Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ ва барокатуҳ.
Арабча яъни шаръий нусусларда “бахиллик” “البخل” –ал бўхлу- ёки “الشح” –аш шуҳҳу- деб келади. Икови ҳам бир маънода. Фақат “аш шуҳҳу” бахилроқ ёки ўта бахил деган маънони ифодалайди. “Бахиллик” молини ўрнига сарфламаслик бўлса, “шуҳҳ” доимий сарфлашдан қочиш ёки бировларнинг молини ўз ўрнига сарфлашдан манъ қилувчига ишлатилади.
“Бахиллик”нинг ҳукми ҳаром, унга одатланган инсон фосиқ бўлади. Унга тарғиб қилган инсон эса, жамиатни бузишга ҳаракат қилаётган фожир ҳисобланади. Инсонлар мол сарфлаш тўғрисида бир неча тоифага бўлинадилар, масалан: ўта бахил(шуҳҳ, яъни хасис), бахил, ўртаҳол(бахил ҳам эмас, саҳий ҳам эмас), саҳий, ўта саҳий(ийсор қилувчи).
Инсон ўзи учун сарфлаши керак бўлган ўринлар бор, масалан; емоқ-ичмоқ ёки кийимларга ёки бошқалар учун сарфлаш керак бўлган ўринлар бор, масалан; қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларга ёрдам қилиш. Энди шу ўринлардан вожибларини тарк қилиш, масалан; силаи-раҳм фарз бўлган қариндошлардан зарурий эҳтиёжларини қондиришга қийналиб қолганда ёрдам қилмаслик, ҳар қандай инсонни ўлим хавфида турган вақтида ёрдам қилмаслик, закотни ёки Исломни олий қилиш учун зиммасидаги вожиб даражадаги маблағни бермаслик ёки ўзини ва қарамоғидагиларнинг зарурий эҳтиёжларига сарфламаслик инсонни “бахил” қилади. Бундан тўсиш, шу вожиботларини адо қилишдан қайтариш ёки бу вожиботлардан баъзисини эмас, балки кўпини қилмаслик “шуҳҳ”, яъни хасиснинг иши ва шу иш инсониятни халокатга олиб келади. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمْ الْمُفْلِحُونَ
– „Ким ўз нафсининг “шуҳҳ”(бахиллиг)идан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар“,[64:16]
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в):
«شَرُّ مَا فِي الرَّجُلِ شُحٌّ هَالِعٌ, وَجُبْنٌ خَالِعٌ»
«Кишидаги энг ёмон нарса ўта хасис ва ўта қўрқоқ бўлишдир», деганлар. Аҳмад, Абу Довуд, ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида.
Жобир (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деганлар:
«… وَاتَّقُوا الشُّحَّ, فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ, حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ»
«... хасисликдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки хасислик сизлардан олдингиларни ноҳақ қон тўкиш, ҳаром ишларни қилишгача олиб бориб, ҳалокатга учратган». Муслим.
Анас (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в):
«اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ الْبُخْلِ …»
«Эй Аллоҳ, мен Сендан бахилликдан паноҳ сўрайман...», деганлар. Муслимдан.
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в):
«… وَلاَ يَجْتَمِعُ شُحٌّ وَإِيمَانٌ فِي قَلْبِ عَبْدٍ أَبَدًا»
«... Банданинг қалбида иймон билан хасислик ҳеч қачон тўпланмайди», деганлар. Аҳмад, ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида ва Ҳоким.
Пайғамбар (с.а.в) Парвардигоридан ривоят қилади:
«مَا آمَنَ مَنْ بَاتَ شَبْعَانَ، وَجَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ وُهُوَ يَعْلَمُ بِهِ»
«Қўшнисининг очлигини била туриб, тўқ ҳолида тонг оттирган одам Менга иймон келтирмабди». Бу ҳадисни Баззор Анасдан ривоят қилган.
Яна:
الوَلَدُ مَبْخَلَة مَجْهَلَة مَجْبَنَة
“бола – бахилликка, жоҳилликка, қўрқоқликка сабаб бўлади” деганлар.
Ҳукамолар; “бахиллик-инсоний сифатларни ўчириб, ҳайвоннинг одатларини барқарор қилишдир” – деганлар.
Ўз ўрнига сарфлаш бойликнинг камайишига эмас, аксинча уни кўпайишига сабаб бўлади.
Аллоҳ Таоло айтади:
َأَمَّا مَنْ أَعْطَى وَاتَّقَى ۩ وَصَدَّقَ بِالْحُسْنَى ۩ فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْيُسْرَى
وَأَمَّا مَنْ بَخِلَ وَاسْتَغْنَى ۩ وَكَذَّبَ بِالْحُسْنَى ۩ فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْعُسْرَى
Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз.
И з о ҳ. Ушбу оятлардан маълум бўлиишча, ким дунё ва охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун осон йўл изласа, у киши уч хислатга эга бўлиши лозим экан: ўз зиммасидаги Аллоҳ таоло буюрган хайр-эҳсонни камбағал бечораларга ато этиш, мудом тақво билан, ёлғиз Аллоҳдан қўрқиб яшаш ва яхши амал учун гўзал мукофот – жаннат бўлишини чин дилдан тасдиқ этиш. Аллоҳ Таоло ана шу уч хислатга эга бўлган кишиларга жаннат йўлини осон қилишга ваъда берди. Энди қуйидаги оятларда юқоридаги хислатларнинг зиддига мубтало бўлган кимсалар ва улар топажак оқибат ҳақида сўз юритилади.
Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз! [92:5-10]
Муттақий.
|