Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ақидада тақлид қилиш мумкин эмас, яъни ҳаром, фақат нақлий мавзулардаги ақида(масалан; жаннат, дўзаҳ ёки қиёмат куни)ни қабул қилишда араб тилини ва усул илмидан хабардор бўлгунгача тақлид қилиш жоиз. Чунки Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида ақидада тақлид қилганларни қоралаб оятлар нозил қилган ва булар ақидада тақлид қилишнинг ҳаромлигига далил бўлади. Улардан баъзилари:
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
“Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?” (2:170)
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا إِلَى مَا أَنزَلَ اللَّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُوا حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْلَمُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
“Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар:«Биз учун ота-боболаримизни ниманинг(яъни қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли»,дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!”(5:104)
بَلْ قَالُوا إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءَنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِمْ مُهْتَدُونَ
“Балки улар (шундай) дедилар: Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат – дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз»”.(43:22)
وَكَذَلِكَ مَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ فِي قَرْيَةٍ مِنْ نَذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَا إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءَنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِمْ مُقْتَدُونَ قَالَ أَوَلَوْ جِئْتُكُمْ بِأَهْدَى مِمَّا وَجَدْتُمْ عَلَيْهِ آبَاءَكُمْ قَالُوا إِنَّا بِمَا أُرْسِلْتُمْ بِهِ كَافِرُونَ
“(Эй Муҳаммад), шунингдек Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огохлантиргувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар. (Шунда пайғамбарлари уларга) «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?» деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар”. (43:23-24)
Ҳозирги кунлардаги мусулмонларнинг кўпчилиги тақлидий иймон билан кифояланишиб келяпмоқдалар. Аммо шариат талаби бўйича Ислом ақидасини ақлий далил асосида ёки асли ақлда асосланган нақл асосида қабул қилиш фарз. Аллоҳ Таоло жоҳилиятдагиларни бир неча оятларда қоралаб келган. Масалан: юқоридаги оятларда; “...оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган...” деб уларни қоралаш билан бирга ақл ишлатишни фарз қиляпди.
Ақл ҳис тушадиган нарсалар(масалан; ризқ ёки ажал Аллоҳ Таолонинг қўлида кабилар)да ишлайди ва ҳисга тушган нарсалардаги Ислом ақидасини далилларини топиш ҳар бир мусулмонга фарз. Нақлийларида эса, ўзи тақлид қилаётган мужтаҳидининг далилига эргашиши кифоя қилади.
Ислом ақидаси Аллоҳга, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, қазо ва қадарнинг яхши-ю ёмони Аллоҳдан эканига иймон елтирмоқдир. Иймоннинг маъноси далил асосида қатъий тасдиқлашдир. Агар тасдиқ далилсиз бўлса, у иймон саналмайди. У фақат далилдан келиб чиқсагина қатъий тасдиқ ҳисобланади. Агар далили бўлмаса, унда у қатъий эмас, фақат хабарлардан бирини тасдиқлашдир, асло иймон деб эътибор қилинмайди. Шунга кўра, тасдиқ қатъий бўлиши учун далил шарт. Шу боис иймон келтириш талаб қилинган ҳар бир нарса учун далил мавжуд бўлиши керак. Далилнинг мавжудлиги тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар иймоннинг асосий шарти ҳисобланади.
Далил ақлий ёки нақлий бўлади. Далилнинг ақлий ёки нақлий бўлишини иймон келтириш талаб қилинаётган мавзунинг воқеси белгилайди. Агар мавзу ҳис идрок қила оладиган маҳсус(ҳис этиладиган) воқелик бўлса, унинг далили ҳам ақлий бўлади, нақлий эмас. Агар мавзу ҳис идрок қила олмайдиган воқелик бўлса, унинг далили нақлий бўлади. Бу нақлий далилнинг ўзи ҳис идрок қиладиган далил бўлганлиги учун уни асли ақлий далил билан юзага келишига асосланиб, иймон учун яроқли далил деб эътибор қилиш лозим.
