Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонининг иккинчи валиаҳд шахзодаси ва мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз ас-Саудий билан Сочида учрашди. Учрашув чоғида Сурия масаласида ҳарбий ва разведка соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Бу ҳақида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашув ортидан ташкил қилинган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Россия кучлари Сурияда ҳужумга тутган нуқталар борасида Саудия Арабистонининг хавотирлари ўринлидир. Бу соҳада ўзаро тушунмовчилик юзага келмаслиги учун улар билан ҳарбий ва разведка соҳаларида имконият борича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигимизни билдирдик”, деди Россия ташқи ишлар вазири.
Россия Сурия масаласида Саудия Арабистони билан шу вақтгача ҳам ҳамкорлик қилиб келаётганини айтиб ўтган Лавров “Суриядаги террорчилар (мужоҳидлар) мақсадига эришмаслиги ва мамлакатда миллий келишувни вужудга келтириш борасида ҳамфикрмиз”, “Бугунги учрашув ортидан сиёсий ечимга қандай эришиш борасида бир-биримизни яна ҳам яхшироқ тушуниб боряпмиз”, дея қайд этди.
Саудия Арабистонига қарашли “SPA” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, учрашувда минтақавий ва халқаро ўзгаришлар билан бир қаторда Сурия масаласи ҳам муҳоқама қилинган. Ибн Салмонга кўра, Сурия масаласи Женева-1 битимига биноан ҳал қилиниши лозим.
“Саудия Арабистони Сурия халқининг талаблари рўёбга чиқарилиши ва Сурия инқирози Женева-1 тамойилларига мувофиқ ҳал қилиниб, халқ инқилобига якун ясаш тарафдоридир”, деди ибн Салмон.