Strategic Defense Intelligence консалтинг фирмаси Ўзбекистоннинг ҳарбий-саноат комплекси истиқболига оид маълумотлар ва 2019 йилгача бўлган прогнозларни эълон қилди.
Қайд этилишича, 2010-2014 йилларда республиканинг ҳарбий-саноат комплексида ўсиш суръати 11,65 фоизни ташкил этиб, $1,4 млрд.дан $2,2 млрд.га етган. 2015 йилда бу кўрсаткич $2,4 млрд. бўлиши кутилмоқда.
Экспертларнинг фикрига кўра, 2019 йилга бориб ушбу кўрсаткич $3,4 млрд.га етади, йиллик ўртача ўсиш эса 9,48 фоизга тенг бўлади.
Туркистон:
Жорий йилнинг ёз ойларида Global Firepower Index (Глобал ҳарбий қувват индекси) эълон қилган рейтингида Ўзбекистон қуролли кучлари 106 та давлат орасида 48-ўринни эгаллашини маълум қилган эди.
Мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг ҳарбий қуввати собиқ иттифоқ ҳудудида Россия (2-ўрин) ва Украина (21-ўрин)дан кейин 3-ўринни эгаллаган эди.
Аммо бундай рейтинглар фақатгина ахборот берувчи аҳамиятга эга бўлиб, қуролли кучларнинг асл лаёқотини акс эттирмайди. Яъни, аскар ва офицерларнинг малака даражаси, ҳарбий техника ҳолати, жангчиларнинг руҳий ҳолати каби муҳим омиллар ҳисобга олинмайди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳарбий ҳаражатларни йил сайин ошириб боргани билан, бу ҳаражатлар қурол-яроқ ёки ҳарбийларни малакасини оширишга эмас, балки уларнинг моддий қўллаб-қувватлашгагина сарфланади. Ўзбекистонда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни кучлилигига сабаб ҳам улар оладиган маошни оддий ишчи ва хизматчиларникига қараганда сезилари даражада баландлиги ва бошқалардан фарқли равишда, уларнинг маошлари пластик картага ўтказилмасдан нақд тўланишидадир. Бундан ташқари расмий ҳукумат ҳарбийлар сонини кескин қисқартириб ташлади. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 80 мингдан 48 минга туширилди.
Каримов ўз “раҳнамолигида” олиб бораётган “одил ва оқил” сиёсати натижасида ҳарбийлардан кўра кўпроқ Ички ишлар вазирлиги ходимларига эҳтиёж кучайиб кетган. Шунинг учун ҳам бугунги кунга келиб уларнинг сони 150 мингдан ошиб кетди. Уларни таъминлаш учун қанча маблағ сарфланиши эса сирлигича қолмоқда.