Аллоҳга бўлган иймоннинг далили ақлийдир. Чунки унинг мавзуси ҳис идрок қила оладиган маҳсус воқеликдир. Бу, яъни ҳис орқали идрок қилинган мавжудотларнинг яратувчиси борлигидир. Аллоҳ Таоло айтади:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ
“ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг”. [47:19]
Аммо фаришталарга бўлган иймоннинг далили нақлийдир. Чунки фаришталарнинг мавжудлигини ҳис идрок қила олмайди. Уларнинг зотини ва уларга дахлдор бирор нарсани идрок қилиб бўлмайди.
Аммо китобларга бўлган иймонда қаралади: агар иймон талаб қилинган нарса Қуръон бўлса, унинг далили ақлийдир. Чунки Қуръон ва унинг мўъжизалиги ҳар бир асрда ҳис қилинадиган ва идрок қилинадиган нарсадир. Агар иймон талаб қилинган нарса Таврот, Инжил, Забур каби китоблар бўлса, унинг далили нақлийдир. Чунки бу китобларни ҳар бир асрда Аллоҳ тарафидан эканлигини идрок қилиш мумкин эмас. Унинг Аллоҳ тарафидан эканлигини мўъжизаларни олиб келган ўша расул яшаган замондагина билиш мумкин. Бу мўъжизалар ўша пайғамбар ўтиши билан ниҳоясига етган. Бу мўъжизаларнинг эгаси ўтиши билан уларни идрок қилиб бўлмайди. Балки уни Аллоҳдан эканлиги ва у ўша пайғамбарга нозил қилинганлигини айтувчи хабар нақл қилинади. Шунинг учун унинг далили ақлий эмас, нақлийдир. Чунки ақл уни ҳар бир асрда Аллоҳнинг каломи эканлигини, унинг мўъжизалигини идрок қила олмайди. Пайғамбарларнинг барчасига бўлган иймон ҳам худди шундай. Пайғамбар Муҳаммад(с.а.в)га бўлган иймон ақлийдир. Чунки Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлиги, уни Муҳаммад(с.а.в) олиб келганлиги ҳис идрок қила оладиган нарсалардандир. Қуръонни идрок қилишдан Муҳаммад(с.а.в) Аллоҳнинг расули эканлигини билиш мумкин. Бу нарса ҳар бир асрда ҳар бир авлодга мумкин бўлган ишдир. Аммо бошқа пайғамбарларга бўлган иймоннинг далили нақлийдир. Чунки пайғамбарларнинг нубувватига далил уларнинг мўъжизаларидир. Бу мўъжизаларни эса ўша замонда яшамаган кишилар ҳис қилолмайдилар. Улардан кейин келган одамлар ва қиёматгача келадиган одамлар бу мўъжизаларни ҳис қилолмайдилар. Шундан уларнинг пайғамбарлигига ҳис этиладиган далил ҳам, ақлий далил ҳам қоим бўлмайди. Шу боис улар пайғамбарлигининг далили нақлийдир. Аммо саййидимиз Муҳаммад(с.а.в)нинг пайғамбарлигига далил мавжуд, бу Қуръондир. Шунинг учун унинг далили ақлийдир.
Аммо охират кунига бўлган далил нақлийдир. Чунки қиёмат куни ҳис қилинадиган нарса эмас. Унга далолат қилишда ҳис қилинадиган нарса ҳам мавжуд эмас. Унга ақлий далил мавжуд эмас, балки далили нақлийдир. Аммо қазо ва қадарнинг далили ақлий. Чунки қазо инсондан беихтиёр юз берадиган ёки унга мажбуран тушадиган ишлардир. У ҳис қилинадиган иш бўлиб, уни ҳис орқали идрок этиш мумкин. Шунинг учун далили ақлийдир. Қадар эса инсон нарсаларда содир қиладиган хусусиятлардир. Ўтда ёндириш, пичоқда кесиш каби. Бу хусусиятлар ҳис этиладиган нарса бўлиб, ҳис уни идрок қила олади. Демак, қадарнинг далили ақлийдир. (“исломий шахсия” 1чи китобидан муфассал ўрганишингиз мумкин).
Муттақий.
|