобалар жамоаси, улардан тобеинлар жамоаси, улардан эса табаа тобеинлар жамоаси ривоят қилган ҳадисдир. Бу мутавотир Суннат ёки мутавотир хабар дейилади. Суннатнинг исботи занний бўлиши мумкин, бундай ҳадис Расулуллоҳ(с.а.в)дан биргина саҳобий ёки бир неча саҳобий алоҳида-алоҳида, улардан эса бир тобеин ёки бир неча тобеинлар алоҳида-алоҳида, улардан эса бир табаа тобеин ёки бир неча табаа тобеинлар алоҳида-алоҳида ривоят қилган ҳадисдир. Бундай ҳадислар ҳадисул оҳод ёки хабарул оҳод деб номланади. Шундан маълум бўладики, ҳадислар далил келтириш жиҳатидан икки турлидир: мутавотир хабар ва оҳод хабар. Аммо машҳур ёки кенг тарқалган хабарга келсак, бу Пайғамбар(с.а.в)дан оҳод йўли билан, яъни бир киши орқали ривоят қилиниб, тобеинларнинг ёки табаа тобеинларнинг даврида машҳур бўлган хабар оҳод хабар ҳисобланади. Ҳадиснинг учинчи тури деб ҳисобланмайди. Чунки у далил бўлишда оҳод хабарнинг мартабасидан ошмайди, мутавотирлик даражасига етмайди. Модомики, ривоятда саҳобалар, тобеинлар ёки табаа тобеинлардами, уларнинг бирида оҳодлик, яъни бир киши ривоят қилганлиги топилса, қолган иккитасида жамлик бўлса ҳам оҳод хабар деб ҳисобланади. Демак, Суннат икки турли - мутавотир ва оҳод, учинчи тури йўқ.
Агар оҳод хабар саҳиҳ ва ҳасан бўлса, шаръий ҳукмларнинг ҳаммасида, хоҳ ибодатларда, хоҳ муомалада, хоҳ уқуботларда бўлсин, ҳужжат деб эътибор қилинади ва унга амал қилиш вожиб бўлади. Уни далил қилиб келтириш тўғридир. Чунки шаръий ҳукмларни исботлашда оҳод хабарни ҳужжат қилиш саҳобаларнинг ижмои билан собит бўлган (исботланган). Бунинг далили шуки: «Шариат даъвони исботлашда битта гувоҳни эътиборга олади». Ҳолбуки, бир кишининг гувоҳлиги оҳод хабардир. Шунга кўра, Суннатнинг ривоятини ва оҳод хабарни олиш гувоҳликни қабул қилишга қиёсланади.
Мол-мулк тақсимотида икки эркак кишининг ёки бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлиги билан ҳукм чиқариш, зинода тўрт кишининг гувоҳлиги билан, ҳадлар ва қасосда икки кишининг гувоҳлиги билан ҳукм чиқариш мумкин эканлиги Қуръони Каримнинг ҳукми билан собит бўлган. Расулуллоҳ(с.а.в) бир кишининг гувоҳлиги ва ҳақдорнинг қасами билан ҳукм чиқарганлар. «Разоат», яъни эмизишда битта аёлнинг гувоҳлигини қабул қилганлар. Буларнинг ҳаммаси оҳод хабарлар. Саҳобалар ҳам худди шу йўлни тутишган. Уларнинг биронтаси бунга хилоф иш тутганлиги маълум эмас. Модомики, хабарнинг ёлғонга эҳтимоли борлигига шубҳа йўқолиб, бу шубҳа исботланмаса, ёлғонлигидан кўра ростлиги ғолиб келган хабар билан ҳукм чиқариш лозим. Бу нарса оҳод хабарга амал қилиш лозимлигидан далолат беради. Шунга кўра, ровийнинг ишончли, адолатли эканлиги билан хабарнинг ёлғон бўлиш эҳтимоли йўқолар экан, Расулуллоҳ(с.а.в)дан ривоят қилинган оҳод хабарга, ёлғондан ростлик жиҳати ғолиб келганлиги учун, амал қилиш қиёс билан вожиб бўлади. Расулуллоҳ(с.а.в)дан оҳод хабарни қабул қилиш ва уни бир ҳукмга далил қилиб келтириш бир кишининг гувоҳлигини қабул қилиб, унга биноан ҳукм чиқаришга ўхшайди. Шунга биноан, Қуръон йўллаган далилга асосланиб, оҳод хабарни ҳужжат қилиш мумкин.
Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Менинг сўзимни эшитиб, уни ёдлаб, уни етказган банданинг юзини Оллоҳ ёруғ қилсин. Шундай фиқҳни етказувчи борки, фақиҳ эмас. Шундай фиқҳни етказувчилар борки, улар фиқҳни ўзидан яхши биладиган кишиларга етказадилар». Расулуллоҳ(с.а.в) «Оллоҳ банданинг юзини ёруғ қилсин» деганларида «банда» лафзини ишлатдилар, бандаларни ишлатмадилар, чунки «банда» сўзи жинс бўлиб, бир кишига ҳам, кўпчиликка ҳам қўлланаверади. Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисни нақл қилишда бир кишини ҳам, кўпчиликни ҳам мақтаяптилар.
Бундан ташқари, Расулуллоҳ (с.а.в) сўзларини ёдлаб, уни етказишга чақирдилар. Бу билан у зотнинг сўзини эшитган бир кишига ҳам, кўпчиликка ҳам уни етказиш вожибдир. Лекин фақатгина у кишининг гапи қабул қилингандагина бу хабарни етказишнинг таъсири бўлади. Расулуллоҳ(с.а.в) тарафидан сўзларини етказишга бўлган даъват, модомики етказилган киши бу Расулуллоҳ(с.а.в)нинг сўзлари эканини тасдиқласа, яъни нақл қилувчи киши нимани етказаётганини, нимани тарк қилаётганини биладиган адолатли, ишончли киши бўлса, шу хабарни қабул қилишга даъватдир. Демак, оҳод хабар очиқ ойдин Суннат билан ҳужжат эканлигига далолатдир.
Бунга қўшимча Расулуллоҳ (с.а.в) 12 подшоҳга уларни Исломга даъват қилиш учун бир вақтнинг ўзида 12 элчи юбордилар. Ҳар бир элчи ўзи юборилган юртга ёлғиз борган эди. Агар даъватни етказишда бир кишининг хабарига эргашиш вожиб бўлмаганда, Расулуллоҳ (с.а.в) ёлғиз одамни юбормасдилар. Бу нарса - оҳод хабар Исломни етказишда ҳужжат бўлиши мумкинлигига далолат қилади. Расулуллоҳ (с.а.в) волийларга бир киши орқали хатларини жўнатардилар. Бирорта волийнинг кўнглига элчи битта бўлганлиги учун у кишининг буйруқларидан бўйин товлаш келмаган, балки пайғамбардан элчи келтирган ҳукм ёки буйруқларни сўзсиз бажарганлар. Бу нарса шаръий ҳукмларга амал қилишда, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг буйруқ ва қайтариқларида оҳод хабарнинг ҳужжат бўлишида Расулуллоҳ (с.а.в)нинг амалларидан олинган очиқ далилдир. Акс ҳолда Расулуллоҳ (с.а.в) волийларига битта элчи юбормас эдилар.
Саҳобалар ўртасида машҳур бўлиб, улардан тарқалган ҳадисларда, агар ровийсига ишонсалар, оҳод хабарларни олганлари маълум. Бу ҳақда саҳобалардан собит бўлган воқеалар жуда кўп. Саҳобаларнинг бирортасидан бир киши айтгани учун оҳод хабарни рад этганлари ривоят қилинмаган. Улар фақат ривоятнинг ровийси ишончли бўлмаганлиги учун рад этганлар. Шунга биноан, Китоб ва Суннат ҳамда саҳобаларнинг ижмои билан шаръий ҳукмларда ва Исломни етказишда оҳод хабар ҳужжат бўлади.»».
Муттақий.
|